Intel компанияси 9-авлоддаги Core процессорларини тақдим қилди.
Янги қаторнинг флагмани Intel Core i9-9900K ҳисобланиб, компания уни энг яхши “ўйин процессори” деб атаган. Ушбу процессор 8 та ядро ва базавий частотаси 3,6 ГГц бўлган 16 та оқимдан иборат.
Шунингдек, Core i7 ва Core i5 процессорларининг 9-авлоди тақдим қилинган. Янги i7-9700K 8 та ядро ва базавий частотаси 3,6 ГГцли 8 оқимдан, янги i5-9600K 6 та ядро ва 3,7 ГГцли 6 та оқимдан иборат.
Компанияда таъкидланишича, янги процессорларда ишловчи тизимлар ўйинларда кадрлар частотаси кўрсаткичининг 35-45 фоиз кўпроқ бўлишини таъминлайди.
Процессорларни буюртмалар бўйича етказиб бериш ва савдоси 19 октябрдан бошланади. Core i5-9600K нархи 262 доллар, Core i7-9700К’ники 374 доллар, Core i9-9900К’ники эса 488 долларни ташкил қилади.