11:00 / 14.10.2018
12142

«Чемпион ҳикоялари». Эдин Жеко Манчестер ва Римдаги тирилиш, болалик хотиралари ва Шевченко ҳақида

Биз тамом бўлдик! Захира ўриндиғида ўйинни кузатиб ўтирар эканман, хаёлимдан фақат шу фикрлар кечаётганди.

Учрашувдан олдин ҳаммамиз «Манчестер Сити»ни чемпион «қилиб қўйгандик». «КПР» лигадан тушиб кетмаслик учун курашаётганидан хабаримиз бор, аммо биз кучлироқ эканимизни билиб турардик. Майдонга тушиб, ғалаба қозонсак бўлди – биз Премьер Лига чемпионларимиз. Биз совринни қўлдан чиқаришимиз мумкинлигига ҳеч ким ишонмасди.

Ўйин бошланди. Ҳаммаси сокин. 39-дақиқада ҳисоб очилди. Биз олдиндамиз. Чемпионлик деярли чўнтакда. 

Лекин иккинчи бўлим бошидаёқ улар ҳисобни тенглаштиришди. Кейин рақиб таркибидан бир футболчи майдондан четлатилди ва биз бир киши кўп бўлиб ўйнай бошладик. Дуранг асло бизни қониқтирмас,«Манчестер Юнайтед»ни чемпионга айлантирарди. Кутилмаганда, улар иккинчи голни ҳам уришди. Ҳаммаси 18 дақиқа ичида содир бўлди. Даҳшат!..

Эсимда, иккинчи голдан кейин Роберто Манчини майдон четида туриб, жаҳл отига минган, ҳеч ким билан гаплашмай, фақат сўкинарди. Ҳаммаси тамом бўлди, деб ўйлай бошладим. Биз ажойиб мавсум ўтказдик, лекин сўнгги ўйиндаги босимни енга олмадик. Энди эса, ҳаммасини бир неча дақиқада бой бериб қўйишимиз мумкин, тушуняпсизми?

Ниҳоят Манчини мени олдига чақирди ва майдонга тушишимни айтди. Бутун жамоа бўлиб, ҳаракат қилишни бошладик. Жуда кўп ҳужумлар уюштирар, аммо тўп ҳеч рақиб дарвозасига бормасди. Баъзида шунақаси ҳам бўлиб туради. 88-дақиқа, 90-дақиқа... тамом бўлдик биз! Вақт тугади. Адашмасам, беш дақиқа қўшиб берилди. Агар PlayStation ўйнаб юрган бўлсангиз, биласиз, агар 91-дақиқада ютқазиб турган бўлсангиз, ғалаба қозонишнинг умуман иложи йўқ. Биз эса, майдондамиз ва бошқа имкониятимиз йўқ.

Бурчак тўпи белгиланди. Давид Сильва тўпни узатди. Мен бошим билан дарвозани аниқ нишонга олганимда соат миллари ўйиннинг 91:20 сониясини кўрсатиб турарди. «Қани, йигитлар, қани» – мен майдон маркази томон югурдим. Бизда ўйнаш учун, ғалаба қозониш учун яна икки-уч дақиқа қолганди. Балки ҳаммаси тамом эмасдир?

Кейин нима бўлганини биласиз. Билмайман, бу қандай бўлганини очиғи. Гўёки, қандайдир кўринмас кимдир бизга имконият тақдим этгандек эди. Мендан ўша пайтдаги ҳиссиётларимни сўрашади. Менимча, ўшанда энг кучли ҳиссиёт, ўзимни жуда енгил сезгандим. Агуэронинг зарбаси голга айланганда нақадар қувонганимни тасвирлаб бера олмайман. Биз мана шу ажойиб жамоа билан бир йил меҳнат қилдик, яхши натижалар кўрсатдик, аммо қайсидир сонияларда биз ҳаммасини бой беришимиз ҳам мумкин эди.

«Шаҳарликлар» учун бу 44 йилдаги илк соврин эди, шундайми? Бу ўйин менга футболда ҳам, ҳаётда ҳам доим имконият бўлишини, вақт бор экан ҳаракатдан тўхтамаслик кераклигини ўргатди. Агар таслим бўлсанг – сен ўлдинг.  

Ўша ғалаба менга шерикларим – Агуэро, Сильва, Яя Туре, Компани ва албатта, Марио Балотеллини ёдга солади. Шунингдек, омадим келган, у ерда мен билан бирга Коларов ва Савич ҳам бор эди. Худди мен каби, Болқонда туғилиб, катта бўлган йигитлар. Биз ўша ерлардан келиб, Англияда чемпион бўлганимиз алоҳида ғурур туйғусини пайдо қилади. 80-йилларда Сараевода туғилганим сизларга кўп нарсани тушунтира олса керак деб ўйлайман.

