07:26 / 06.07.2023
4964

ОАВни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоралар белгиланмоқда

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантиришга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан қатор низомлар тасдиқланмоқда, жумладан:

Болалар учун мўлжалланган энг яхши теле- ва радиолойиҳа танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом. Ҳужжат жами 30 та энг яхши лойиҳани молиялаштиришни назарда тутади. Танлов ҳар йили июль–август ойларида ўтказилади;

Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган энг яхши материал танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом. Биринчи ўрин учун БҲМнинг 50 баравари, 2-ўрин учун 40 баравари ва 3-ўрин учун 30 баравари миқдорида рағбатлантириш белгиланмоқда;

ОАВ ходимларининг хорижий тилларни ўрганиш ҳамда хорижий тиллар бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиш учун имтиҳон топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом. Ҳужжат ОАВда камида 1 йил давомида ишлаб келаётган ходимларнинг хорижий тилларни (инглиз, немис, француз, испан, араб ва хитой) ўрганиш ва имтиҳон топшириш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 15 бараваридан ошмаган қисмини компенсация қилишни назарда тутади. Бунинг учун ходим В2 ёки ундан юқори даражада сертификатни қўлга киритиши лозим.

Жисмоний шахслар томонидан даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига электрон тарзда обуна бўлиш ҳамда даврий босма нашрлар учун обуна харажатларининг бир қисмини қайтариб бериш тартиби тўғрисидаги низом. Ҳужжат болаларга мўлжалланган даврий босма нашрлар учун обуна нархининг 20 фоизи миқдорини, бошқа турдаги нашрларга обуна нархининг 10 фоизи миқдорини қоплаб беришни назарда тутмоқда;

Давлат органлари ва ташкилотлари муассислигида бўлмаган даврий босма нашрларнинг замонавий электрон шаклларини яратиш, уларни модернизация қилиш ва бир йил давомида юритиш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом. Низом билан энг яхши 20 та лойиҳани аниқлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби белгиланмоқда.

Top