15:21 / 23.12.2018
17415

Бизга бугун қандай журналистика керак?

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори вазифасини бажарувчи Комилжон Алламжоновга очиқ хат

Журналистика соҳасида йигирма йилдан ортиқ ишладим. Ёзмаган, ўрганмаган, кўтармаган мавзум қолмади. Топганларимдан йўқотганларим кўп бўлди. Аммо ҳар қандай вазиятда ҳам касбимни яхши кўраман.

Янги йилга саноқли кунлар қолди. Эски йилни тугатиш арафасида ғалвирни сувдан кўтарамиз. Ўз-ўзимизга ҳисоб берамиз. Қилган баъзи ишларимиздан кўнглимиз тўлади, баъзиларидан тўлмайди, улгуролмаганларимизни келгуси йилга қолдирамиз.

Ҳар соҳада ўзгаришлар, ҳар соҳада янгиликлар... баъзида шошиб қолаяпмиз. Журналистларнинг шарт-шароити яхшиланиши ҳақидаги гапларга ҳам бир йилдан ошди. Озроқ натижаларга эришгандекмиз. Эркин сўз, эркин фикр айтиш ҳуқуқи берилди. Шарт-шароитимиз, обуна муаммоларидан ҳам кўра, эркин фикримиз эркин юзага чиқаётганидан кўпроқ хурсандмиз. Аммо бугун журналистикамизнинг аҳволи қай даражада? Бизга қандай журналистика керак?

Бизга яхши журналистларни талашадиган, «мана бу мақолани ёзиб беринг, сизга бошқалардан кўпроқ пул тўлайман», деб савдолашадиган журналистика керак.

«Рим таътиллари» ҳақидаги кинони эслаб кўрайлик-а? Маликанинг ҳаёти ҳақидаги мақола учун муҳаррирнинг мухбир билан суҳбати эпизоди. Албатта моддий аҳволи яхши бўлмаган оммавий ахборот воситалари яхши журналистдан ҳадеб мақола сўрашга истиҳола қилади-да. «Бизга шу мавзуни ёзиб беринг», деб сўрай деса моддий аҳвол чатоқ, шу боис тил қисиқ. Барибир ҳамкасбларимнинг бағрикенг. Мақоласи чиққанига хурсанд. Яхши мақола ёзсангу қалам ҳақи олмасанг ҳам чиққанига хурсанд бўлиб юраверасан. Бу бизнинг беқадрлигимизни кўрсатмайдими? Баъзида газеталар мақола сўраса, «қалам ҳақи беролмаймиз-да опа», деган минг истиҳола билан айтадиган гапларини эшитмаслик учун ҳам дарров рози бўлиб қўя қоламан. Чунки уларни тушунаман. Бизга муҳаррирлари истаган мухбирга истаган мавзуда бошини баланд кўтариб буюртма бериши учун моддий томондан қўллаб- қувватланган журналистика керак.

Чегараларни бузиб яхши бир мақола ёзганингда, чегарани бузиб ўша яхши мақолангни тезда саҳифага қўйиб юборадиган муҳаррирлари бор, сен чегарани бузиб ёзган, раҳбаринг чегарани бузиб қўйган мақола учун қаерларгадир жавоб беришига тўғри келганида сени ҳимоя қиладиган, қўллаб-қувватлайдиган, ҳатто қўлингга кишан урилса олиб қола оладиган уюшмаси бор журналистика керак бизга.

Нимага ҳар бир таҳририятда нари борса икки ёки уч нафаргина яхши журналист бўлади. Қолганлар-чи, улар нега ўзини кўрсатмайди? Агар мана шу иқтидори бор икки уч нафар журналист «эркалатилса», рағбатлантирилса, ноҳақликка учрамаса, яхши ёзган мақолалари учун бошқаларга ўрнак қилинса уларнинг ҳам қалбидаги чўғ аланга олади. Атрофидаги юраги ўт ҳамкасбининг алал-оқибат ҳеч нарсага эришмаётганини кўрган бошқалар албатта ҳафсаласиз бўлиб қолади-да. Бизга мухбир бирор мақола устида столни муштлаб муҳаррири билан тортишиб қолса-да, муҳаррири уни қўйиб юбормайдиган журналистика керак.

