Иқтисодиёт | 18:40 / 29.12.2018
20922
8 дақиқада ўқилади

Қўшилган қиймат солиғининг соддалаштирилган тартиби афзаллиги Япония мисолида

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра, қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинди.

Шу вақтга қадар товар айланмасидан фақат ягона солиқ тўлаб келган тадбиркорлик субъектлари учун қўшилган қиймат солиғи тўлаш масаласида қўшимча билимлар талаб этади.

Боз устига, Республикамиз солиққа тортиш амалиётида ҳозирги кунгача ҳеч қўлланилмаган қўшилган қиймат солиғининг соддалаштирилган тартибда тўлаш амалиётининг жорий этилиши турли саволларни туғдириши шубҳасиз.

Биз дастлаб умумий ҳолатда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш амалиёти ҳақида тўхталамиз, кейин соддалаштирилган тартибда қўшилган қиймат солиғи тўлаш тўғрисида тушунча беришга ҳаракат қиламиз.

2019 йилдан бошлаб товар айланмаси 1 миллиард сўмдан юқори бўлган нафақат юридик шахслар, балки юридик шахс ташкил этмасдан якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний шахслар ҳам юридик шахс сифатида рўйхатда ўтиши ва қўшилган қиймат солиғи тўлаши зарур бўлади.

Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ўз номланиши билан ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ёки савдо жараёнида янгидан яратилган қийматнинг бир қисмини давлат бюджетига ундиришни кўзда тутади. Халқаро амалиётга кўра ҚҚС бюджетга тўланадиган суммасини аниқлашнинг асосан учта ҳар хил усули кенг қўлланилади.

1. Ҳисобдан чиқариш усули.

Бу усулга кўра, корхона бюджетга тўлайдиган ҚҚС суммасини сотиб олинган товарлар қийматини сотган товарлар қийматидан чиқариб ташлаб фарқни аниқлайди ва бу фарққа солиқ ставкасини кўпайтириш йўли билан аниқлайди.

2. Ҳисобга олиш усули.

Ҳисобга олиш усули ёки счёт-фактура усули Европа Иттифоқига кирувчи деярли барча давлатларда ва ҚҚС жорий этилган бошқа кўпгина давлатларда қўлланиб келинмоқда.

Ушбу усулга кўра, корхона томонидан бюджетга тўланадиган ҚҚС суммаси сотилган товарларга (хизматларга) ҳисобланган солиқ суммасидан сотиб олинган товарлар (хизматлар) учун тўланган солиқ суммасини чиқариб ташлаш йўли билан аниқланади.

3. Йиғиш усули.

Ушбу усулга кўра, корхона бюджетга тўлайдиган ҚҚС суммасини янгидан ҳосил қилинган қийматлар компонентлари, иш ҳақи, ижара ҳақи, фоизлар ва соф фойдаларни йиғиб, ҳосил бўлган суммани солиқ ставкасига кўпайтириш йўли билан аниқлайди.

Мамлакатимизда бюджетга тўланадиган ҚҚС суммаси ҳисобга олиш усулидан фойдаланган ҳолда аниқланади.

Ушбу усулни аниқ мисолда кўриб чиқамиз. Бу мисолда учта корхона иштирок этади ва улар бир-бири билан ишлаб чиқаришнинг бўғинларида алоқага киришади. Биринчи корхона - темир рудасини қазиб олади ва уни иккинчи -металлургия корхонасига 200 минг сўмга сотади, ўз навбатида металлургия корхонаси қазилмани эритиб, темир маҳсулотини ишлаб чиқаради ва уни учинчи - автомобил ишлаб чиқариш корхонасига 400 минг сўмга сотади. Автомобиль ишлаб чиқариш корхонаси темирдан автомобил ишлаб чиқаради ва уни аҳолига 500 минг сўмга сотади. Масалани содда ҳолда тушунишга осон бўлиши мақсадида бу учта корхона ҳам фақат шу маҳсулотни ишлаб чиқаради, сотади ва сотиб олади деб фараз қиламиз (бу нарса ҳақиқатга тўғри келмасада, ҚҚС ҳисоблашга таъсир қилмайди) ва ҚҚС ставкаси 20 фоиз деб оламиз.

Учта корхона жами 100 минг сўм ҚҚС тўлайди (40+40+20). Бу ерда шунга эътибор бериш керакки, ҚҚС умумий суммаси автомобил корхонасининг оборотдантўлаши керак бўлган солиқ суммасига тенг, чунки автомобил корхонаси ишлаб чиқаришнинг охирги босқичи бўлиб ҳисобланади. Бу ерда тўланадиган ҚҚСнинг учта корхона сотув ҳажмига нисбатан мутаносиб тақсимланиши ҚҚСнинг мазмунини белгилаб беради, унинг оборотдан олинадиган солиққа нисбатан фарқли жиҳатини кўрсатади.

