18:19 / 03.10.2018
32410

101 нафар ўзбек ҳарбий асири: улардан бирининг шахси борасида тахминлар илгари сурилди 

Бугун, 3 октябрь куни Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида жойлашган вилоят “Ёшлар маркази” мажлислар залида Голландиядаги Амерсфорт концентрацион лагерининг 101 нафар ўзбек ҳарбий асирлари хотирасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда тадқиқотчи ва ёзувчи Ремко Рейдинг бошчилигидаги Нидерландия делегацияси аъзолари, нуронийлар, ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда KUN.UZ’га вилоят Ёшлар иттифоқи Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Қашқадарё вилояти Ёшлар Иттифоқи Матбуот хизмати

- Йигирма йил муқаддам Голландиядаги совет ҳарбий қабристонида 865 нафар номаълум аскар кўмилгани, уларнинг 101 нафари ўзбек асирлари эканини билдим, - дейди Ремко Рейдинг. – Маълум бўлишича, 101 аскар Германиянинг Собиқ Иттифоқ ҳудудига бостириб кирганининг биринчи ҳафтасида Смоленск яқинида асирга олинган ва улар ташвиқот мақсадида нацистлар томонидан босиб олинган Голландияга юборилади. Фашистлар оч осиёликлар емак учун бир-бири билан қандай уришиб-талашишини кинокамерага тасвирга олишни исташади. Бироқ ўткир тиканли панжара ортидан улоқтирилган нонни асирлар ўзаро тенг бўлиб ейишгани уларнинг ҳафсаласини пир қилади.

Фото: Қашқадарё вилояти Ёшлар Иттифоқи Матбуот хизмати

Делегациянинг асосий мақсади — 101 аскар қариндошларини топишдан иборат. Бунинг учун олим Қарши, Бухоро, Самарқанд ва Чирчиқдаги архив маълумотларини ўрганишни бошлаган. 

Лагерда асирда бўлган голландиялик битта маҳбус томонидан чизилган 9 та портретдан фақат иккитагинасида “Ҳотам Қодиров” ва “Зойир Муродов” исмлари ёзилганди. Изланишлар натижасидаги тахминларга кўра, Зойир Муродов қашқадарёлик бўлиши мумкин. 

Фото: Қашқадарё вилояти Ёшлар Иттифоқи Матбуот хизмати

“Қонли уруш машаққатларига мардонавор бардош берган аждодларимизнинг яқинларини топишда ва уларнинг номлари тикланишида барчани фаолликка чорлаб қоламиз!”, дейди Ремко Рейдинг.

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири

Top