Light | 22:08 / 12.11.2019
36844
2 дақиқада ўқилади

Ҳиқичоқ тутишнинг инсонга нима учун кераклиги аниқланди

Олимлар ҳиқичоқ тутиш янги туғилган чақалоқлар мияси ривожланишидаги энг муҳим элементлардан бирилигини, бироқ катта ёшлилар учун кераксиз рефлекс эканлигини аниқлашди.

Таъкидланишича, ҳиқичоқ тутиш болага ўз нафас олишини бошқаришни ўрганишида ёрдам берадиган мия сигналлари тўлқинини вужудга келтиради. Бундай хулосага Лондон университет коллежи олимлари келишди. 

“Ҳиқичоқ билан чақирилган фаолият болага диафрагмани [кўкрак бўшлиғини қорин бўшлиғидан ажратиб турувчи пардадевор] тепага-пастга ҳаракатлантириб, нафас олиш мушакларини назорат қилишни ўрганишида ёрдам бериши мумкин”, деб таъкидлаб ўтган тадқиқот раҳбари Лоренцо Фабрици.

Тадқиқот ўз вақтида ва вақтидан олдин туғилган чақалоқлар миясини сканерлашга асосланган. Синалувчи чақалоқларнинг мия фаолияти электроэнцефалография ёрдамида кузатилган. Аниқланишича, болани ҳар гал ҳиқичоқ тутганда унинг миясида диафрагманинг қисқариши билан боғланган нейрон тўлқинлар вужудга келган.

Янги туғилган чақалоқларда ҳиқичоқ тутиш 8 дақиқа, чала туғилган болаларда эса 15 дақиқагача давом этиши мумкин, бироқ бу ота-оаларни чўчитмаслиги керак.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсонда ҳиқичоқ она қорнида бўлганда (ҳомиладорликнинг 9-ҳафтасида) пайдо бўла бошлайди. Шу тариқа, ҳиқичоқ туғилгандан кейин сақланиб қолувчи энг эрта физиологик фаоллик турларидан бири ҳисобланади. 

Ҳиқичоқ чақалоққа нафас олишни ўрганишида ёрдам берса, унинг катта ёшда узоқ давом этиши хавфли касаллик аломати бўлиши мумкин. Шифокорларнинг маълум қилишича, агар катта ёшли одамни 48 соат ва ундан кўпроқ вақт давомида ҳиқичоқ тутса, бу унда мия шиши борлигини англатиши мумкин.

Мавзуга оид