12:07 / 15.12.2018
34088

Янгийўллик деҳқонлар: «Ойликсиз ишлаймиз, қулупнай экиб тирикчилик қиламиз, лекин шуни ҳам бузиб ташлашяпти» 

Kun.uz таҳририятига Янгийўл тумани У.Мусаев ҚФЙ Тинчлик массивида ўз фермер хўжалигини ташкил қилиб фаолият юритиб келаётган «Музаффар Камрон Беҳзод» фермер хўжалиги раҳбари Турсунов Хуршиддан мурожаат келиб тушди.

«Музаффар Камрон Беҳзод» фермер хўжалиги ғалла сабзавотчиликка асосланган бўлиб , 2015 йилда ташкил топган. Ҳозирда жами 18,52 га ер майдони мавжуд бўлиб, шундан 16,57 га суғориладиган ерлар. 4 га ер давлат захирасига олинган. 9 га ерга буғдой экилган. 3,57 га ер пахта учун тайёрлаб қўйилган экан.

Мурожаатни ўрганиш мақсадида Янгийўл туманига отландик. Муаммо – массив аҳолисининг катта машаққатлар билан далага экилган қулупнай кўчатлари сектор раҳбари бўлган туман прокурорининг топшириғи билан бузиб ташланяпти.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

«Музаффар Камрон Беҳзод» фермер хўжалиги раҳбари Турсунов Хуршид қуйидагича айтиб ўтди:

“2015 йилдан бери фермерлик фаолияти билан шуғулланиб келаман. Йўналишимиз – ғалла сабзавотчилик. Ўтган йили пахта айтилди, 2,5 гектар ерга йўналишимиз бўлмаса ҳам пахта экдик. Пахта режасини ҳам ғалла режасини ҳам бажарганмиз. Бу йил 9 га ерга ғалла экдик. Туман қишлоқ хўжалик бўлими ва туман фермерлар уюшмасининг кўрсатмаси билан 3 гектарга пахта экилиши мумкин дегани учун, 3 га ерни пахта учун ажратиб қўйганман. Бемалол пахта экишга еримиз бор. Захирага олинган ер ҳам мавжуд. У ерга ҳам пахта экиш мумкин. Ўтган йили захирада бўлса ҳам, 1 га ерга пахта экканман. Лекин туман прокурори биз эккан қулупнайларни буздираяпти. Ишчиларимизга, сувчиларимизга, насосчиларимизга 10-12 сотихдан ер ажратиб берганмиз. Ойлик иш ҳақи беролмаймиз. Чунки пахта билан буғдойдан олинган даромад бунга етмайди. Шунинг учун ишчиларимизга ойлик иш ҳақи ўрнига дехқончилик қилишлари учун ер берганмиз. У ерлар пахта даласи эмас, буғдойдан бўш қолган ерлар. Бузишга сабаб қилиб, бу ерлар пахта даласи учун ажратилган ерлар деб айтишяпти. Биз тушунтиряпмиз пахта даламиз турибди-ку, ортиқча ер ҳам бор, захирага олинган. Бу йил пахтаниям, ғалланиям бажарганман. Банкдан қарзим ҳам йўқ. Фақат ишчиларимдан қарзман. Ишчиларим ўша жойдан даромад олади. Қулупнай экишга ишчиларимиз билан 50 млн сарфлаганмиз. Кечаси қулупнайларимиз тракторлар ёрдамида ҳайдаб ташланяпти»

Шу фермер хўжалигида меҳнат қилиб кун кўраётган Нигора Райимбекованинг гапларига кўра: “Йил бўйи фермер даласида болаларимиз билан ойликсиз ишлаймиз . Фермер ойлик тўлай олмайди. Ойлик ўрнига 5 сотих 10 сотихдан ер беради. Шу ерга қулупнай экиб даромад қиламиз. Бу ерда ишлайдиганлар ҳаммаси пенсионер, бирон жойда ишламайди. Иш топайлик десак бизнинг ёшимиздагиларни 40 дан ошгансан, деб ишга олишмайди. Иш ҳам йўқ. Ишонганимиз шу- қулупнай. 9 ой кутамиз. Президентимиз ҳар доим халқим бой бўлса, давлат бой бўлади, деб таъкидлайди. Лекин булар халқни бой қилишнинг ўрнига, кафангадо қилишяпти-ку… Сабабини сўрасак – айтишмайди. Йил бўйи меҳнат қилсак, бизнинг дардимизни ҳеч ким эшитмаяпти. Қаердан кун кўрамиз, нима қиламиз – ҳеч ким жавоб бермайди. Катта меҳнат ва маблағ сарфлаб қулупнай экамиз , унинг фойдасидан яшаш учун энг зарур бўлган гўшт, ёғ, ун каби маҳсулотларни шу қулупнайга ишониб қарзга оламиз. Энди шуни ҳам бузиб ташлашмоқда”. 

