Европа клублари янги футболчилар билан таркибни кучайтиришда давом этмоқда. Қуйида сўнгги кунларда рўй берган асосий трансферлар келтирилади.

Н’Голо Канте: «Челси» → «Ал-Иттиҳод» (эркин агент)

Н’Голо Канте. Фото: «Ал-Иттиҳод» матбуот хизмати

Жаҳон чемпиони келажагини Саудия Арабистони билан боғлади. Ўтган мавсум Канте учун фаолиятидаги энг ёмон мавсумлардан бири бўлди. У «Челси» сафида атиги тўққиз ўйинда майдонга тушди ва Қатардаги жаҳон чемпионатини ўтказиб юборди. Ушбу француз футболчиси аввалига пайлардаги жароҳатини даволади, мавсум охирида эса бел соҳасидан жароҳатланди. Канте эркин агентга айлангач, араб клубидан ёғли шартнома олди.

«Ал-Иттиҳод»да тўрт мавсум учун футболчи 100 млн евро (ҳар мавсумга 25 млн евродан) олади. Қолаверса, унга тижорий келишувлардан улуш ваъда қилинган. Бу «Ал-Иттиҳод»нинг ёздаги иккинчи трансфер бомбаси бўлди — бироз аввалроқ клуб Карим Бенземани ўз сафига қўшиб олганди. Канте «Челси»да ўтган етти мавсумда олти турнирда, жумладан Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва АПЛда ғолиб чиқди.

Кристофер Нкунку: «РБ Лейпциг» → «Челси» (60 млн евро)

Кристофер Нкунку. Фото: CHELSEAFC.COM

Нуфузли инсайдер Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, бу трансфер бўйича 2022 йил декабридаёқ келишиб олинганди. Нкунку айнан ўшанда тиббий кўрикдан ўтган ва томонлар барча қоғозларни имзолашганди. Ўтган вақт ичида «Челси»да икки бор мураббий ўзгарди. Трансфер ҳал бўлганида жамоани Грэм Поттер бошқарарди, кейин — Фрэнк Лэмпард келди, ёзда эса бу лавозимни Маурисио Почеттино эгаллади.

25 ёшли француз футболчиси лондонликларга 60 млн еврога тушди. Ўтган мавсумда у барча турнирлар доирасида 36 ўйинда майдонга тушган ва ажойиб статистика қайд этган (23 гол, тўққиз голли узатма). Кристофер Франция ва Германия чемпионатларида тўп сурган, энди эса янги топ-чемпионатни забт этишга ҳаракат қилади. Нкунку жаҳон чемпионатига йўл ололмаганидан қаттиқ ранжиганди — у турнир арафасидаги машғулотлар чоғида жароҳат олиб сафдан чиққанди.