23:04 / 25.09.2018
15399

Ўзбекистонда 2 500 га яқин бола бепул таълим ва тиббий хизматлар ҳуқуқидан маҳрум

ФҲДЁ органларида тизимли текшириш натижасида мамлакатимизда, асосан чекка ҳудудлар аҳоли пунктларида, турли сабаблар ҳамда ҳуқуқий билимлари етарли даражада бўлмаганлиги учун, ота-оналар томонидан  фарзандларини ўз вақтида рўйхатдан ўтказмаганлиги ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни олмаганликлари аниқланди. Давлат хизматлари Агентлиги матбуот хизмати шу ҳақидаги хабари билан бўлишди. 

Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида, мамлакатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг июнь ойида тегишли қарор имзоланди. Унга кўра, ҳокимият, хотин-қизлар, ФҲДЁ, халқ ва мактабгача таълим бўлимлари, туман тиббиёт бирлашмалари ҳамда бошқа манфаатдор органларнинг вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ шакллантирилиши белгиланди. 

Ишчи гуруҳлар билан биргаликда жойлардаги Давлат хизматлари марказлари ходимлари ҳар бир маҳаллада уйма-уй юришибди. Бугунги кунгача, улар қарийб 48 000 га яқин оилани ўрганишди. Уйма-уй юриш натижасида 2 457 нафар рўйхатдан ўтмаган бола ҳамда 1 053 та қайд этилмаган никоҳ билан яшаб келган оила аниқланди. 

Тасаввур қилинг, 2 500 га яқин бола республикамизнинг Конституцияси ва қонунларида белгиланган ўз ҳақ-ҳуқуқларидан тўлиқлигича фойдаланиш имкониятига эга эмас! Улар бепул таълим ва тиббий ёрдам каби муҳим ҳуқуқлардан маҳрум.

Дам олиш кунларида чекка ҳудудларнинг аҳолиси учун мобил давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Айнан мобил давлат хизматлари кўрсатилиши натижасида фуқароларимизга бугунги кунгача 2 мингга яқин ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлар топширилди. Уларнинг 90 %дан ортиғини — туғилганлик ҳамда никоҳ тўғрисидаги гувоҳномлар ташкил этди. 

"Ҳурматли фуқаролар! 2019 йилнинг 1 июлига қадар Давлат хизматлари агентлиги томонидан гувоҳномаси бўлмаган болаларни аниқлаш ва кейинчалик уларга мазкур ҳужжатни бериш  мақсадида Ўзбекистон бўйлаб тадбирлар ўтказиляпти. Ахир айнан шу ҳужжат болани у ёки бу давлат фуқаролигига мансуб эканлигини тасдиқлайди. 

Биз «Бирорта ҳам бола қайд этилмасдан қолиши мумкин эмас» ва «Туғилганликни қайд этилиши — бола ҳуқуқларини рўёбга чиқарилишининг ва фуқаролик бўлмаслигининг олдини олишнинг ҳуқуқий асосидир» деган эзгу ғояларга амал қиламиз. 

Агар Сиз ёки Сизнинг яқинларингиз ёхуд танишларингиз бундай муаммога дуч келган бўлса, Давлат хизматлари агентлигининг 1148 ишонч телефонига қўнғироқ қилишингизни илтимос қиламиз.

Эслатиб ўтамиз, мазкур хизматлар бепул кўрсатилади. Сиз фақат герб йиғими учун энг кам ойлик иш ҳақининг 15 % миқдорида тўлов тўлашингиз керак бўлади. Ҳозирда бу 27 645 сўмни ташкил этади", дейилади манбада.

Маълумот учун: Герб йиғими давлат ҳужжатларида ишлатиладиган, давлат герби ифодаланган махсус қоғоз ишлатилгани учун ундирилади.

Top