Жаҳон | 22:09 / 08.10.2018
19467
9 дақиқада ўқилади

Аун Сан Су Чжи - тинчлик бўйича Нобель мукофотидан қатлиомгача

«Бугун буюк мукофот, тинчлик учун Нобель мукофотини онам, Аун Сан Су Чжи номидан олиш учун қаршингизда турибман. Онам шахсан ўзи бу ерда бўлишига вазият имкон бермайди, шунинг учун у айтиши мумкин бўлган миннатдорлик сўзларини сизларга етказишга ҳаракат қиламан. Биринчидан, онам нутқини бу мукофот ўзига эмас, бутун Бирма халқига берилган мукофот эканлигини айтишдан бошлаган бўларди. У бу мукофот Бирмада демократия ўрнатилиши учун ўз фаровонлиги, озодлиги ва ҳаётини қурбон қилаётган барча эркаклар, аёллар ва болаларга тегишли эканини айтган бўларди».

1991 йил 10 декабрда тинчлик бўйича Нобель мукофотини топшириш маросимида «демократия ва инсон ҳуқуқлари йўлида курашгани учун» Нобель мукофотига лойиқ кўрилган бирмалик диссидент Аун Сан Су Чжининг ўғли Александр Арис ўз нутқини шу сўзлар билан бошлаганди. Аун Сан Су Чжининг ўзи бу вақтда Мьянмада уй қамоғида эди.  У ўша пайтда узоқ йиллар ҳибсда бўлишини ва 2010 йилда мамлакатдаги энг таъсири кучли шахсга айланишини билмасди. Аун Сан Су Чжи нафақат ўз мамлакати, балки бутун дунёда озодлик рамзига айланганди.

Узоқ йиллик уй қамоғи

У 1945 йилда Бирма мустақиллиги учун курашган оила, мамлакат қаҳрамони генерал Аун Сан ва сиёсатчи ҳамда дипломат Хин Чжи оиласида дунёга келган. У икки ёшлигида отаси ўлдирилади, ўн беш ёшга тўлганида онаси элчилик қилаётган Ҳиндистонга келади ва Нью-Деҳлидаги коллежда ўқийди.

Сўнгра Аун Сан Су Чжи таҳсил олиш учун Буюк Британияга йўл олади. У Оксфордда фалсафа, сиёсат ва иқтисодиёт бўйича билим олади, уч йил Нью-Йоркда, БМТ қароргоҳида ишлайди. Кейин тибетшунос Миъаэл Айрисга турмушга чиқади ва икки фарзандли бўлади. 

1988 йил ёзда Аун Сан Су Чжи бемор онасини кўриш учун Бирмага қайтади. Бир неча ҳафтадан сўнг, 8 августда мамлакатда ҳукмрон партияга қарши талабалар исёни бошланади. Икки ҳафтадан кейин мамлакат пойтахтида ярим миллионга яқин киши намойишга тўпланади ва улар олдида Аун Сан Су Чжи биринчи сиёсий нутқини сўзлайди. Яна бир ойдан сўнг у «Демократия учун миллий лига» партияси раҳбарига айланади.

Аун Сан Су Чжи
Фото: Dominic Faulder

1989 йил июлда у уй қамоғига олинади. Бир йилдан сўнг унинг партияси парламент сайловларида кўп овоз олади, аммо ҳукумат овоз бериш натижаларини бекор қилади. Аун Сан Су Чжи 21 йил давомида бир неча марта озод этилади ва яна ҳибсга олинади. У сўнгги бор 2010 йил ноябрда озодликка чиқади. Бундан бир неча кун аввал мамлакатда 20 йил ичидаги илк демократик сайловлар бўлиб ўтганди. Ўшанда Аун Сан Су Чжи партияси сайловларга қўйилмаганди, аммо орадан беш йил ўтиб ҳукумат тепасига «Демократия учун миллий лига» партияси келди.

Аун Сан Су Чжи ҳукуматга раҳбарлик қилолмасди (унинг фарзандлари Британия фуқароси бўлганлиги бунга халақит берган) ва 2016 йилда унинг учун алоҳида Мяньма давлат маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Шундай қилиб Аун Сан Су Чжи амалда давлат раҳбарига айланди.

Қатлиом ва юз минглаб жабрдийдалар

2010 йиллар ўрталарида Мьянмада роҳинжалар ва араканлар (ислом ва буддизмга эътиқод қилувчи этник гуруҳлар) ўртасида тўқнашувлар кучайди. 2016 йилдан Мьянма армияси уларнинг низоларига очиқчасига аралаша бошлади. 

Мьянмада роҳинжа аҳолиси мамлакат фуқаролари деб ҳисобланмас, улар Бангладешдан кириб келган ноқонуний муҳожирлар деб аталарди. Улар асрлар оша шу минтақада истиқомат қилиб келганига қарамай, фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум этилганди.

Мьянма ҳукуматининг ҳаракатлари Ғарбнинг кескин танқидларига сабаб бўлди. 2017 йил мартда роҳинжалар билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун комиссия тузишга қарор қилинди, аммо Мьянма халқаро инспекторларни мамлакатга киритишдан бош тортди.

2017 йил 25 август куни Аракан Роҳинжа озодлик армияси исёнчилари 30 та полиция блок постлари ва армия базасига ҳужум қилиши оқибатида икки томондан жами 71 киши қурбон бўлди.