ҚҚСнинг соддалаштирилган тартиби мазмунини тушунтириш учун бир неча йиллардан буён уни кенг қўллаб келаётган Япония тажрибасига мурожаат қиламиз. ҚҚС Японияда истеъмол солиғи деб юритилади. Бу солиқ 1989 йилнинг 1 апрелидан 3 фоизли ставкада жорий этилган бўлиб, ҳозирда 8 фоизни ташкил этади ва алоҳида “Истеъмол солиғи тўғрисидаги қонун” асосида тартибга солинади.

Жуда кичик корхоналарни солиқ мажбуриятидан халос этиш мақсадида, базис даврида товар айланмаси 10 миллион йенадан кам миқдорни ташкил этган корхоналар жорий даврдаги сотиш, иш ва хизматлари бўйича истеъмол солиғи тўлашдан озод этилади, лекин шунга қарамай ўзининг хоҳишига асосан бу солиқни улар ҳам тўлаши мумкин.

Бир қараганда, нима учун озод этилган корхона ўз хоҳиши билан солиқни тўлаши қизиқ туюлиши мумкин, чунки солиқ тўлашдан озод этилган корхона сотиб олинган материаллар учун тўлаган солиғи ҳисобга олинмай, харажатга киритилиши натижасида фойданинг камайишига олиб келади. Бунда харид қилинган материаллар учун тўланган истеъмол солиғининг жами солиққа тортиладиган тушумдаги истеъмол солиғи миқдоридан чегирилиб ташланиши учун сотиб олинган материалларга тегишли бухгалтерия ҳужжатлари, ҳисоб варақ-фактуралари ва бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлиши лозим.

Шунингдек, кичик ва ўрта бизнес корхоналари учун истеъмол солиғини ундиришнинг соддалаштирилган тизими жорий этилган бўлиб, солиққа тортиладиган даврда истеъмол солиғига тортиладиган тушумнинг миқдори 50,0 миллион йенадан кам бўлган корхоналар ўзининг хоҳиши билан берган аризалари асосида соддалаштирилган тизимга ўтишлари мумкин. Бунда жами тушумдаги истеъмол солиғидан чегириб қолинадиган сумма (ҳисобга олинадиган сумма) фаолият туридан келиб чиқиб белгиланган коэффициентлардан келиб чиқиб аниқланади:

1. Улгуржи савдо корхоналари учун – 0,9 ёки 90 %.

2. Чакана савдо корхоналари учун – 0,8 ёки 80 %.

3. Қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, қурилиш, фойдали қазилмалар қазиб олувчи ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналари учун – 0,7 ёки 70 %.

4. Хизмат кўрсатиш корхоналари учун - 0,5 ёки 50 %.

5. Юқорида келтирилганлардан бошқа корхоналар учун – 0,6 ёки 60 %.

Мазкур коэффициентлар орқали соддалаштирилган тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчи кичик ва ўрта корхоналардан ҚҚС ҳисобланиши бўйича Ўзбекистондаги 20 фоизли ставкадан келиб чиқиб, қуйидаги шартли мисолни келтирамиз.

Юқорида келтирилган мисолдагидек металлургия корхонаси 200 минг сўмлик темир рудасини сотиб олганда 20 фоизли 40 минг сўм ҚҚС тўлаган ва 400 минг сўмлик металлга 80 минг сўм ҚҚС қўйиб 480,0 минг сўмга автомобил ишлаб чиқарувчи заводга сотган. Агар ушбу ҳолатда корхона умумбелгиланган тартибда ҚҚС тўласа, харидордан (автомобил ишлаб чиқарувчи заводдан) олган ҚҚСдан мол етказиб берувчи (руда қазиб олувчи) корхонага тўлаган ҚҚСини чегириб ташлаб 40 минг сўмни (80,0 минг сўм – 40,0 минг сўм) бюджетга ўтказади. Лекин ушбу корхона соддалаштирилган тартибда ҚҚС тўлашга ихтиёрий равишда ўтган бўлса, мол етказиб берувчига тўлаган ҚҚСидан қатъий назар, харидорга тўлаган ҚҚСига нисбатан 70 фоиз (ишлаб чиқарувчи корхоналар учун 70% белгиланган) 56,0 минг сўм чегирма қилади (ҳисобга олади) ва умумбелгиланган тартибга нисбатан камроқ 24,0 минг сўм ҚҚС тўлайди.

Республикамизда ҳам ҚҚС бўйича соддалаштирилган тартибни жорий этилишининг асосий моҳияти - кичик корхоналар учун ҳисобга олинадиган ҚҚСни аниқлаш учун ҳисоб-фактуралар ҳисобини юритиш билан боғлиқ мураккабликларни қисқартиришга хизмат қилишидадир. 

Шуҳрат Тошматов,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

Мавзуга оид