“Асосий касбим ҳайдовчи. Енгил ва юк машиналарини бошқараман. Деҳқончилик билан ҳам шуғулланаман. 51 ёшдаман. 2 ўғил, 3 қизнинг отасиман. Икки ўғилни уйлаб жойладим.

Абдуллажон Ёдгоров

10 йилдан бери ҳар баҳор ипак қурти боқаман. Ўзига хос машаққатли иш, лекин даромади яхши. Қурт боққаним учун фермердан вақтинча фойдаланишга ер ва қорамолларга сомон оламан. 30 кун астойдил меҳнат қилиб қурт парваришлаймиз.

Ипак қурти боқиб ўртача 10 млн сўм даромад топаман. Ўтган йили ҳам давлатга 100 кг пилла топширганмиз. Бу йил ўтган йилгидан ҳам ортиқроқ пилла топширмоқчимиз. Пилла йиғиб кам бўлганимиз йўқ. Ипак қурти боққаним учун меҳнат стажи ҳам кетяпти.

Тонг саҳардан Damas’га прицепини улаб олиб далага тут новдаси кесишга жўнаймиз.

То нонушта вақтигача новдаларни бутаб қуртларга берамиз. Тушлик пайтида ҳам бир маҳал барг ташлаймиз. Кечки пайт бўлди дегунча яна далага бориб тут кесамиз. 15 кун қаттиқ меҳнат бўлади. Бу пайтда кира қилишга чиқмайман. Қуртни эсон-омон топшириб бўлганимиздан кейингина таксичиликни яна бошлайман.

Қурт боқиш бир кишининг иши эмас. Оилавий меҳнат ортидан даромадга эришилади. Ҳар мавсумда ҳовлимизда 600-700 боғ тут новдаси йиғилади. Ўтган йилги боқилган қуртдан қолган тут новдаларини ғарам қилиб қўйганмиз. Тандирга ишлатиб эҳтиёждан ортганини сотамиз. Ўтган йили боғини 4 000 сўмдан сотганмиз.

Ёшликдан ипак қурти боқиб бу ишга меҳримиз тушиб қолган.  Эрталаб тонг саҳарлаб уйғониб ишга киришасиз. Ҳаммадан кеч уйқуга кетасиз. Пиллага бостирганингиздан кейин иш суръати бироз пасаяди.

Авваллари ҳар бир хонадонда ипак қурти боқилган. Эндиликда бутун бошли қишлоғимизда 5-6 оила боқяпти холос”.