22:30 / 06.12.2018
49319

Наманганда кучли гумбурлаш овози эшитилди. Ҳолат расман изоҳланмади

Бугун, 6 декабрь куни Наманган вилоятининг айрим ҳудудлари аҳолисини гумбурлаган овоз безовта қилди. Портлаш овози кун ярмида эшитилган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари кучли портлаш овозини эшитганини, бирор газ-заправка портлаганини тахмин қилишган. 

«Нефть чиқаришяпти-ку хитойликлар, ўшалар портлатди», — дейилади бошқа бир хабарда.

Kun.uz манбаларига кўра, бу овоз Наманган вилоятининг Мингбулоқ шаҳарчаси яқинидаги нефть конидаги геологик қидирув ишлари давомида амалга оширилган. Бироқ, ҳолат юзасидан бирор расмий хабар тарқатилмаган.

Маълумот учун, 1995 йилда ҳам Мингбулоқ туманидан катта миқдорида нефть чиққан эди. Бироқ амалга оширилган чора-тадбирлар нефтни «бўйсундириш» учун етарли бўлмаган ва ундан самарали фойдаланиш имконияти йўққа чиққанди. 

2017 йилнинг июнида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Мингбулоқ туманидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Мингбулоқнефть» Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонасига ташриф буюрган, конда янги қидирув қудуғи ишга туширилганди.

2017 йилнинг ноябрь ойида ҳам Мингбулоқ туманида йирик нефть кони топилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. 

Ушбу конда кўп йиллардан буён Ўзбекистон ва Хитойнинг етакчи мутахассислари томонидан қазилма ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. 

Мингбулоқ
Фото: Википедия

Интернет манбаларидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг геологик нефть захираси – 5 млрд. тоннани ташкил этиб, аниқланган нефть захираси эса 530 млн. тоннадан зиёд. 

Top