Жаҳон | 01:23 / 28.10.2018
12071
5 дақиқада ўқилади

Истанбулда тўрт давлат етакчилари иштирокида Сурия масаласига бағишланган саммит бўлиб ўтди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия, Франция, Германия ва Россия етакчилари иштирокида Сурия можаросини тартибга солиш масалаларига бағишланган тўрт томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Мазкур саммит Сурия масаласига бағишлаб бундай форматда ўтказилган илк учрашув бўлди.

Фото: Anadolu Agency

Тадбир мезбони Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған тўрт етакчи иштирокидаги музокаралар якунини сермаҳсул ва конструктив деб атади, деб ёзади Анадўлу агентлиги.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, Суриядаги можарони бартараф этиш нафақат остона жараёни доирасида, шунингдек кенгроқ форматда ҳал қилиниши керак ва бугунги саммит бунинг яққол далили бўла олади.

Эрдўған Истанбул саммити қатнашчилари Сурия халқининг қонуний талабларини ҳисобга олган ҳолда ушбу мамлакатда барқарорликка эришиш ва сиёсий муросага келиш йўлларини муҳокама қилишганини таъкидлади. “Франция ва Германиянинг иштироки Остонада бошланган музокаралар туфайли бошланган ижобий жараёнлар учун салмоқли ҳисса қўшади”, — деган Туркия президенти.

Тўрт давлат етакчилари икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш ва халқаро даражада ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдиришди.

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Суриядаги можаронинг авж олишига асосий сабаб жаҳон ҳамжамиятининг вазиятга ўта бепарво муносабати бўлган. Жаҳон ҳамжамиятининг лоқайдлиги Суриядаги таназзулнинг янада чуқурлашиши ва можаронинг умумбашарий муаммо тусини олишига сабаб бўлди, деган Туркия етакчиси.

Унинг қайд этишича, кўплаб давлатлар қачонки фожиа оқибатлари уларнинг чегарасигача бориб етгачгина Сурия можароси таҳдидларининг миқёсини англаб етишган.

Туркия президенти Суриядаги можарони ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмаслигига урғу берди.

Томонлар Сурияда Конституциявий кенгашни зудлик билан тузиш кераклиги борасида якдил тўхтамга келишган. Бундай орган бир йил ичида шакллантирилиши мумкин.

“Биринчи навбатда Женевада Суриянинг келажакдаги давлат тузумига оид асосий масалаларни кўриб чиқадиган конституциявий қўмита фаолиятини ишга тушириш керак. Бу ҳолда Сурия миллий мулоқотининг Сочида ўтган конгрессида қабул қилинган қарорлар ҳам ҳисобга олиниши керак”, — деган РФ президенти Владимир Путин. 

Россия президентига кўра, қўмита самарали иш олиб бориши учун у “Суриядаги барча томонлар учун легитим деб топилиши ва уларнинг ҳурматига сазовор бўлмоғи керак”.

Франция президенти Эммануэль Макрон ўз навбатида қўмитанинг иш бошлашини интизорлик билан кутаётганини маълум қилди

“Сочида бўлган учрашувдан тўққиз ой ўтиб ҳам қўмита ҳанузгача иш бошламади. Шу сабабли биз йил охиригача кутилаётган рўйхат шакллантирилади ва учрашув ташкиллаштирилади деган истагимизни кечиктирмасдан тасдиқлашимиз керак”, — деган Макрон. Бироқ, у бу ишда силжиш кўзга ташланмаётганини ҳам таъкидлаб ўтди.

Владимир Путин Макроннинг гапларига тўлиқ қўшилмаслиги, бу борада жузъий ижобий ўзгаришлар бўлаётганини билдирди.

Режага кўра Конституциявий қўмита Суриянинг янги асосий қонуни ва у ерда ўтказиладиган сайловларга тайёргарликни таъминлайди. Бироқ уни тузиш муддати бу тузилма аъзоларининг рўйхатини Сурия ҳокимияти ва мухолифат гуруҳи келиша олмаётгани бир неча бор ортга сурилди.

Ангела Меркель ушбу учрашувни “фавқулодда сермаҳсул” деб баҳолади. Меркель хонимнинг айтишича, ҳар тўрт томоннинг ёндашуви муштарак бўлмаган эса-да, якуний баёнот қабул қилинганининг ўзи саммит иштирокчиси бўлмиш тўрт давлатнинг мақсадлари умумий бўлганини англатади.

ГФР канцлери кимёвий қуролни ишлатилишига йўл қўймаслик масаласига алоҳида тўхталди. Бу можаро иштирокчилари учун ўзига хос сигнал сифатида баҳолаш мумкин. Германия Суриядаги ҳарбий операцияда иштирок этмаяпти, бироқ Меркелнинг самммитдаги иштироки унинг учун қочқинлар масаласини россиялик ҳамкасби билан ҳал қилиши муҳимлигини англатади.

Тўрт давлат етакчилари фикрига кўра, сурияликларнинг ватанига қайтиши ихтиёрий асосда, халқаро ҳуқуқ нормалари доирасида, хавфсизлик чоралари қўлланган ва БМТ билан мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилиши керак.

Мавзуга оид