Жамият | 12:55 / 06.03.2024
30262
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда маст эркак мактабга болта кўтариб келди

Уни Миллий гвардия қоровул ходими тўхтатиб қолган. У мактабда ишловчи турмуш ўртоғи билан гаплашиб олмоқчи эканини айтган ва ичкарига киритилмаганидан кейин жанжал кўтарган.

Фото: Миллий гвардия

4 март куни соат 15:40 ларда Қорақалпоғистон Республикаси Тахткўпир тумани Даўир маҳалласида  жойлашган 4-сонли мактабда, янги жорий қилинган тизимда хизмат ўтаётган Миллий гвардиянинг қоровул ходими томонидан мактабга маст ҳолда қўлида болта билан келган фуқаро тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу фуқаро мактабнинг кириш жойида хизмат ўтаётган қоровул ходимининг бегоналарни мактаб ичкарисига киритмаслиги тўғрисидаги огоҳлантиришига ва талабларига бўйсинмасдан, курткаси ичидан болта чиқариб жанжал кўтариб турган бир пайтда «ташвиш» хабари асосида чақирилган ва етиб келган туман қўриқлаш ходимлари томонидан қўлга олинган.

Олиб борилган дастлабки ўрганишлар давомида ушбу фуқаро, Тахтакўпир туманида яшовчи 45 ёшли фуқаро С.Д. экани, мазкур мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган турмуш ўртоғи Р.Б.ни кўришга келгани ва гаплашиб кетмоқчи эканини, қўлидаги болтани эса ўтин чопиш олдидан ўткирлатишга олиб чиққанини маълум қилган.

Фуқаро С.Д. тезкор гуруҳ ходимлари томонидан туман Тиббиёт бўлимига олиб борилиб, спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги бўйича маълумоти олингандан сўнг, туман ИИБ профилактика инспектори билан бирга тегишли хужжатлар расмийлаштирилган ҳолда, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли мастлик ҳолати бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига ётқизилган.  

Ҳозирда ҳолат юзасидан Тахтакўпир тумани ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид