17:44 / 26.12.2018
31441

ОАВ: Қорақалпоғистоннинг Шуманай туманида қутурган шақал одамлар ва уй ҳайвонларига ташланмоқда

Иллюстратив фото

 Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани Бегжап ОФЙ ҳудудида шақаллар қишлоқда яшовчиларга ташланган. Фуқаро Юсуп Қурбанов ва Анвар Жолдасбаевга шақал ташланиб, тишлаб олган. Натижада икки фуқаро ҳозирда Шуманай тумани тиббиёт бирлашмасида қутуриш касаллигига қарши даволанмоқда. Бу ҳақда Makan нашри хабар берди.

Kar24 сайтининг хабар беришича, юқоридаги икки кишидан ташқари Шуманай туманидаги Қарабайли ОФЙда қутурган шақал қишлоқда яшовчи аёлга ташланиб, тишлаб олган. Аёл зудлик билан касалхонага етказилган. Текшириш натижасида шақал қутурганлиги аниқланган. Бу ҳақда Шуманай тумани ҳокимининг ўринбосари маълумот берган.

Маълумотда айтилишича, туман ҳокимияти овчилар гуруҳини тузиб, қутурган шақалларни отишни топширган. Бундан ташқари, агар кимда-ким шақални отиб ўлдирса 50 минг сўм ваъда қилинган. 

Қўшимча маълумот, ўтган йили Шуманай тумани Дўстлик байроғи ва Деҳқонобод ОФЙларда бир гуруҳ болаларни қашқирлар талаганди.

Makan хабарига кўра, шақаллар уй ҳайвонлари – товуқлар, қўй-эчкиларга тез-тез ҳужум қилишмоқда.
 
Бу бўйича ҳали ҳеч қандай расмий маълумот берилгани йўқ.

Top