14:37 / 03.11.2018
14004

2018 йилги давлат бюджети 12,3 трлн сўмга ортиғи билан бажарилиши прогноз қилинмоқда

2018 йил якунларига кўра, давлат бюджети даромадларининг кутилаётган ижроси 74,5 трлн сўмни ташкил қилиши кутилмоқда. Шунга кўра, 2018 йил давлат бюджетини қабул қилиш чоғида тасдиқланган параметрлар 12.3 трлн сўмга ортиғи билан бажарилишини прогноз қилиш мумкин. Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов шу ҳақда маълум қилди. 

“2018 йилда маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 5,5 трлн сўмдан ортиқ маблағ қолиши кутилмоқда. Ҳолбуки, 2017 йилда 960,2 млрд сўм, 2016 йилда эса, атиги 176,8 млрд сўм ҳудудлар ихтиёрида қолган эди”, - деди вазир ўринбосари Молия вазирлигида бўлиб ўтган журналистлар билан учрашувда. 

Мисол учун Андижон вилоятида 2017 йилда 61,2 млрд сўм қолдирилган бўлса, 2018 йил якунларига биноан бу кўрсаткич 279 6 млрд сўмга етади. Сирдарё вилоятида 30,0 млрд сўмдан 171,0 млрд сўмгача, Хоразм вилоятида 41,3 млрд сўмдан 195,4 млрд сўмга ошиши кутиляпти. 

Вазир ўринбосари туман ва шаҳарлар кесимида ҳам ҳудудлар ихтиёрида қоладиган маблағлар миқдорига ҳам мисоллар келтирди. Жумладан, Оққўрғон тумани ихтиёрида 2017 йил якунлари бўйича атиги 449 млн сўм қолган. Қиёслаш учун айтиш мумкинки, бу маблағга 3 200 метр йўлни асфальт қилиш мумкин, холос. Ё бўлмаса, 4 дона ичимлик суви насосини ўрнатса бўлади. 2018 йилда эса бу туман ихтиёрида қоладиган сумма 3,0 млрд сўмни ташкил этади. 

Таъкидланишича, маҳаллий солиқлар бўйича тушум суръатлари ҳам жонланиб қолган. Яъни 2017 йилда тадбиркорлардан ундириладиган қатъий белгиланган солиқ тушумлари республика бўйича 1 042,9 млрд сўмни ташкил қилган бўлса, жорий йилда солиқ ставкалари ўртача 30 фоизга камайганлигига қарамасдан, 1 127,6 млрд сўмга етади ва ўсиш 108,1 фоизга тенг бўлади. Хусусан, жорий йил охиригача ушбу солиқ тушуми Тошкент шаҳрида 284,6 млрд сўмни ташкил қилади ва ўтган йилги тушумларга нисбатан 103,1 фоизга ўсади. Самарқанд вилоятида бу рақам 110,4 млрд сўмни ташкил этиши 114,8 фоизга ўсишни англатади. Фарғона вилоятида бу борадаги кўрсаткич 104,8 млрд сўмга етиб, 116,2 фоизга ўсади.

Дилшод Султоновнинг айтишича, республика бўйича якка тартибда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар сони жами 255 минг нафарга, жумладан Фарғона вилоятида 26 минг нафарга, Қашқадарё вилоятида 20 минг нафарга кўпайиши кутилмоқда.

Top