Ўзбекистон | 14:53 / 16.09.2021
17656
4 дақиқада ўқилади

«Бу фақат таклиф сифатида айтилган» — Даврон Ҳидоятов президентга тақдим этилган, лекин очилиши рад этилган IKEA мебел фабрикаси ҳақида

Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов 12 сентябр куни журналистлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда Ўзбекистонда очилиши айтилган, бироқ ҳалигача иш бошламаган IKEA мебел фабрикаси тақдири ҳақида гапирди.

«Тадбиркорларимиз бу масалани таклиф сифатида айтган. Биз ҳам шунақа таклиф бор, деб айтганмиз. Лекин ҳеч қаерда айнан шу лойиҳа бўлади, деган сўз айтилмаган. Масалан, сиз тадбиркорсиз, эртага ёнимга келасиз ва мана бунақа лойиҳам бор, дейсиз. Шундан сўнг, биз у салоҳиятли инвесторми-йўқми, қанча пул тикмоқчи, деб суриштирамиз.

Бу масала ҳалигача очиқ, ёпилгани йўқ. Барибир улар бир кунмас бир кун келади. Бу табиий жараён, чунки Европада ишчи кучи қиммат. Бугун бўлмаса эртага келади», деб Даврон Ҳидоятовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Масаланинг барча шартлари тўлиқ келишилмасдан, ҳатто энг бирламчи шартлар ҳал этилмасдан туриб бу лойиҳа нега президентга тақдим этилгани ҳақидаги саволга ҳоким IKEA компаниясининг Туркиядаги ваколатхонаси билан музокаралар олиб борилгани ва томонлар дастлабки келишувга эришгани боис тақдимотга киритилганини айтди.

«Биз ҳеч қачон йўқ нарсани президентга айтмаймиз. Ҳамкорларимиз Швециядаги IKEA (Inter IKEA Systems B.V.) компаниясининг Туркиядаги ваколатхонаси билан музокара олиб бориб, келишувга эришган. Бу ўзидан ўзи бўлмаган.

Гигант компанияларнинг турли давлатларда бўлимлари бор. Компаниянинг Туркиядаги бўлими билан [ўртамизда] келишув бўлган. Матбуотда шов-шув бошлангандан кейин, улар бизга бу нарса жамоатчиликка ошкор бўлиб кетишини кутишмаганини айтишди. Ҳар бир компаниянинг ички йўриқномалари бор. Бу масала дастлабки музокаралар натижасидаги келишув бўлган», деган Даврон Ҳидоятов.

Шу йил 8 феврал куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятдаги инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишганди. Тақдим этилган лойиҳалар орасида мебел ва уй жиҳозлари ишлаб чиқариш ҳамда сотиш бўйича дунёдаги энг йирик компаниялардан бири – IKEAнинг Чирчиқ шаҳри ҳудудида қуриладиган мебел ишлаб чиқариш фабрикаси лойиҳаси ҳам бор эди.

Фото: Gazeta.uz

Лойиҳага кўра, янги завод ер майдони 5,5 гектарни эгаллаши, унинг йиллик мебел ишлаб чиқариш қуввати 3,2 минг донани, маҳсулот қиймати эса 17 миллион долларни ташкил этиши айтилганди. Лойиҳанинг умумий қиймати 52 миллион доллар, шундан қарийб 42 миллиони хорижий инвестиция ҳисобига тўғри келиши, шунингдек, 22 ой ичида ишга тушадиган фабрикада 320 та янги иш ўрни яратилиши айтилган эди.

Тарқалган шов-шувларга аниқлик киритиш мақсадида Kun.uz таҳририятининг IKEAга юборган сўровига жавобан компания Ўзбекистонда фабрика очиши ҳақидаги маълумот тўғри эмаслиги, Ўзбекистонда бизнес қилиш ёхуд завод қуриш IKEA Industry ёки IKEA Supply business’нинг ҳозирги ё яқин келажакдаги режасида йўқлигини маълум қилганди.

Фото: Gazeta.uz 

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳамза Жумаев таҳририятга Чирчиқ шаҳри ҳудудида қуриладиган IKEA мебел ишлаб чиқариш фабрикаси лойиҳаси бўйича музокаралар аввалги вилоят ҳокими Рустам Холматов даврида олиб борилганини айтганди.

Тошкент вилояти ҳокими лавозимида ишлаган Рустам Холматов президентнинг шу йил 30 январдаги фармони билан ишдан олинган, унинг ўрнига Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган Даврон Ҳидоятов тайинланганди.

Шавкат Мирзиёевнинг 8 февралдаги ташрифи пайтида 2021 йилда Тошкент вилоятида 1 миллиард 624 миллион долларлик 355 та лойиҳа ишга туширилиши бўйича тақдимот қилинган. Тақдимотни амалдаги ҳоким Даврон Ҳидоятов ўтказган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид