02:03 / 25.10.2018
5118

E-visa орқали Ўзбекистонга кириш истагини билдирган хорижликлар сони 17 мингдан ошди

Жорий йилнинг 24 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонга келиш ниятида электрон виза олиш учун ариза топширган хорижий мамлакатлар фуқаролари сони 17 218 нафарни ташкил қилмоқда. Булардан 11 263 нафари - эркаклар, 5 955 нафари эса аёллардир. 

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг KUN.UZ'га маълум қилишича, бугунга қадар 16 919 киши E-visa тизими орқали Ўзбекистонга кириш визасини қўлга киритган. 280 нафар хориж фуқаросининг аризаси кўриб чиқилмоқда. 19 нафари рад жавобини олган. 

Ўзбекистонга кириш визаси учун ариза топширганлар сони бўйича Хитой 4 469 киши билан етакчилик қилмоқда. Ундан кейинги ўринни 1 696 фуқаро билан АҚШ эгаллаб турибди. Ҳиндистон 1 587 нафар фуқароси билан электрон виза статистикасининг учинчи поғонасида жойлашган. 

Шунингдек Буюк Британия (1 413), Франция (1018), Германия (895) ва Италия (840) фуқаролари ҳам электрон виза кўрсаткичлари бўйича юқори натижаларни қайд этган. 

Top