22:20 / 28.11.2018
100641

Ташқи Меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарияти қамоққа олинди. Улар йирик коррупция ишида гумонланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг мансабдор шахслари оммавий равишда қамоққа олинган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор мансабдорлик жиноятлари факти юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилишича, 16 ноябрь куни тергов ҳаракатлари давомида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги директори Равшан Рафаэлович Ибрагимов, агентлик директори ўринбосари Улуғбек Баҳодирович Назаров, шунингдек, агентлик бўлим бошлиғи А.А. ва шўъба мудири О.М.га айб эълон қилиниб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Бош прокуратура тергов сири нуқтаи назаридан иш юзасидан бошқа маълумотларни ошкор қилмаган.

Равшан Ибрагимов
Фото: Kun.uz

Равшан Ибрагимов шу йилнинг баҳорида Ҳожибахлил Фазлитдинович Асамов ўрнида агентлик директори сифатида иш бошлаганди (Асамов 2017 йил апрелидан буён ўша вақтда Жанубий Кореяга ишга жўнатишдаги можаро ортидан ишдан олинган Улуғбек Назаров ўрнига агентликка вақтинчалик раҳбар сифатида ишлаб келаётганди).

Улуғбек Назаров
Фото: Kun.uz

Улуғбек Назаров эса шов-шувли равишда ишдан олинишидан кўп вақт ўтмасдан, 2018 йилнинг январида агентлик раҳбарига ўринбосар сифатида қайтганди.

Шу ҳафтада ОАВда агентлик раҳбариятидаги коррупция можароси ҳақида хабарлар тарқала бошлаганди. Хабарларга кўра, мансабдорлар Жанубий Кореяга ишга борувчи кишилардан (ҳар бир кишидан 5 минг доллар миқдорида) жами 20 миллион доллар атрофида пул йиғиб олгани айтилганди. Бу хабарларда агентлик раҳбарияти оммавий равишда қўлга олингани, жами 20 нафар атрофида киши Бош прокуратура Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси ходимлари томонидан олиб кетилгани ҳақида ёзилганди.

Top