08:41 / 01.09.2023
4305

Политковская номидаги мукофот ҳибсда бўлган режиссёр ва драматургга берилди

Анна Политковская номидаги 2023 йилги журналистика мукофоти - «Камертон» «терроризмни оқлаганлик»да айбланиб қамоқда сақланаётган театр режиссёри Евгения Беркович ва драматург Светлана Петрийчукка берилди.

Фото: РИА Новости

Москвада 31 август куни журналистика бўйича Анна Политковская номидаги «Камертон» мукофоти топширилди, деб ёзади «Новая газета». 2023 йилда ҳакамлар ҳайъати бир овоздан театр режиссёри Евгения Беркович ва драматург Светлана Петрийчукни «ҳаёт ва саҳнадаги ҳақиқат учун» мукофотлади.

Беркович ва Петрийчук май ойидан бери «терроризмни оқлаганлик»да айбланиб қамоқда сақланмоқда. 31 июл куни суд уларни ҳибсга олиш муддатини 10 сентябргача узайтирди. Берковичнинг турмуш ўртоғи Николай Матвеев ва актриса Мариэтта Цигал-Полишчук улар учун мукофотни қабул қилиб олди. 

«Камертон» махсус мукофоти илк бор «Ты не один» россиялик сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бирдамлик марафонини ташкил этган турли оммавий ахборот воситалари журналистлари жамоасига топширилган. Шунингдек, маросим давомида «Россия армиясини обрўсизлантириш»да айбланиб, бир йилдан ортиқ вақтдан бери ҳибсда сақланаётган петербурглик рассом Саша Скочиленкони қўллаб-қувватловчи аукцион ўтказилди. Кимошди савдосини Екатеринбургнинг собиқ мэри Евгений Ройзман олиб борди. 

Францияда Политковская номидаги янги мукофот таъсис этилди 

«Новая газета»нинг марҳум журналисти Анна Политковская номидаги «Камертон» мукофоти Россия Журналистлар уюшмаси томонидан 2013 йилда таъсис этилган. Ўтган йили бу мукофот НТВ собиқ мухбири ва ҳужжатли фильмлар муаллифи, ҳозирда ўзининг «Скажи Гордеевой» YouTube-канали бошловчиси Катерина Гордеевага топширилди. 

2023 йил 3 май куни Жаҳон матбуот эркинлиги куни Франция Ташқи ишлар вазирлиги ва «Новая газета» журналистик жасорати учун Анна Политковская мукофоти таъсис этилганлигини эълон қилди. Маълум қилинишича, мукофот «уруш, инқироз ёки беқарорлик шароитида» ишлаётган журналистларга берилади. Янги соврин биринчи марта ноябр ойида йиллик Париж тинчлик форумида топширилиши мумкин. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳакамлар ҳайъати таркибига Анна Политковскаянинг болалари - Вера ва Илья Политковскийлар киради. 

Top