Биз танловларга тавсиянома, паспорт нусхаси, маълумотнома ва папка-папка мақола топширамиз. Аммо журналист учун ҳужжатбозликнинг нимага кераги бор? Ахир унинг ёзаётган мақоласи, кўтариб чиқаётган мавзуси барча ҳужжатдан аъло, аниқроқ эмасми?

Бундан ўн йиллар олдин бир опа келиб «мақолаларимни чиқариб беринг, мен «Энг азиз, энг улуғ» танловининг ғолиби бўлганман, энди «Олтин қалам» танловига топширмоқчиман», деди. Исм-фамилиясига қарадим нотаниш, қизиғи, шифокор экан. Газеталардан бирининг бухгалтердан қариндоши бўлган опа «Олтин қалам»ни олдими-йўқми, билмайман. Чунки мен унинг мақоласини қайта ёзгим келмади, аммо бизга ҳар бир газета, журнал, радио, телевидение ва сайтларни мониторинг қилиб борадиган, тинимсиз яхши мақолалари билан танилган журналистларга ўзлари чақириб ғолибликни берадиган, танловларда соф журналистлари ғолиб бўладиган журналистика керак.

Танловларимизга бошқа соҳа одамлари суқилиб киргани етмаганидек журналистнинг елкасига офтоб тегиб четга чиқиш имкони пайдо бўлганда бу ерга ҳам бошқа соҳа одамлари тиқиштирилаётганига нима дейсиз?

Ҳамкасбимиз Назокат Азим Абдуқундузова Хитойга журналистлар бориши керак бўлган қандайдир тадбирга тадбиркорлар журналист бўлиб боргани ҳақида «Facebook» тармоғида қолдирган постини ўқигандим. Турли тадбирларга жўнатилаётганлар орасида журналистлар қолиб бошқа соҳа ходимларини тиқиштираётганлар кимлар? Нега биз журналистлар ҳеч қайси соҳанинг танловларига бош суқмаймиз. Улар уюштирадиган тадбирлардан қолсак қоламизки, аралашмаймиз. Журналистика соҳаси бедарвозаки қўлидан икки қатор ёзиш келган одам бир юмалаб журналистга айланиб қолади.

Нима учун очерк, репортаж, фельетон деган жанрлар йўқолиб қолди, деб айюҳаннос соламиз? Чунки ўзга соҳа одамларининг журналистикага ўралашиб қолгани матбуотни бугун шунгача олиб келди. Ахир фақатгина журналистика факультетида жанрлар бўйича сабоқ берилади. Ҳозирги даврни билмайман, аммо бизнинг давримизга ҳеч ким ўқишга адашиб кириб қолмасди. Ҳамма касбини севиб, истаб журналист бўларди. Эҳтимол шунинг учун ҳам ўша пайти журналистика гуллаб-яшнагандир.

Ҳақиқат жарчиси журналистнинг  пора олишини унчалик ҳам тасаввур қилолмайман. Мутахассислиги бошқа бўла туриб соҳамизни асл журналистлардан ҳам аъло даражада ўзлаштириб кетган журналистлар ҳам кўп орамизда. Аммо таъмагирликни асл журналистдан ҳам кўра ўз соҳасида ишламай бизга келиб қолганлар қилаётгани кўпчиликни ташкил қилади, афсус!

Алам қиладигани — бошқа соҳадан келиб осонгина бизда ишлаб кетиб ҳақиқий касбига содиқ бўлиб ишлаётган журналистларнинг номига осонгина доғ тушираётганидир. Журналистлар таъмагирлик қилса бунинг ёмонлигини билади, билиб туриб қилиши энди жиноят.

