Ўзбекистон | 18:31 / 10.11.2018
7304
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва АҚШ мудофаа масалалари бўйича икки томонлама маслаҳатлашувларни ўтказди

Кеча, 9 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон—АҚШ мудофаа идоралари вакиллари иштирокида навбатдаги икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Мазкур тадбир Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев ва АҚШ мудофаа вазирининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Колин Жексон раислигида бўлиб ўтди.  

Унда АҚШ ҳарбий делегацияси ҳамда Ўзбекистон Мудофаа, Ташқи ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Мудофаа саноати давлат қўмитаси вакиллари иштирок этди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон—АҚШ тегишли идоралари ўртасида имзоланган келишувларнинг амалга оширилиши юзасидан фикр алмашиб, келгуси режаларни белгилаб олди. Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг профессионал билим ва кўникмаларини ошириш йўлида икки давлат ўртасида ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, маслаҳатлашув жараёнида Афғонистондаги вазият, унда тинчликни ўрнатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, минтақада барқарорликни сақлаб қолиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, 8 ноябрь куни Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов АҚШ ҳарбий делегациясини қабул қилиб, улар билан ҳарбий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилган эди.

Мавзуга оид