19:40 / 11.10.2018
6881

Ўзбекистон Инсон капиталини ривожлантириш лойиҳасини қўллаб-қувватловчи 27 давлат қаторига қўшилди

Фото: Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

Жаҳон банкининг бугун эълон қилинган янги тадқиқот натижалари ҳукуматларга болалар саломатлигини сақлаш ва уларга таълим беришга оид энг яхши натижалар келгусида аҳоли ва мамлакатлар даромадларини сезиларли даражада ошириши мумкинлигини намойиш қилмоқда.

Индонезиядаги Бали оролларида Жаҳон банки ва Халқаро валюта фонди йиғилиши доирасида тақдим этилган Инсон капитали индекси бугун сайёрада туғилган 56 фоиз боланинг ҳаёти давомидаги умумий даромади ўртачадан паст бўлишини намойиш қилмоқда.

Бунга сабаб - ҳукуматларнинг ўз мамлакати аҳолисига киритаётган сармояларнинг паст самарадорлиги, бу эса келажак касблари учун тайёр соғлом, билимли ишчи кучини шакллантириш йўлида хизмат қилмайди.

Соғлиқ, билим ва кўникмаларни ўз ичига олган инсон капитали XX асрда дунёнинг кўплаб мамлакатларида, айниқса Осиёдаги иқтисодий ўсиш ва қашшоқлик кўламининг қисқаришига туртки берган асосий омиллардан бири бўлган.

Инсон капитали индексида қуйидагилар инобатга олинади:

  • Омон қолиш;
  • Таълим;
  • Соғлиқ.

Индекснинг биринчи нашрида 157 давлат рейтинги тақдим этилган. Инсон капиталига бошқалардан кўпроқ сармоя киритаётган энг фаол мамлакатлар бешлигидан Сингапур, Жанубий Корея, Япония, Ҳонконг ва Финляндия ўрин олган. Рейтингда шунингдек Марказий Осиёнинг уч давлати натижалари келтирилган - Қозоғистон (31-ўрин), Қирғизистон (76) ва Тожикистон (89).

"Ўзбекистон ҳукумати иқтисодий трансформация ва мамлакат келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган инсон капитали ривожига давлат инвестицияларини киритиш заруратини тан олади, - дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори. - Биз Ўзбекистонни Инсон капиталини ривожлантириш лойиҳасини қўллаб-қувватловчи дунёнинг қолган 27 мамлакатига қўшилган Марказий Осиёдаги биринчи мамлакат бўлгани билан олқишлаймиз".

Top