Аммо... яқинда институтда дарс бериб юрган бир инсон ишидан ҳайдалгач туппа-тузук мақолалар ёза бошлади. Ҳатто газетамизда чоп ҳам этдик. Охирги келганида ундан эшитган гапларим.... «Мана шу мақолам учун менга ордер беришди», деди у тиббиётга оид бир газетани кўрсатиб. Мен нотўғри эшитиб «орден берарканми бир мақола учун», деб сўрадим. У бўлса: «Мен бир шифохонани танқид қиламан, дегандим, танқид қилмасин деб қўрқиб ордер тўғрилаб беришди», деди.

Биласизми, у бу гапни фахрланиб айтди! Мен унинг уялмаганидан ҳайратландим. Демоқчиманки, бу журналистиканинг нима эканлигини билмаган, ҳис қилмаган одамнинг гапи. Унинг назарида журналистлар шундай қилади ва бу одатдагидек ҳол.

Нима учун журналист бошқа соҳада ишламоқчи бўлса нолойиқ топилади? Гарчи бип-бинойидай ўқитувчиликни эпласа ҳам уни ҳатто ўқитувчиликка қабул қилишмайди. Аммо журналистикага энг бўлмаганда журналист этикаси ҳақида заррача фикрга эга бўлмаган одамни ишга оламиз. Ахир яхши ёзади, дегани ЯХШИ журналист дегани эмас-ку?!

Журналист шуҳрат қозониш учун журналист бўлмайди. У шу касбни танлаганда шуҳрат қозониш ҳақида ўйламайди. Уни фақат мақолалари пиар қилиши мумкин. Ҳамкасбларим орасида яхши ёзадиган, бир неча йиллаб ҳар қандай мавзуни қойилмақом қилиб ёза оладиган лекин ҳеч қачон «мен» деб кўкрагига урганларни кўрмадим. Чунки у шунчаки ишини қилади. Аммо аксарият ҳолларда ўз соҳасини қойиллатмаган, икки-учта шов-шув бўладиган мақола ёзиб қўйган, оломонни ортидан эргаштириб, тинимсиз гапини фақат «мен» билан бошлайдиган, ўзидан қаҳрамон ясаб олганларнинг кўпчилиги журналистнинг қаттиқ нонини ҳатто ушатишга ҳам уриниб кўрмаган. Шундайларга дуч келганимда «кўрмаганнинг кўргани қурсин», деган мақол эсимга тушади.

«Facebook» тармоғида «Халқ билан мулоқот гуруҳи» бор. Яқинда (блогер ҳам дегим келмайди) бир ёш қиз пост қўйибди. Узоқ йиллар шу соҳада ишлаган бир ҳамкасбимизнинг «билмаган нарсамиз ҳақида ёзишимиз керак эмас», деган гапига «Фалончи, сизнинг ростдан ҳам ҳеч нарсага ақлингиз етмайди», деган жавоб қолдирибди.

Афсуски, кўпчилигимиз шундайларга муносиб жавоб қайтармаймиз, гўёки ўзимизга эп кўрмаймиз. Улар эса ҳар доим ёзадиган нарсасини мен деб бошлаб минбардан тушгиси келмайди. Демак, соҳа мутахассисларинигина ишга оладиган, мен ўз соҳамга адашиб кирибман, журналист бўлмоқчиман деганларни қайта ўқитиб, кейин ишга оладиган журналистика керак бизга.

Бизга ҳар куни мақола ёзсанг-да, ёниб-куйиб қайсидир масалани кўтариб чиқсанг-да яна мақола, яна мақола беринг деб талашадиган, ўша кўтариб чиққан масалангга масъул ходимлар ҳеч қандай жавоб бермаганда икки оёғини бир этикка тиқиб қўядиган, мухбирга ёрдам берадиган раҳбарлари бор журналистика керак .

