Жаҳон | 18:29 / 24.12.2018
16188
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон ўз ижтимоий тармоғини ишга туширди. Бошқа барча ижтимоий тармоқлар блокланди

Туркманистонда «Биз бярде» («Биз шу ердамиз», қисқача номи - «Би-Би») номли ижтимоий тармоқ ишга туширилди. Бу ҳақда 23 декабрь куни Orient нашри хабар тарқатди.

Расмий тақдимот олдидан «Би-Би» иловаси 5 мингдан ортиқ Андроид фойдаланувчиси томонидан юклаб олинди.

Ижтимоий тармоқ тезкор хабарлар, файллар билан алмашиш, барча кўрадиган хабарларни яратиш, уларга фотосуратлар, видеолар ва бошқа файлларни бириктириш имконини беради. Шунингдек, сайт ва иловада олди-сотди бўйича эълонлар учун ҳам функциялар назарда тутилган, уларни нафақат фойдаланувчининг «дўстлари», балки бошқа ташриф буюрувчилар ҳам кўради.

Ижтимоий тармоқдан фойдаланиш қоидаларида айтилишича, фойдаланувчи ёши камида 13 бўлиши керак. Аккаунтидан эълон қилинган ҳар қандай маълумот учун фойдаланувчи жавоб беради. У бошқа фойдаланувчиларни ҳақорат қилмаслик, ортиқча безовталикка сабаб бўлмаслик ва таҳдид қилмасликка мажбур. Таъкидланишича, маъмурият олдиндан огоҳлантирмасдан ва тушунтиришсиз хизматлар кўрсатишни тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга.

Facebook, Twitter, Instagram, Одноклассники ва ВКонтакте каби хорижий машҳур ижтимоий тармоқлар Туркманистонда блоклаб қўйилди. Блокни четлаб ўтиб, хорижий ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтган кишилар махсус хизматларга «суҳбат учун» чақирилиши мумкин. 

Мавзуга оид