23:29 / 07.12.2018
18880

Кансай — сунъий оролдаги ғаройиб япон аэропорти

Фото: Wikipedia

Японияда бўш ерларнинг тақчиллиги анчадан буён кузатилиб келинаётган ҳолат. Айниқса, йирик шаҳарлар учун бу катта муаммо. Шунинг учун Осака шаҳри халқаро аэропортини кенгайтириш зарурияти туғилганида бу имконсиз экани аниқланди. Атрофда тураржой бинолари бўлиб, у ерда яшовчи японлар ортиқча шовқиндан азият чекишарди. Бу муаммони ечиш учун бўш жой етарли бўлган денгиз бўғозида аэропорт қуришга қарор қилинди. Японларни улкан сунъий оролни қуриш умуман ҳайратга солмади.

Фото: Wikipedia

Аэропорт Осака бўғозида барпо этилди. У зилзила ва цунами вақтида бузилмаслиги учун барча эҳтиёт чоралари ҳисобга олинди. Бўғозда тўғри тўртбурчак шаклидаги томонлари 4 ва 1,2 километр бўлган улкан орол қурилди. Денгиздаги жойлашувни учувчилар ҳам юқори баҳолашди. Чунки баланд бинолар, тоғ чўққилари ҳаво кемасининг учиш ва қўнишида эндиликда халақит қилмасди.

Фото: Wikipedia

Аэропорт қирғоқдан 5 километр узоқликда жойлашган. Қурувчилар юмшоқ лой қатламида сунъий орол барпо этишди. Шунинг учун орол муайян вақт давомида сув тагида бўлишини олдиндан билишарди. 1994 йилда аэропорт очилганидан бир йил ўтиб, тупроқнинг 50 сантиметрга чўккани қайд этилди. Кейинчалик бу рақам камайиб борди. Бироқ бугун ҳам аэропортнинг секин-аста чўкиши давом этмоқда.

Фото: Wikipedia

Аэропорт очилганидан кейин 1995 йилда Японияда қўрқинчли ер қимирлаши (Кобедаги зилзила) рўй берди. 1998 йилда эса Кансай аэропорти устида тўфон бўлди. Бироқ улкан иншоот ушбу табиат ҳодисаларининг барига бардош берди. Бугун аэропорт йилига 50 мингдан ортиқ ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиб, муваффақиятли тарзда фаолият олиб бормоқда.

Top