Ўз ички муаммоларимизни ҳал қилолмаётган ҳафсаласиз журналистика билан биз жамиятга қандай ёрдам бера оламиз?

Куни кеча шифокорга юрагидан шикоят қилган ҳамкасбим билан дориларни қидириб дорихоналарга кирдик. Бир дорихонадан дориларни топдик ва ҳисоблатдик. Ёнида 200 минг пул билан дорихонага кирган ҳамкасбим дориларининг жами 800 минг сўмга яқинлигини эшитиб даволанишдан воз кечди.

Биласизми, менга қайси гапи таъсир қилди: «Дўхтирлар ваҳима қилаверади, шунчаки чарчаганман, дам олсам ўтиб кетади», деди ва даволанишдан воз кечди. Соғлиқдан аълоси борми, дерсиз. Аммо у ошиб борса бир ярим миллионлик ойлиги билан қаёққача боради. Фарзандининг контракти учун олинган кредитга ҳар ой саккиз юз минг тўлайди. Демоқчиманки, мана шу ҳамкасбимга ўхшаган журналистлар орамизда жуда кўп. Бизга энг бўлмаганда ўз муаммоси четда қолиб бошқалар учун жон куйдирадиган журналистнинг соғлиғи учун маоши ўнгланган журналистика керак.

Обуна масаласи жуда тортишувларга бой бўлди. Туман газеталарига ҳам тош отилди. Аммо аҳолисининг икки фоизгинаси интернетдан фойдаланиб турган, ҳаттоки шаҳар марказларида ҳам интернет тезлиги аянчли бўлган юртимизда бугун нега туман газеталарини қўллаб-қувватламаслигимиз керак?

Нафақат газеталарнинг моддий аҳволи чатоқ, биз бугун келажак фаровонлигига кўпроқ фойдаси тегяпти, деб умид қилиб турганимиз сайтларнинг ҳам моддий аҳволи яхши эмас. Иш сўраб яқинда таниқли сайтлардан бирига борганимда тўғриси шарт-шароитини кўриб бутун журналистиканинг аҳволи шундай эканлигини ўйладим. Бизга мухбирлари маошидан кўнгли тўқ, вилоятларга чиқиб мақола ёзиши учун ходимининг сафар харажатларини кўтарадиган, шикоят билан келувчилар шарт-шароитимизнинг ночорлигини кўриб «аҳволи шу экан, бизга қандай ёрдам бера оларди», дея руҳи тушиб кетмайдиган шарт-шароитга эга журналистика керак.

Янги йилга саноқли кунлар қолди. Янги йилдан биз журналистларнинг умидимиз катта. Ёш болалар мўъжизага ишонганидек, биз ҳам мўъжизага ишонамиз. Журналистиканинг буюк депрессиядан чиқиб кетишига умид қиламиз...

P.S Жаҳон адабиётини ўқиб улғайдим. Хориж кинолари жону дилим. Аммо ўз ватанимга муҳаббатим чексиз. Адабиёти, санъати, тарихи, урф-одатлари, анаъаналари бетакрор юртимни ютуғу камчиликлари билан қадрлайман. Ҳар қандай вазиятда ҳам четда яшаётганларни оқламайман, уларга ҳавас ҳам қилмайман. (Ўқишга, саёҳатга, малака оширишга кетган ҳамюртларим бундан мустасно.) Турмуш ўртоғимни ўқишидан жўнатмоқчи бўлишганида ҳам, моддий томондан жуда-жуда қийналган пайтларимиз хориждан яхши иш чиққанида ҳам бирор марта кетиш ҳақида ўйламаганман. Аммо, фақат... ҳаётимнинг мазмунига айланган, ҳар куни эрталаб янги мавзу ёзиш иштиёқи билан уйғонишга даъват этадиган касбим,яъни, журналист бўлиб чет элда яшамаётганимга армон қиламан, шу ўй қалбимни кемиради, азоб беради...

Барно СУЛТОНОВА

Top