Одатда ҳиқичоқ хавфсиздир. Уни диагфрагмалар — кўкрак ва қорин бўшлиғини ажратиб турувчи мустаҳкам мушакларнинг — беихтиёр қисқариши юзага келтиради.
Диафрагмаларнинг одатий вазифаси нафас олишимизга шароит яратишдир. Улар пастга ҳаракатланганда, кўкрак қафаси кенгаяди ва ўпканинг ўзини ҳавога тўлдиришига имкон туғилади. Биз нафас оламиз. Улар юқорига кўтарилганда ўпкадаги ҳаво ташқарига сиқиб чиқарилади. Нафас чиқариш жараёни юз беради.
Диафрагма ҳаракатларини мия бошқаради. Аммо баъзида унинг ишораларида хатолик юз бериб, диафрагма беихтиёр қисқаришни бошлаши мумкин. Ҳар қисилишда ўпка ўзидан ҳавони итаради, у ҳиқилдоқ орқали ўтади ва товуш чиқарувчи оралиқ ва кичик тилга урилади. Ушбу жараён ўзига хос овозни — ҳиқичоқни юзага келтиради.
Физиологлар миянинг шундай оддий ҳаракат бўлган нафас олиш-чиқариш жараёнида хатоликка йўл қўйиши сабабини ҳалигача англаб етишмаган. Аммо ҳиқичоқни келтириб чиқара оладиган баъзи омилларни аниқлашган. Чўзиб ўтирмаймиз: айрим вақтларда ҳиқичоқ хавфли ишорадир.
Зудлик билан шифокор қабулига боришни талаб қилувчи ҳолатлар
Мустақил тадқиқотлар ташкилоти бўлган Mayo Clinic мутахассислари иложи борича тез фурсатларда терапевт ҳузурига боришни тақозо қилувчи икки аломатни қайд этишган:
- 48 соат ёки ундан ортиқ давом этувчи ҳиқичоқ;
- камроқ давом этувчи аммо овқатланиш, сув ичиш,ухлаш ёки нафас олишга халақит берадиган чарчатувчи ҳиқичоқ.
Тез ёрдамга қўнғироқ қилиш талаб этилмайди. Юқорида санаб ўтилган ҳолатларда ҳам ҳиқичоқнинг ўзи ўлим даражасида хавфли эмас. Бироқ у вақтида ташхиси қўйилиши зарур бўлган жиддий касалликлардан дарак бераётган бўлиши мумкин.
Нега инсонларда ҳиқичоқ тутади?
Аксарият ҳолларда ҳиқичоқ хуружлари бир неча дақиқадан сўнг ўз-ўзидан йўқолади. Бундай ҳиқичоқ қисқа муддатли деб аталади. Қолаверса, танаффуслар билан ёки танаффусларсиз 2 кундан ошиқ давом этмаган ҳиқичоқни ҳам қисқа муддатли деб ҳисобласа бўлади. Агар ундан ортиб кетса, гап узоқ муддатли ёки кучли ҳиқичоқ ҳақида бормоқда.
Қисқа муддатли ҳиқичоқ сабаблари
- Газланган ичимликлар истеъмол қилиш.
- Алкоголнинг кўп миқдори.
- Керагидан ортиқча овқатланиш.