Уруш ўчоғида эдик. Кўчада футбол ўйнаб юрган биз болакайлар сирена овози эшитилиши билан ўйинни тўхтатар ва энди, қаергадир яширинишимиз лозим бўларди. Ёш боламиз, баъзида хавфни тўлиқ ҳис қилмасдик. Олти ёшимда нималар бўлаётганини албатта, тушуниб турар, лекин бу ҳақида кам ўйлардим. Ота-онам эса бу уруш ҳақида бирор дақиқа бўлмасин, ўйлашни тўхтатишмасди. Уларнинг елкасида масъулият бор, бизга, келажакка нисбатан хавотир бор, буни тушунса бўлади. Уларсиз мен ҳаётим қандай бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмайман.

Тўрт йил ўтиб, уруш тугагач, ҳаммаси бузилиб кетганди. Бирорта ҳам шаҳар қолмади. Эсимда. Отам мени Железничардаги илк машғулотимга олиб бориш учун иккита автобус ва трамвайга минишимизга тўғри келганди. Йўл учун бир соатдан ошиқ вақт кетар, клуб стадиони урушда бузилиб кетгани учун мактабдаги майдонда шуғулланишга мажбур эдик. Отам ишлашига қарамай, ҳар куни мени машғулотларга олиб борар, тугагач, ҳар доим банан олиб берарди. Энг ёмон даврларда ҳам ота-онам менга ва синглимга ҳамма нарсани беришга ҳаракат қилишган.

Ҳаммада ҳам орзу бўлади. Аммо мамлакат энди тикланаётган пайтда катта нарсалар ҳақида ўйламайсан ҳам. Шунчаки, сирена товушидан қўрқмасдан, ҳеч қандай хавотирсиз кўчада футбол ўйнашнинг ўзи билан ҳам бахтли эдик. Хавотир йўқ. Фақат футбол ҳақида ўйлайсан. Ажойиб. Энг зўр тушларимизда ҳам фақат«Железничар»нинг асосий таркибида ўйнашимиз мумкин холос. Бу отамни ҳам бахтли қилиши мумкин бўлган асосий мақсад эди. Чунки у доим футбол ўйнаса-да, профессионал равишда футбол билан шуғулланиш имконига эга бўлмаган.

Эсимда, 17 ёшимда, бир куни у билан бирга дўконда нимадир харид қилаётгандик. Одатий кун. Кутилмаганда, мураббийларимдан бири менга телефон қилиб қолди ва эртага биринчи жамоа билан мавсумолди йиғинларига боришим кераклигини айтди. Буни отамга айтганимда, ўзини тута олмай қолганди. «Нима? Ким? Қачон? Ким билан????»

Бу қувончли хабарни айнан унинг олдида эшитиш ва илк онларни у билан яшаш мен учун жуда ажойиб эди. Ахир ҳаётимдаги дастлабки қадамларимдан бери у ёнимда. Урушдан кейинги ҳар бир қадамни биргаликда босдик.

Мен у пайтларда Германия, Англия ёки айниқса Италияда тўп суришим мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмасдим. Ўша кунларда «А Серия» мен учун охирги чўққи туюларди. 90-йилларда Италияда жуда ажойиб футболчилар тўп сурган, айниқса, Шевченкони жуда яхши кўрардим. Ёшлигимда мураббийларимдан бири мени «Шевченко» деб чақирарди. Юзимни Шевченкога ўхшатиб юборарди. Украиналик футболчи мен учун қаҳрамон эди.

Ҳеч қачон унутмасам керак, ниҳоят, 2008 йилда Шевченкога қарши майдонга ўйнаш насиб қилди. Мен«Вольфсбург» сафида тўп сурардим ва биз «Сан Сиро»да меҳмон бўлдик. Ишонгинг келмайди. Ўйиндан олдин туннелда мен унинг олдига бордим ва учрашув тугагач, футболкаларни алмаштиришни илтимос қилдим.

«Албатта, бемалол», – деди у.

Менимча, менинг унга бўлган ҳурматимни қаердандир эшитган. Чунки ўйин тугашиниям кутмай, танаффусга чиқиб кетаётганимизда, Шевченко олдимга келди ва футболкасини узатди. Бундай дақиқаларни унутиш мумкин эмас. 

Қизиғи, мен жуда кўп мамлакатларда тўп сурдим, аммо фақат Римда ўзимни уйдагидек ҳис қила бошладим. Босния ва Сараево, албатта, қалбимда энг асосий ўрин эгаллайди, лекин Рим ҳам яхши давр. Мен учун футболдан бошқа муаммоларни ўйламасам, оилам бахтли бўлса, ўзимни яхши ҳис қиламан.

