Light | 15:02 / 20.12.2018
35417
5 дақиқада ўқилади

Барча зарарли санайдиган 8 та маҳсулот, ростдан ҳам улар шундайми?

Кўпчилик томонидан севиб ейиладиган маҳсулотлар истеъмол қилиниши тавсия этилмайдиган ёки ҳатто соғлиқ учун зарарли бўлганлар рўйхатига тушиб қолади. Бироқ улардан қўрқиш ўринлими?

Энг кенг тарқалган “афсоналар”ни ўрганиш, кейин эса уларга ишониш-ишонмаслик борасида бир қарорга келишни таклиф этамиз.

Музқаймоқ

Болаликдан севиб истеъмол қилинадиган десертнинг оммавий ишлаб чиқарилиши унинг сифатига катта таъсир кўрсатди. Болалик таъмини саломатликка зарар келтирмасдан ёдга олиш усули — сут ва табиий маҳсулотлардан фойдаланиш. Ёки уни уйда мустақил тайёрлаш (албатта, уй шароитида тайёрланган музқаймоқ — бу оддий ва ҳатто қизиқарли ҳам). Бундай маҳсулот фойдали аминокислоталар ва микроэлементлар, витамин ва ёғ кислоталарига бой. Шундай экан, хавотир олиш ва бир стакан музқаймоқ истеъмоли учун ўзингизни койишга ўрин йўқ.

Макаронлар

Бу маҳсулот бутун дунёдаги миллионлаб кишиларнинг меҳрини қозонган. Турли фикрларга қарамай, макаронлар ортиқча вазнга сабаб бўлмайди (агар гап буғдойнинг юмшоқ навларидан тайёрланган маҳсулотлар ҳақида бўлмаса). Қаттиқ навлардан тайёрланган тўғри макаронлар қоматга зарар келтирмайди. Бундан ташқари, улар сизга узоқ давом этадиган тўқлик ҳиссини бериб, организмни аминокислоталар ҳамда В ва Е гуруҳи витаминлари билан таъминлайди.

Оқ нон

Оқ нон — тўғри овқатланиш тарафдорлари ва вазнни камайтириш истагидагилар томонидан истеъмол қилинмайдиган маҳсулот. Бироқ ачитқи қўшилмаган нонни оз миқдорда ейиш ҳатто фойдали ҳамдир. Унинг таркибида асаб тизимининг соғлиги учун зарур саналган калий, магний, фосфор ва В гуруҳи витаминлари бор.

Сақич

Кўпчилик турли сабаблар туфайли сақич чайнашмайди. Бекор қилишади! Бу маҳсулот жуда функционал. Сақични овқатдан кейин 20 дақиқа чайнаш овқат ҳазм қилиш ва оғиз бўшлиғининг соғлиғига ижобий таъсир кўрсатади. Ўзининг хусусиятлари сабаб у ошқозон шираси ажралишини яхшилайди, шу орқали овқатни самарали ҳазм қилиш имконини беради. Шу билан бирга тишларни кариес пайдо бўлишига сабаб ҳисобланган овқат қолдиқларидан ҳимоя қилади. Бундан ташқари, сақич мия фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, нафасга мусаффолик беради.

Қаҳва

Мана бир неча ўн йилдирки, бу ичимлик тетиклик ва қувват рамзи саналади. Шу билан бирга айрим кишиларнинг фикрига кўра, у юрак қон-томир касалликларининг сабабчиси. Бейкер институти бу фикрни рад этади. Улар томонидан ўтказилган тадқиқот қаҳва юрак қон-томир тизимига ижобий таъсир қилишини кўрсатди. Ичимликни меъёрида ичиш саратон, диабет каби касалликлар эҳтимолини камайтириб, асаб тизими ва овқат ҳазм қилишга ижобий таъсир кўрсатади. Бироқ бу ерда ҳам чекловлар бор. Қаҳванинг кўплаб ижобий жиҳатларига қарамай, ҳомиладор аёллар ва қон босими юқори бўлганлар ундан воз кечишларига тўғри келади.

Картошка

Картошка тезда вазн тўплашга олиб келиши ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Бунга углеводлар айбдор. Дастлаб углеводларни белни қалин кўринишга олиб келгани учун айблаш ярамайди. Улар мушаклар ва бош мия учун аъло даражадаги ёқилғидир. Қоматингизга зарар келтириши мумкин бўлгани бу — фри картошкаси. Қайнатилган ҳолатда бу маҳсулот гуручга қараганда камроқ калорияли. Шу билан бирга, С, В2, В3 ва В6 витаминларига бой.

Попкорн

Попкорн зарарли ва бефойда маҳсулот ҳисобланади. Бироқ Америка парҳезшунослар ассоциацияси бошқача фикрда. Унинг таркибида, оқсил, олтин, фосфор, темир ва кремний бор. Уй шароитида тайёрланган попкорн фақат ижобий таъсир кўрсатади. Кинотеатрларда харид қилинган қовурилган маккажўхорида ҳам фойдали хусусиятлар бор, бироқ уни тайёрлашда жуда кўп ёғ ва таъм кучайтиргичлар қўшилади. Ана ундан воз кечиш керак.

Туз

Сизни артроз ҳақидаги фикрлар билан қўрқитишганми? Бу касалликни шўр нарсаларни яхши кўриш билан боғлашлари нотўғри. Артроз — тоғай тўқимасидаги патологик ўзгаришлар фонида ривожланадиган яллиғланиш жараёни. Ош тузи бўғимларда тўпланмайди ва касалликнинг келиб чиқиш сабаби бўла олмайди. Аксинча, у организмга сув-туз балансини қўллаб-қувватлашда ёрдам беради. Бироқ уни ҳам кўп истеъмол қилиш ярамайди. Кўп миқдордаги туз семизлик, гипертония ва буйрак касалликларига олиб келади.

Мавзуга оид