Ўзбекистон | 22:30 / 19.10.2018
94688
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон келажаги: «Россия ё Америка?»

Фото: РБК-Украина

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин 18-19 октябрь кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди. Ташриф доирасида қатор ҳужжатлар тўплами имзоланди ва катта лойиҳаларга старт берилди.

Икки давлат раҳбарларининг бу учрашуви ортидан аҳоли орасида, ижтимоий тармоқларда кўтаринки кайфият пайдо бўлганини қайд этиш мумкин. Владимир Путиннинг ташрифи кўпчилик назарида Ўзбекистон учун улкан имкониятлар яратишини билдирди, ўзаро муносабатлар янги босқичга кўтарилишидан умид қилинди.

Бу бежизга эмас албатта. Россиядаги муҳожирлар орасида ўзбекистонликлар сон жиҳатдан биринчи ўринда туради ва улар ўз оилаларига жўнатаётган пуллар миқдори бир неча миллиардларни ташкил қилади. Россия Ўзбекистон маҳсулотларининг йирик экспортёри ҳисобланади. Ҳудуднинг жиддий муаммоси бўлган Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнида ҳам Россиянинг ўрни муҳим.

Шу билан биргаликда, ижтимоий тармоқларда бу ҳамкорликни Россияга эргашиш, қарам бўлиб қолиш дея баҳоловчилар, Россия ўрнига АҚШ билан муносабатларни ривожлантириш зарурлигини таъкидловчилар ҳам талайгина. Ёки аксинча, Россия билан муносабатларни янада ривожлантириб, АҚШни унутишга чорловчилар ҳам кўпчиликни ташкил қилмоқда ва бу икки гуруҳ ўзига хос далиллар билан ижтимоий тармоқларни тўлдирганча бир-бирлари билан баҳслашмоқда.

Умуман, ҳамкорлик векторини белгилашда «Россия ёки Америка?» деган саволга жавоб топиш шарт, ёки шу «икки буюк давлатдан бирини танлаш ва айнан ўша билан муносабатларни ривожлантириш зарур» деб ҳисобловчилар ҳали-ҳануз жуда кўпчилик.  

Йигирма биринчи асрнинг дастлабки йигирма йиллиги ҳам якунига етаётганда, замон сиёсати ўтган асрга нисбатан бутунлай бошқача қиёфага кираётган бир пайтда бундай фикрлаш энг камида кулгилидир.

Ўзбекистон ҳар бир давлат билан ўз манфаатлари доирасида ўзаро ҳамкорлик қилмоқда ва шундай қилишда давом этади ҳам!

Сабаблар:

1. Бугунги кунга келиб жаҳон фақат икки давлатга боғланиб қолмаган ва дунё кўп қутбли ҳисобланади. Ҳозир фақат Россия ва АҚШ эмас, Европа Иттифоқи ва унинг алоҳида йирик давлатлари, шунингдек, Хитой, Япония, Ҳиндистон каби малакатлар ҳам дунё сиёсатининг «оғир вазнли» иштирокчилари ҳисобланишади;

2. Шунча зиддиятлар, санкциялар ҳамда турли хил сиёсий қарашларга қарамай, кўпчилик бир-бирига милтиқ тираб турган икки душман сифатида кўрувчи Россия ва АҚШ ўртасида мунтазам ривожланиб бораётган муносабатлар ҳам бор. Бу давлатларни космик тадқиқотлар, қурол савдоси, экстремизмга, хусусан ИШИДга қарши кураш, Яқин Шарқ масалалари, кундан-кунга қудрати ошиб бораётган Хитой, Сурия муаммоси, дунёнинг ядро хавфсизлиги, икки Кореянинг асрий зиддиятига ечим излаш, якуни кўринмаётган Афғонистон ва Ироқдаги урушларни ҳал этиш каби жиҳатлар боғлаб туради. Бундан ташқари, иқтисодий омиллар ҳам мавжуд – биргина 2017 йил якунларига кўра икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 14,5 фоизга ортиб, 23,2 миллард долларга етган. Яъни, Россия АҚШнинг йирик бозори бўлгани каби АҚШ ҳам Россиянинг салоҳиятли импортёридир;

3. Ҳозир ҳеч бир давлат ўтган асрларда кузатилганидек, «Коммунизм ёки капитализм?» принципида иш юритмайди. Ҳатто бутун сиёсатини, давлатининг бош мафкурасини АҚШга қарши курашда жасорат кўрсатиш асосида қурган Шимолий Корея ҳам сўнгги йилларда икки томонлама муносабатларни яхшилаш йўлида бир қанча қадамлар қўйди. Икки давлат раҳбарлари учрашдилар ва яна олий даражадаги учрашувни режалаштирмоқдалар. АҚШга бўйсунмайдиган Эрон ҳам бевосита бўлмаса-да, билвосита муносабатларни сақлашга мажбур;

4. Россия ҳам Қрим муаммоси ортидан кўп масалаларда яккаланиб қолган, сўнгги пайтларда узлуксиз санкцияларга учраётган бўлсада ҳар бир тарафдорга алоҳида эътибор қаратади ва фақат ўзигагина содиқликни талаб қилмайди. Ўз навбатида АҚШ ҳам бундай имтиёзни сўраш мантиққа тўғри келмаслигини яхши англайди.

Президент Мирзиёевнинг қисқа муддат ичида ҳар икки давлат раҳбарлари билан бевосита ва олий даражада учрашгани бу фикрларнинг исботидир. Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини белгилашда «униси ёки буниси» деган принципда фикрлаш мутлақо нотўғри – ҳар икки давлатнинг турли масалаларда такрорланмас ўрни бор.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид