07:34 / 01.10.2018
10909

Мактабгача таълим вазирлиги негизида янги марказ, институт ва жамғарма ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги негизида қуйидагиларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди:

а) Ахборот ва педагогика технологиялари инновацион марказини давлат муассасаси шаклида ташкил этиш ҳамда унга қуйидаги вазифаларни юклаш:

таълим-тарбия жараёнига илғор педагогика ва ахборот технологияларини жорий этиш, Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимининг жорий этилишини таъминлаш;

таълим-тарбия жараёнида, мактабгача тарбия тизимининг педагог ва раҳбар ходимлари таркибини ўқитиш жараёнида фойдаланиш ҳамда турли телекоммуникация каналлари орқали тарқатиш учун медиа-контент тайёрлаш ва ишлаб чиқариш;

мактабгача таълим муассасалари учун ўқув-методик, дидактик материалларни тайёрлаш ва ишлаб чиқариш;

мактабгача ёшдаги болаларни эрта ривожлантириш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш;

мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

мактабгача таълим тизимига жорий этилаётган таълим усуллари ва дастурларини таҳлил қилиш ва самарадорлигини баҳолаш;

б) Ихтисослаштирилган лойиҳа-изланиш институтини давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этиш ҳамда Институтни мактабгача таълим тизими буюртмачилари билан тузилган шартномаларга мувофиқ инвестиция лойиҳалари бўйича, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда бош лойиҳа ташкилоти сифатида белгилаш;

в) Инфратузилмани ривожлантириш бўйича инжиниринг компаниясини давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этиш ҳамда Инжиниринг компаниясига мактабгача таълим тизими объектларини қуриш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича буюртмачи функцияларини юклаш ҳамда компания хизматлари билан боғлиқ харажатларни давлат мактабгача таълим муассасаларини қуриш, капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш қийматига киритиш;

г) юридик шахс ташкил қилмасдан Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш.

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланди:

Республика бюджети маблағлари, шу жумладан, 2018-2019йилларга мўлжалланган, ҳар чоракда ажратилиб, ҳар йили бюджет қоидаларига мувофиқ индексацияланадиган жами 100 миллиард сўм миқдорида;

давлат мактабгача таълим муассасаларининг фойдаланилмаётган кўчмас мулкини сотишдан тушган маблағлар – 100 фоиз миқдорида;

Вазирлик тузилмасига кирган ташкилотлар ва муассасалар фаолиятини текшириш натижалари бўйича Вазирлик ички аудит хизматлари томонидан аниқланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, мақсадли жамғармалари ва бюджетдан ташқари жамғармалари даромадига ундирилган бюджет маблағларининг ноқонуний харажатлари, ўғирлик, камомад суммаларининг 50 фоизи;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг хайрия маблағлари;

халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорлар кредитлари (қарзи), грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгилаб қўйилишича:

а) Жамғарма маблағлари:

мактабгача таълим муассасаларини белгиланган тартибда мақсадли қурилишлар рўйхатига киритиб, уларнинг тармоғини кенгайтиришга;

мактабгача таълим тизими ходимларини моддий рағбатлантиришга;

юқори малакали мутахассислар, шу жумладан, хорижий мутахассисларни, шунингдек, хорижда фаолият юритаётган ватандошларимизни фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида Вазирликка ишлаш учун жалб қилишга;

Вазирликка юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида давлат органлари ва ташкилотлари, лойиҳа институтлари, илмий ва олий таълим муассасалари, етакчи халқаро ва хорижий ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек, экспертларни маслаҳатчилар сифатида жалб қилишга;

Вазирлик ходимларини, жумладан, хорижда ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилишга;

Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоят мактабгача таълим бошқармалари ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси, мактабгача таълим туман (шаҳар) бўлимлари ва давлат мактабгача таълим муассасалари биноларини жиҳозлаш ва таъмирлашга;

таълим-тарбия жараёнига илғор педагогика ва ахборот технологияларини жорий этиш, шунингдек, Вазирлик фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган бошқа тадбирларга сарфланади;

б) Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан келишган ҳолда Жамғарма томонидан хорижий давлатлар ва ҳукуматлардан, халқаро ва хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларидан, чет эллик фуқаролардан беғараз ёрдам олиниши ҳақида қарорлар қабул қилади.

Top