Гап шундаки, фақат бир фермер эмас бир нечта фермерларнинг қулупнайлари бузиб ташланган. Ҳатто бир хонадонда 3 хўжалик яшаб, йил бўйи давлат ерларида меҳнат қилган, иш ҳақига фермер томонидан берилган ерга кун ўтказиш учун катта машаққатлар билан умид қилиб қулупнай экиб, ҳосилига кўз тикиб ўтирган Абдуллаева Динора трактор балонлари остида меҳнати хор бўлишига чидай олмасдан, пайҳон қилинган қулупнайларни ҳовлисига қайта экаётганига гувоҳ бўлдик.

– Ёш боламни ёзнинг иссиғида далага олиб чиқиб, ҳалол меҳнат қилдим. Меҳнатларимга ичим ачияпти. Ахир биз инсонмиз-ку. Яшаш учун, бировга қарам бўлмаслик учун ҳаракат қиляпмиз. Нима қилишимиз керак? Ёмон йўлда юрмасак, ўғирлик қилмасак, бировга оғирлигимиз тушмаса. Уйимда газим ҳам йўқ, қулупнай даромадидан газ ўтказмоқчи эдим, лекин шуни ҳам кўп кўришди, – дейди Динора Абдуллаева.

Шундан сўнг ушбу туманнинг мазкур сектори раҳбари, туман прокуроридан ушбу вазиятга изоҳ сўрадик. Сектор раҳбарининг таъкидлашича, Фермер ерларни ишчиларига ноқонуний бўлиб берган. Бу аслида ҳокимнинг қарори ёки рухсати билан амалга оширилиши керак. Фуқаролар томонидан сарфланган харажатлар, агар улар ариза билан мурожаат қилсалар фермердан қонунда белгиланган тартибда ундириб берилади.

Шундан сўнг туман ҳокимиятига йўл олдик. Афсуски, туман ҳокимини ҳам, қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарини ҳам топа олмадик.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу ҳолатда чигал вазият юзага келган.

Фермер ҳақиқатдан ноқонуний ҳаракат қилган. Ойлик маоши ўрнига ходимларига ер бериш амалдаги қонунчиликка зид бўлиб, сектор раҳбари томонидан қулупнай далаларининг бузилишига айнан шу сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Иккинчи экинга ҳеч қандай шартнома қилинмаган. Табиийки, бундай ҳолатда давлатга ҳам солиқ тўланмайди. Бундай вазиятда келажакда аҳоли пенсия билан боғлиқ муаммоларга ҳам дуч келиши мумкин.

Лекин бизни бир савол қийнайди: ходимларнинг иш ҳақи ҳақиқатдан ундириб бериладими? Кимдан?

Шундоқ ҳам тайинли иш топишнинг иложи бўлмаган бундай аҳоли пунктларида ўзаро келишув асосида ишлаётган аҳоли сих ҳам, кабоб ҳам куймаслиги тарафдори.

Биз кўриб турган бу муаммо асосан полиз эканларини етиштиришга ихтисослашган Янгийўл туманида юз бермоқда. Мурожаатни ўрганиб қайтар эканмиз, қатор саволлар бизни ўйлантириб қўйди. Фермерлар учун барча шароитлар яратиб берилаётган бир вақтда, наҳотки, улар топаётган даромад ходимларининг иш ҳақига етмаса? Йил давомида умуман иш ҳақи олмасдан бир парча ерда дехқончилик қилиш “ҳуқуқи”га эга бўлиш учунгина фермер хўжалигида ишланадими? Вазият фақат пойтахтнинг ёнгинасида бўлган тумандагина шундайми ёки бошқа жойларда ҳам бу каби ҳолатлар кузатиладими?

Раҳматилло Исроилов тайёрлади.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top