21:00 / 21.10.2018
119536

Учта туман пахта режасини бажарди ва сектор раҳбарлари пул мукофотлари билан рағбатлантирилди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, президент админстрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов ва бош вазир ўринбосари Зоир Мирзаев раислигида 2018 йилги пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини жадаллаштириш бўйича навбатдаги селектор йиғилиши ўтказилди.

«Kun.uz» манбаси маълум қилишича, селектор давомида республикада давлатга пахта топшириш режасини 100 фоизга бажарган илк туманлар номи эълон қилинган. Маълум бўлишича, 21 октябрь ҳолатига келиб, республика бўйича 3та туман режани бажарган.

Маррага биринчи бўлиб, Наманган вилояти Чуст тумани етиб келган. Шунингдек, Фарғона вилоятининг Риштон ҳамда Андижон вилоятининг Пахтаобод туманлари пахта режасини тўлдирган.

Ўзбекистон бош вазири бу туманларда секторлар раҳбарлари (туман ҳокими, туман прокурори, туман ИИБ бошлиғи ва туман ДСИ бошлиғи) 20 миллион сўмдан пул мукофотлари билан рағбатлантирилишини маълум қилган.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан бу маҳаллий раҳбарларга миннатдорчилик билдирилган.

Шунингдек, пахта режасини биринчилардан бўлиб бажарган 10 туман ичида бўладиган кейинги 7 туман раҳбарларига ҳам 20 миллион сўмдан мукофот пули ваъда қилинган. Кейинги ўнталикда бўладиган туман раҳбарлари эса 15 миллион сўмдан, ўттизталик ичида бўладиган охирги 10 туман раҳбарлари эса 10 миллион сўмдан мукофот пули олишади.

Маълумот учун, 2018 йил ҳосилидан тайёрланган пахта хомашёси тўғрисидаги 21 октябрь кунги маълумотларга кўра, айни вақтда Андижон вилояти пешқадамлик қилмоқда. Андижонликлар давлатга пахта топшириш режасини 80 фоиздан оширишди. Кейинги ўринларда Фарғона (78,87) ва Бухоро (78,30) вилоятлари боришмоқда. Самарқанд (52,31) ва Тошкент (50,69) вилоятлари охирги ўринларда қолишган. Республиканинг умумий режаси 66,47 фоизга етган.

Мавзу
Пахта-2018
Ўзбекистонда 2018 йилги пахта терими мавсуми бўлиб ўтмоқда
Барчаси
Top