Женевада БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 39-сессияси очилишида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад Ал-Ҳусайн Мьянманинг Ракхайн штатидаги роҳинжаларга нисбатан зўравонликни этник тозалаш деб атади.

"Мьянма инсон ҳуқуқлари соҳасидаги терговчиларни мамлакатга қўйишдан бош тортар экан, ҳозирги вазиятни тўлиқ баҳолаб бўлмайди, бироқ бу вазият китобларда қайд этилган этник тозалаш тушунчасига тўғри келади", - деди у.

Орадан деярли бир ой ўтиб Бангладеш бош вазири Ҳасин Вазид БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиядаги умумсиёсий муҳокамаларда 800 мингдан ортиқ мяньмалик роҳинжа мусулмонлари Бангладешга қочиб келганини маълум қилди.

"Биз Мьянма ҳукуматининг ўз чегара ҳудудида роҳинжалар қайтиб бора олмасликлари учун мина ётқизаётганини даҳшат билан кузатяпмиз", - деди Бангладеш ҳукумати раҳбари. Унинг сўзларига кўра, "роҳинжалар юзлаб йиллар мобайнида яшаган ўз ватанларидан этник тозалашлар сабабли қочмоқда".

2018 йилнинг 25 августида БМТ Мьянма ҳарбийлари қатлиом мақсадида мусулмон роҳинжа халқини оммавий равишда қиргани ва зўрлаганини маълум қилди.

Аун Сан Су Чжи
Фото: REUTERS

Ҳужжатда қайд этилишича, давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи бошчилигидаги фуқаролик ҳукумати камсонли халққа нисбатан нафрат тарғибот қилинишига рухсат берган, ҳужжатларни йўқ қилган ва роҳинжаларни ҳарбийларнинг уларга қарши жиноятларидан ҳимоя қилмаган. Ҳукумат шу тарзда ёвузликларга ўз ҳиссасини қўшган.

Ракхайн штатидаги жиноятлар ва уларнинг содир этилиш услублари хусусияти ва жиддийлиги жиҳатидан қатлиом ўтказиш мақсади билан бир хил, деб ҳисоблашди экспертлар.  

Шунингдек, Мьянма ҳукумати журналист ва фаолларни таъқиб қилишда ҳам айбланди. Хусусан, шу йилнинг сентябрь ойи бошида Мьянмадаги суд Reuters ахборот агентлигининг икки нафар журналистини етти йилга озодликдан маҳрум қилди.

Журналистлар роҳинжа халқининг аҳволини ёритишган. Улар ноқонуний равишда яширин маълумот олишда айбдор деб топилди. Прокурорлар маълумотига кўра, мухбирлар махфий давлат ҳужжатларини ўзлаштирган.

Йўқолган обрў

Бу воқеалар Аун Сан Су Чжига бўлган муносабатни кескин ўзгартирди. Танқидчилар у инсон ҳуқуқлари учун курашувчи шахс сифатидаги обрўси ва нуфузини йўқотганини қайд этишди.

The New York Times’нинг ёзишича, Аун Сан Су Чжи ҳокимият тепасига келганидан сўнг «диктаторлик хусусиятларини» намоён эта бошлаган. Нашрнинг ёзишича, у ақлга сиғмайдиган баёнотларни берган (масалан, мамлакатнинг 90% аҳолисини ташкил этувчи буддавийлар «мусулмонлар глобал таҳдиди»дан қўрқувда яшаётганини айтган), аммо бу сўзлари унинг «фариштасифат» қиёфаси боис эътиборсиз қолган.  

Фото: New York Times

2018 йилнинг 3 октябрь куни Аун Сан Су Чжи Мьянмада роҳинжаларнинг қатлиом қилинишига бефарқ бўлгани учун Канаданинг фахрий фуқароси унвонидан маҳрум этилди – бу унвон унга 2007 йилда берилганди.

«Ўз даврида у инсон ҳуқуқлари учун кураш тимсоли бўлганди. Дунё унга Мьянмада демократия ва тинчлик ўрнатилиши гарови сифатида катта умидлар билан қараганди. Эндиликда эса бундай бўлмаганини кўриб турибмиз», — деди Аун Сан Су Чжини Канада фуқаролигидан маҳрум этишни таклиф қилган сенатор Ратна Омидвар.

Мьянма етакчисини тинчлик бўйича Нобель мукофотидан ҳам маҳрум қилиш таклиф этилганди, аммо Нобель қўмитаси бундай қилинмаслигини билдирди. Нобель жамғармаси ижрочи директори Ларс Хайкенстен Аун Сан Су Чжи Мьянмада содир бўлган воқеаларда қисман айбдор эканлигини ва бу «ўта қайғули» ҳолатлигини билдирди, аммо ундан мукофотни олиб қўйишдан маъно кўрмаётганлигини айтди.

«Бундай қилишимиз кишилар мукофот олганидан сўнг ўзларини қандай тутганлари ҳақида доимий баҳс-мунозара юритишимизга олиб келади. Мукофот олганидан сўнг хатти-ҳаракатлари номаъқул туюлган ёки нотўғри бўлган Нобель мукофоти лауреатлари ҳар доим бўлган ва бўлади. Бундан қутулишнинг имкони йўқ деб ўйлайман», - деди Хайкенстен.

Мавзуга оид