12:50 / 26.11.2018
44674

68 йил давом этган ҳиқичоқ ва ҳеч ким ҳеч қачон янгилай олмайдиган бошқа антиқа рекордлар

Гиннесс рекордлар китоби 1955 йилда оммалашгандан кейин одамлар ўзгалар рекордини  янгилаш ва гарчи гоҳида бу рекордлар мутлақ тутуриқсиз бўлса-да, янгиларини ўрнатишга уриниб келмоқдалар. Бироқ шундай рекордлар борки, уларни кимдир ўрнатганининг ўзи ҳайрат уйғотади. Уларни кимдир янгилай олиши эса умуман даргумондир.

Баскетбол саватчасига қаторасига 5221 марта тўпни тушириш

Фото: vimeocdn.com

Тэд Сэйнт Мартин умрида, ҳаттоки коллежда ҳам баскетбол ўйнамаган, бироқ бутун ҳаёти давомида “нишонга аниқ уриш” бўйича рекордлар ўрнатиб келади. У ўз рекордларини саватчага тўпни қаторасига 499 марта туширган Гарольд Левиттнинг рекордини янгилаш билан бошлаган. Мартин 1975 йилда саватчага тўпни 739 марта тушириб, бу рекордни янгилашга муваффақ бўлган. 75 ёшида эса саватчага тўпни қаторасига 5221 марта тушириб, янгилаб бўлмас рекордни ўрнатган.

Чақмоқнинг бир кишига 7 марта урилиши

Фото: anomalien.com

Рой Салливан АҚШнинг Шенандоа миллий боғида назоратчи бўлиб ишлаган. Унинг ҳаётида 1942 йилдан 1977 йилгача уни 7 марта чақмоқ уришидан бошқа ноодатий бирор нарса юз бермаган. Ушбу ҳолат боғ шифокори томонидан расман қайд қилинган ва тасдиқланган. Дарвоқе, Салливан ёшлигиданоқ ўзига чақмоқ “тортган” – унинг кейинроқ тан олишича, отаси билан ўт ўраётганда унинг ўроғига чақмоқ урилган. 

68 йил давом этган ҳиқичоқ 

Фото: ohmygodfacts.com

Чарльз Осборн билан 28 ёшида ғайритабиий ҳодиса юз берган – у сўйилган чўчқанинг 159 кглик нимтасини кўтаришга уриниб йиқилиб тушган. Бундай олганда, бу воқеада бирор ноодатий нарса йўқдек. Бироқ шундан кейин Чарльзда 68 йил давом этган ҳиқичоқ тутиш бошланган. Аммо бу камчилик унга одатий турмуш тарзини олиб боришга халақит бермаган – Чарльз икки марта уйланган ва 8 фарзандли бўлган. Чарльзнинг ҳиқичоқ тутиши 1990 йилда бирдан тўхтаган, аммо у бундан кўп завқлана олмаган, чунки бир неча ойдан кейин битмас яра сабабли вафот этган. Чарльз Осборнни умри давомида 595 миллион марта ҳиқичоқ тутгани ҳисоблаб чиқилган.

Майкл Жексоннинг 30 марта платинавий бўлган албоми

Фото: myvenusradio.com

Афсонавий Майкл Жексоннинг Thriller албоми 2017 йил декабрида рекорд миқдорда – 30-марта платинавий бўлди. Бу албомга “поп мусиқа қироли”нинг Beat It, Billie Jean, Thriller каби хитлари кирган. Эслатма: албом платинавий деб топилиши учун камида бир миллион нусхада сотилиши керак. 

222:0 ҳисобидаги “мутлақ” ғалаба

Фото: ncaa.com

1916 йилда талабалар футбол жамоаси Georgia Tech рақиб жамоа Cumberland’ни 222:0 ҳисобида росмана тор-мор этган.

Бир ўтиришда 119 банка пиво ичган “полвон”

Фото: legacy.com

Франциялик профессионал рестлер Андре Рене Русимов акромегалия (ўсиш гормонининг ҳаддан кўп ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ қасаллик) туфайли ҳақиқий гигант бўлган. Уни ҳаттоки “дунёнинг 8-мўъжизаси” деб ҳам аташган. Русимов дўстларининг айтишича, 224 см бўй ва 240 кг вазнга эга полвон кунига егуликдан ташқари, алкогол кўринишида 7 минг калория истеъмол қилган. Бир марта у  Дэвид Леттерман шоусида бир ўтиришда 6 соат ичида 119 банка пиво ичганини тан олган ва буни кўплаб гувоҳлар тасдиқлашган.

Mini Cooper автомобилига сиғган 28 киши 

Фото: peopleareawsom.wordpress.com

2012 йил ноябрида 28 британиялик гимнастикачи қиз 10 дақиқа ичида Mini Cooper автомобили ичига жойлашиб, жаҳон рекордини ўрнатишган.

Афсонавий хоккейчи Уэйн Гретцки

Фото: wikipedia.org

20-асрнинг энг таниқли спортчиларидан бири, канадалик хоккейчи Уэйн Гретцки ўз фаолияти давомида 61 та рекорд ўрнатган. Жумладан, у энг кўп шайба (894 та) киритган, энг кўп голли узатма оширган (1963 та), бир мавсумда энг кўп шайба урган (92 та) хоккейчидир ва унинг бу каби рекордларининг адоғи йўқ.

Дунёдаги энг баланд бўйли инсон

Фото:  blogspot.com

Америкалик Роберт Уодлоу тарихда қайд қилинган энг бўйдор одам ҳисобланади. Унинг бўйи 272 смга етган. Роберт гипофиз ўсимтаси ва акромегалиядан азият чеккан. Унинг бўйи 8 ёшлигидаёқ 188 смни, 18 ёшида эса 254 смни ташкил қилган. Роберт мактабни битиргач цирк гастроллари билан АҚШнинг бутун штатларини айланиб чиққан, сўнгра коллежга ўқишга кириб, ҳуқуқни ўрганган. Робертни билганларнинг барчаси уни “меҳрибон девқомат” деб аташган. Бироқ Робертнинг соғлиғи ёмонлашиб, у 22 ёшида ҳасса таяниши оқибатида келиб чиққан юқумли касаллик сабабли эрта ҳаётдан кўз юмган.

Бейсболда бир иннинг вақтида амалга оширилган иккита гранд-слэм

Фото: deadspin.com

1999 йилда бейсбол учрашуви вақтида “Cardinals” жамоаси аъзоси Фернандо Татис бир иннинг вақтида иккита гранд-слэмни амалга ошириб рекорд ўрнатган. Эслатма: бейсболда иннинг деб, жамоалар бир марта ҳимояда, бир марта ҳужумда ўйнайдиган оралиқ ҳисобланади, қоидага кўра ўйин 9 та иннингдан ташкил топади. Гранд-слэм эса тўпни бита билан қайтарувчининг кучли зарбаси бўлиб, бунда тўп трибуналар томон учиб кетади. Бундай зарба амалга оширилгач, тўпга зарба берган ўйинчи барча базаларни тўсқинликларсиз югуриб ўтиб, “уй”га қайтади. Гранд-слэм майдондаги барча базалар раннерлар (югурувчи ўйинчилар) томонидан эгалланган шароитда юз беради.

Top