Жаҳон | 01:41 / 11.10.2018
6127
2 дақиқада ўқилади

Перуда собиқ президент Фухиморининг қизи ҳибсга олинди 

Перу президентлигига собиқ номзод, мамлакатдаги йирик сиёсий партиялардан бири “Халқ кучи” етакчиси Кейко Фухимори пул ювиш айблови билан ҳибсга олинган. Бу ҳақда Фухиморининг адвокати Жулиана Лоса маълум қилган. 

Лосанинг айтишича, Кейко Фухиморига нисбатан 10 кунлик ҳибсга олишга  ордер берилган, сўнгра суд унинг тақдирини ҳал қилади. Таъкидланишича, Фухимори прокуратурага кўрсатмалар бергани келганда ҳибсга олинган.  

Кейко Фухимори 1990 йилдан 2000 йилгача Перуни бошқарган собиқ президент  Альберто Фухиморининг қизи ҳисобланади. 

Таъкидланишича, Кейко Фухиморининг ҳибсга олиниши Бразилиянинг Odebrech қурилиш компанияси иши билан боғланган.

El Comercio нашрининг маълум қилишича, терговчилар 2011 йилги сайловолди кампанияси вақтида Кейко Фухимори ва унинг партияси Бразилия фирмасидан ноқонуний олинган маблағларни сарфлаганини гумон қилишмоқда. Аёл сиёсатчидан ташқари 19 киши ушбу иш бўйича ўтмоқда. Уларнинг ҳам ҳибсга олинишига ордерлар берилган.

2016 йил декабрда АҚШ адлия вазирлиги Odebrecht ва Braskem нефть-кимё компанияси айбларини тан олиб, улардан коррупция иши бўйича айбловлар олиниши учун АҚШ, Бразилия ва Швейцарияга 3,5 млрд доллар тўлашга рози бўлганини маълум қилган. Odebrecht баёнотида айтилишича, компания 2001 йилдан 2016 йилгача давр ичида 12 та давлатда 788 млн доллар миқдорида пора берган.   

Мавзуга оид