02:46 / 04.01.2019
15739

​Камтар миллиардер: Қандай қилиб Кампрад IKEA фаолиятини йўлга қўйди ва ундан воз кечди?

Фото: Reuters

Бир йил аввал - 2018 йилнинг 27 январь куни Швециянинг Эльмхульт шаҳрида Ингвар Кампрад 91 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Ингвар Кампрад — нафақат оддийлик тимсоли бўлган IКЕА брендини яратган, балки ўз бизнесини юритиш бўйича мураккаб схемани яратган инсон сифатида ҳам ёдда қолган, дейилади Forbes'да.

Ингвар Кампрад 1926 йилнинг 30 мартида Швеция жанубидаги Смоланд провинциясида дунёга келди. Бўлғуси миллиардер эрта болалигида дислексияга йўлиққан бўлишига қарамай, гугурт сотиб, ўзида тадбиркорлик хислатлари борлигини кашф қила бошлади. Бола чегирмага улгуржи харид қилинган гугуртларни қўшниларга доналаб сотса, бироз пул ишлаб олиши мумкинлигини англаб етган. Шундан кейин Кампрад кўп товарлар билан савдо қилган: мевалар, уруғлар, балиқ, янги йил безаклари, канцтоварлар... Савдо шунингдек почта каталоглари орқали ҳам юритилар эди. 1943 йилда 17 ёшга тўлганида Кампрад IKEA компаниясига асос солди. Илк икки ҳарф (IK) — бу тадбиркорнинг исми шарифи бош ҳарфлари, кейингилари (EA) Elmtaryd оилавий фирмаси ва Agunnaryd номларидан келиб чиққан. Беш йилдан кейин Кампрад ўз каталогига маҳаллий ишлаб чиқарувчилар мебелини қўшди. Унга бўлган талаб ишбилармонни шу қадар таъсирлантирдики, тез орада у бутунлай уй учун товарлар билан савдо қилишга ўтди.

IKEA эффекти

Бизнес ўсиб, Кампрад ходимлар ёллади. Улардан бири — Свен Гёте Ханссон — ажойиб ғоя таклиф қилди: шоурум яратиш ва унда мебелларни намойиш қилиш. Шу тариқа Эльмхульт шаҳридаги эски устахона биносида биринчи IKEA маркази пайдо бўлди. Кампрад аста-секинлик билан бегона мебеллар савдосидан узоқлашди, IKEA ўз ишлаб чиқаришини йўлга қўйди, ўзи дизайн ишлаб чиқди.

IKEA ходимларидан бири жойлаш ва мижозга етказиш керак бўлган стол оёғини ечаётиб, ажойиб ғояни ўйлаб топди. Машҳур йиғилувчи мебель шу тариқа ихтиро қилинди, бундай мебель етказиб беришда кўп жой олмаслиги ва тежаш имконини бериши билан кўпчиликка маъқул келди. Харидорларнинг ўзларига мустақил равишда мебель йиғишни таклиф қилиш ғояси ҳам аксарият орасида оммалашди. Биринчидан, бунда IKEA учун йиғиш нархи қисқарар эди. Боз устига, Ингвар ўзи англамаган ҳолда одамларнинг муҳим психологик хусусиятини кашф қилди, кейинроқ олимлар буни «IKEA эффекти» деб аташди.

Маълум бир товар ёки хизматга эга бўлиш учун истеъмолчидан қанча кўп саъй-ҳаракат керак бўлса, улар шунча қадрлидек туюлади.

Бу эффект коммерцияда муваффақиятли қўлланади: шундоқ ҳам қимматбаҳо Hermes сумкасини сотиб олиш учун навбат кутиш, Лондон ёпиқ клублари қаторига кириш учун унинг икки иштирокчисидан тавсиянома олиш зарурати, йиғилиши керак бўлган Lego тўпламлари ва, албатта, IKEA мебели.

Кампрад нафақат мебель йиғишда тежамкорликка риоя қилган, балки ҳаддан зиёд камтарона ҳаёт кечирган ва ўз ходимларидан ҳам шуни талаб қилган. У ўзининг мемуарлари ва интервьюларида самолётдаги парвозлар вақтида эконом-тоифада учишга ҳаракат қилганини таъкидлаган, узоқ йиллар унча қиммат бўлмаган Volvo моделида ҳаракатланган, бюджет меҳмонхоналарда тўхтаган ва фермерлардан бозор ёпилишидан олдин озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилган, шунда чегирмага келишиш имкони бўлар эди. Кампард шунингдек солиқларда ҳам тежаган: у бир неча ўн йиллар давомида Швейцарияда яшаган ва бунинг учун ўз ватанида танқидга учраган. Йиллар ўтгач, New York Times бундай "камтарлик"нинг қизиқарли тафсилотларини аниқлаган: Кампрад Швейцария кўчалари бўйлаб Porsche автомобилида ҳаракатланган, у яшаган уй эса Женева кўли соҳилидаги ҳашаматли вилла бўлган.

Қандай бўлмасин, тежамкорлик IKEA компаниясининг "ДНК"сигача сингиб кетган, компания топ-менежерлари ҳатто қоғоз варақларидан ҳам икки томонлама тўлдириб фойдаланишган. Компаниянинг молиявий ҳисоботларида ҳам бунинг тасдиғини кўриш мумкин (компания оммавий бўлмаса-да, асосий кўрсаткичларини чоп этади). 2018 йилда унинг даромади (товар ва хизматлар сотувлари ҳамда рент даромад ҳисобга олинади) 38,8 миллиард еврони ташкил қилди. 2017 йил охирига бориб ҳисобда тўпланган пул воситалари 23 миллиард еврони ёки активларнинг 43 фоизини ташкил қилган, ишлаб чиқаришдаги ва омборлардаги товарлар эса - атиги 4 фоиз. Бу дунёнинг 50 давлатида 422 та дўконга эга ретейлер учун ниҳоятда кичик кўрсаткичдир. Компания иш юкламаси нуқтаи назаридан жуда қулай вазиятда: нақд пул кўринишидаги хавфсизлик ёстиқлари компания барча қарзларидан ўн бараварга ошади.

