Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

Пахта етиштириш: фермер-кластер муносабатларида ўзгаришлар

Пахта етиштиришда фермерлар ва кластерлар ўртасидаги муносабатларга бозор механизмлари жорий этилаётгани ҳафтанинг энг муҳим воқеаси бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев 12 декабр куни бу борада йиғилиш ўтказиб, тегишли фармонни имзолади.

Фармонга кўра, 2024 йил ҳосилидан бошлаб, фермерлар ва кластерлар ўртасидаги фючерс шартномалари Товар-хомашё биржаси орқали тузиладиган бўлди. Биржадаги савдолар ҳар йили чигит экилишидан олдин, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича алоҳида ўтказилади. Бунда фермер ўзи етиштирадиган пахта миқдорини биржага жойлаштиради, баландроқ нарх таклиф этган вилоят ичидаги кластер эса у билан шартнома тузади. Савдодаги бошланғич нарх Ню-Йорк биржасидаги пахта толасининг охирги 12 ойдаги ўртача нархи асосида белгиланади.

Шартномадан ортиқча етиштирилган пахта бўйича ҳам фермерларнинг эркинлиги кенгаяди. Улар ортиқча ҳосилни кимга сотишни мустақил ҳал қилади, яъни хоҳласа тўғридан тўғри шартнома тузган ҳолда ҳамкор кластерга, хоҳласа биржа орқали исталган бошқа харидорга сотади. Шунингдек, фермерлар ортиқча ҳосилни ўзлари қайта ишлаб, олинган пахта толаси ва иккиламчи маҳсулотларни биржа орқали сотиши мумкин.

Фермер хўжаликлари кластерлар билан ишлашга мажбур эмаслиги яна бир марта тасдиқланяпти. Фармонга биноан, фермерлар пахтани ўз маблағлари ёки тижорат кредитлари ҳисобидан етиштириб, хомашё ва ундан олинадиган маҳсулотларни биржада эркин сотиш ҳуқуқига эга. Биржа савдоларида қандай қилиб иштирок этиш бўйича фермер хўжаликларига ўқув семинарлари ўтилади.

Фермерларга қисман эркинлик берилгани билан, бошқа томондан уларнинг жавобгарлиги кескин кучайтириляпти. Фермер хўжалиги шартномаларда кўрсатилган мажбуриятлари бўйича ўз мол-мулки билан жавоб бериши белгилаб қўйилди. Мажбуриятларни қоплаш учун фермер хўжалигининг мол-мулки етарли бўлмаганида, хўжалик бошлиғи ўзининг шахсий мол-мулки билан жавобгар бўлади. Фермерларга томчилатиб суғориш учун ажратилган кредитлар бўйича кластерлар берган кафиллик фермерларнинг ликвидли мол-мулки билан алмаштирилади.