Кўпчилик мендан Италия ва Англия футболини солиштиришимни сўрашади. Англия – тезлик, тезлик, тезлик. Бу ерда эса, тактика, тактика, тактика. Италиядаги уч йилда жуда кўп нарсани ўргандим. Мураббийлар шу қадар майда деталларгача эътибор беришадики, ҳайрон қоласан. Лекин энг зўри, мен ҳақиқий афсона – Франческо Тоттини дўстим дея оламан. Баъзида, «Рома»га сал эртароқ келсам бўларкан, дейман, ана шунда Тоттининг ёрдамида янада кўпроқ гол урган бўлардим. У билан бирга менинг ўйиним кўп томонлама ўсди.

Римда ҳам менда ўзига хос «КПР» бўлганди. Ўтган йилги Чемпионлар Лигасида «Барселона» билан чорак финални назарда тутяпман. Бу шундай ўйинки, қачондир болаларимга кўрсатишим ва «қаранглар, бу ўйинни кўринглар ва ҳеч қачон таслим бўлмаслик кераклигини ўрганинглар» дея оламан. Биринчи ўйинда 4:1 ҳисобида мағлубиятга учрадик. Бундай натижадан кейин ҳаммаси тамом бўлганини тан олиш осонроқ.

Аммо кейин, жавоб ўйинида мен жуда тезкор гол урдим. Мухлислар бизга ишона бошлашди. Иккинчи бўлимда ҳакам пенальти белгилагач, Де Росси уни аниқ амалга оширди. Атрофдан қон ҳиди кела бошлади – эплай оламизми? Эплаймиз!

Биз чарчоқ нима билмай, хайвонларга ўхшаб югура бошладик. Бу ўша 2012 йилдаги ўйинни эслатиб юборарди. 82-дақиқаларга бориб Манолас учинчи голни урди. Ишониш қийин!

Эртасига мен телевизорда ўйини қайтадан томоша қилиб, яна бир неча гол уришимиз мумкин бўлганини англадим. «Барселона»га қарши ўйинда бундай ўйлаш ғалати, аммо қанақадир мўъжиза содир бўлганди. Ростан ҳам улар ҳеч нарса қила олмасдилар ўша оқшом. Биз учун бу энг муҳим ўйин эди. Тактик жиҳатдан мукаммал эдик. Биз гўёки ўлгандик, аммо ҳаётга қайтдик. Манчестерда ҳам, Римда ҳам худди шуни ҳис қилдим. Бу футбол. Бундай воқеалар ҳар қандай ўйинда содир бўлиши мумкин. Ҳаётда ҳам.

Мен ҳозир 32 ёшдаман ва эртага нима бўлишини билмайман. Босния терма жамоаси билан бирга яна бир марта катта мусобақада ўйнашни орзу қиламан. 2014 йилда халқимга қувонч олиб келиш, мундиалда қатнашиш насиб қилганди, шу ишни такрорлашни истайман. Тасаввур қилинг, Босния ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатида қатнашмоқда, «Маракана»да Аргентинага қарши майдонга сафланди. Бу худди ушалган орзуларни эслатарди. Энди Мессини ушлаб қолсак, етарли.

Ўша чемпионатдан сўнг, ўйлашимча, ватанимда кўп нарса ўзгарди. Биз ёшлигимизда, болаларнинг севимли футболчилари асосан чет эллик юлдузлар бўларди. Ҳозир Сараевога борсам, болалар кўпроқ маҳаллий футболчилар, масалан Миралим Пьянич ҳақида гапирмоқдалар. Мен бундан албатта, хурсанд бўламан.

Биз, урушдан кейинги авлоднинг орзулари жуда оддий бўлган. Биз шунчаки, хотиржам, сиреналарсиз футбол ўйнашни истардик холос. Энди эса, мен футболга ҳам, хотиржамликка ҳам эришдим. Бу менинг ҳаётим. Жиддий равишда кўпроқ футбол ўйнаш, кўпроқ футбол томоша қилгим келади. Баъзида рафиқамга телевизорда «А Серия» ёки Премьер Лигани томоша қилиб ўтиришим ёқмагандек бўлади ва сўрайди».

«Футболдан зерикмадингми?»

Мен кулиб қўяман. Менимча, у жавобимни билади. Йўқ, албатта, ҳеч қачон.

 

Эдин Жеко

ThePlayersTribune дан олинди

Мавзу
Ғолиблар тарихи
Ҳаётда ўз интилишлари ва иродаси кучи билан муваффақиятга эришган шахслар бисёр. Уларнинг ҳар бирининг қизиқ тарихи ва ҳикояси бор
Барчаси
Top