Кампрад мероси

Кампрад пул қизғанмаган ягона йўналиш юристлар хизмати бўлган, у Forbes журналига берган интервьюсида бунга иқрор бўлган. Траст ва фондлардан иборат IKEA мураккаб бошқарув тизимини яратиш учун Кампрадга юристлар керак эди. 1980-йилларда у бизнес-салтанатни икки таркибга ажратган: IKEA Group ва Inter IKEA. Биринчиси аксарият IKEA дўконлари ва савдо марказларини бошқаради. Inter IKEA эса бренд франчазери — IKEA савдо маркаси ва концепцияси эгаси сифатида фаолият юритади. IKEA Group'га келганда, 2000-йилларда ёзилганидек, гап айланманинг 3 фоизи ҳақида кетмоқда. IKEA Group'нинг якуний эгаси Нидерландияда рўйхатдан ўтган Ingka Stichting Foundation трасти, Inter IKEA — Interogo Foundation— Лихтенштейнда.

Бундай мураккаб тузилмага қандай ҳожат бор эди? The Economist журнали 2006 йилда Кампрад трастлар ва хайрия жамғармалари ёрдамида солиқ юкламасини минималлаштираётгани ҳақида ёзган. Глобаллашувга қарши ташкилот ҳисобланган Attac (трансмиллий корпорациялар томонидан тўланувчи солиқлар ҳажмини ўрганувчи ташкилот) ҳисоб-китобларига кўра, IKEA Group'нинг 2012 йилдаги солиқ тўловлари 695 миллион еврони ташкил қилган, бу 17,8 фоизлик умумий солиқ ставкасига мувофиқ келади. Inter IKEA 11,6 фоизга мувофиқ келувчи 58 миллион евро тўлаган.Икки ҳолатда ҳам гап жаҳон иқтисодиётларининг аксарияти учун жуда паст солиқ юкламаси ҳақида кетмоқда. Швециянинг SVT телеканали эса 2011 йилда биргина Interogo трастининг ўзи IKEA'га 2031 йилда солиқлардан 2,3-3,2 миллиард евро тежаш имконини бериши ҳақида маълум қилган. Кампраднинг ўзи унинг асосий мақсади IKEA'ни "ютиб юборилиш" ёки эҳтимолий оилавий можаролардан ҳимоялаш эканини таъкидлаган.

Ingka ва Interogo трастлари ўз ўзига тегишли, бироқ Кампрадлар оиласи бошқарув органларида жойларини сақлаб келмоқда (Ингварнинг ўзи 1998 йилда IKEA оператив бошқармасидан узоқлашди, 2013 йилда директорлар кенгашидан бутунлай кетди). Расман икки траст ҳам - хайрия трастлари, лекин уларнинг маблағларининг аксарият қисми IKEA бизнесига реинвестиция қилинади — солиқ иқтисодиёти элементларидан бири шундан иборат бўлган, деб ёзган The Economist. Умуман олганда, IKEA хайрия фаолияти билан ҳам шуғулланади, аммо бироз кичикроқ кўламда. Масалан, Ingka Stichting ҳар йили 150 миллион еврони шериклик дастурларига йўллайди. 2017 йилда 40 миллион евролик энг йирик грантлардан бири "яшил" энергетика соҳасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватловчиWe Mean Bussines коалициясига берилган. Interogo тўғридан-тўғри ва венчур инвестициялар билан шуғулланади ва кўчмас мулк ҳамда молиявий активларга маблағ киритади.

"Мен IKEA'ни бериб юбордим. Биз компания назоратини сақлаб қолдик, бироқ энди пулимиз йўқ", - дея Кампраднинг сўзларини келтиради ишбилармоннинг биографларидан бири.

Аслида бунчалик эмас. IKEA қайта тузилганидан кейин Кампраднинг оиласи Нидерландия Антил ороллари таркибига кирувчи Кюрасао солиқ бандаргоҳида рўйхатдан ўтказилган Ikano Group холдингини ўзида сақлаб қолган. Ikano Group банк ва суғурта бизнеси, девелопмент билан шуғулланади, шунингдек Жануби-Шарқий Осиё ва Мексикада IKEA фаолиятини ривожлантиради. Холдинг Кампраднинг ўғиллари Йонас, Матиас ва Петерга тегишли. Forbes уларнинг биргаликдаги молиявий ҳолатини 3,3 миллиард долларга баҳолайди. Бу 2011 йилда Кампраднинг юристлари қўлларида ҳужжатлар билан IKEA асосий бизнеси трастларга ўтказилганини исботлай олмаган вақтда Forbes томонидан келтирилган 28 миллиард доллардан анча кам, албатта. Бу рақамларни шунингдек тежамкор Кампрад ўлимидан кейин қолдирган бойликка ҳам мутлақо таққослаб бўлмайди. Швеция солиқ органларидан хабар берилишича, у 1,24 миллиард швед кронасини (тахминан 140 миллион долларни) ташкил қилади. Бу сумманинг ярмини IKEA асосчисининг уч ўғли ва уларнинг асраб олинган синглиси Анника Кильблом тенг миқдорда бўлишишади. Иккинчи ярми эса Швецияга деярли совға қилинади ва мамлакат шимолий минтақаси Норрланд корхоналарини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Top