14:31 / 07.01.2019
47537

«Эшитиш қобилияти сусайса, қайта тикланмайди». Мутахассис қулоқчинлар зарари ҳақида

Ҳозирги кунда қулоқчинлардан кенг фойдаланилади. Уйда, йўлда, ишхонаю таълим масканларида, метро ва автобус каби жамоат транспортларида – хуллас, ҳамма жойда ҳаммабоп: ёшлар ҳам, катталар ҳам бирдай фойдаланиши мумкин. Бу электрон жиҳознинг кўпгина қулайликлари билан бир қаторда баъзи нохуш оқибатлари ҳам бор. Kun.uz «Соғлом ҳаёт» лойиҳаси кўп учрайдиган касалликлар ҳақида фойдали маълумотлар беришда давом этади. Шифокор Дилбар Ҳамиджонова билан суҳбатда қулоқчинларнинг инсонга етказадиган зарарлари тўғрисида сўз боради.

Дилбар Ҳамиджонова, Отоларинголог.

Бугунги кунда иш жараёнимдан келиб чиқиб айта оламанки, қулоқчинларнинг соғлиққа зарарли томонлари ҳақида кўплаб саволлар билан мурожаат қилишади. Қулоқчинларни ишлатиш мумкин эмас деб бўлмайди. Масалан, ёшлар тил ўрганишда фойдаланишади, баъзида ёқтирган нарсаларини эшитишади. Қулоқчинларнинг фойдали жиҳатларини инкор этиб бўлмайди. Лекин меъёридан ошиб кетса, жудаям кўп зарарли оқибатларга олиб келади. Қулоқчинларнинг асосий зарари қулоқнинг эшитиш қобилияти пасайишига олиб келади.

Видео: Tas-IX

Видео: YouTube

Қуйида қулоқчинларнинг баъзи зарарларини санаб ўтамиз.

Биринчидан, у эътиборни бузади.

Иккинчидан, эшитишга салбий таъсир кўрсатади. Яъни, эшитишнинг пасайишига олиб келади. 

Қулоқчинлар қулоғимизда бўлган вақтда келаётган товуш тўлқинларининг масофаси қисқаради. Бу дегани қулоқчинсиз биз нормал ҳолатда ҳаводаги қаршилик билан қулоғимизга етиб келгунича, унинг кучи пасаяди. Қулоқчин таққанимизда эса масофа қисқариб, таъсири баландроқ, кучлироқ бўлади. Натижада, қулоқ ноғора пардасининг кучли тебраниши ва толиқиши ҳисобига эшитиш қобилияти сусаяди.

Қулоқчинларни узоқ муддат тақиб юриш мумкин эмас. Кўпи билан 40 дақиқа ёки 1 соатгача тақиб, ундан кейин ечиб маълум муддатдан сўнг яна тақиш мумкин. Ҳозирда айрим ёшлар қулоқчинлар тақилган ҳолда ухлашади ёки бирон иш қилиш давомида тақиб олишади. Қулоқчинлар қулоқда узоқ вақт қолиб кетганини ўзлари билмай қолишади. Илтимос қилардим, ҳурматли ота-оналар, фарзандларингизга эътибор қилинг. Уларни доим назорат остига олинг.

Бизнинг қулоғимиз 3 қисмдан иборат. Булар: ташқи, ўрта ва ички.

Ташқи қулоқ бу – ташқаридан келаётган тўлқинларни қабул қилиб, уни ташқи қулоқ йўллари орқали ноғора пардасига узатиб беради. Ноғора пардасининг орқа қисмида учта қулоқ суякчалари бор. Булар болғача, сандонча, узангича, дейилади. Мана шу суякчалар куч билан ишлаши натижасида толиқиш пайдо бўлиб, кейинчалик бу бош мияга узатилаётган тўлқинларнинг кучли зарбидан нерв фаолияти сусайишига олиб келади, яъни эшитиш пасаяди. Шунинг учун қулоқчинларни узоқ муддатга тақиш мумкин эмас.

Йўлни кесиб ўтаётганда ҳам кўпчилик қулоғига қулоқчин тақиб олади. Буларнинг салбий тарафи биринчи ўринда эътибор бузилиб, қоидани бузишади. Келаётган автомашина сигнал берса, эшитмай қолиши мумкин. Демак, қулоқчинлардан меъёрида фойдаланмаслик нафақат эшитиш қобилиятини пасайтиради, балки инсон ҳаёти учун ҳам хавфли.

Бундан ташқари, қулоқчинларни баланд овозда эшитиб кетишларини кўп учратамиз. Қулоқчиндан чиқаётган товуш ҳатто атрофдагиларга ҳам эшитилади. Мусиқа эшитиш мумкин, лекин максималдан сал пастроқ даражада эшитиш мақсадга мувофиқ. Шуниси ачинарлики, эшитиш нервининг рецепторлари тикланмайди. Улар кучли овоз таъсирида ўла бошлайди. Ҳозир билинмаслиги мумкин, лекин ёш ўтиши билан таъсири яққол сезила бошлайди. Эшитиш қобилиятининг пасайиб кетишини олдини олиш учун ўша ҳолатни сақлаб қолиш мумкин холос, лекин олдинги ҳолатига қайтариб бўлмайди.

Top