Об-ҳаво исиши билан гормонал ўзгариш бўлиши табиий ҳол. Бу, айниқса, иқлими совуқ ўлкаларда яшовчиларга кўпроқ билинади. Лекин Ўзбекистонда ҳам феврал ойининг иккинчи ярми деярли қуёшсиз ўтгани ва мартнинг дастлабки ҳафтасида ҳарорат бироз кўтарилганини (жорий ҳафтада эса яна ёғингарчиликлар кузатилмоқда) ҳисобга олсак, кайфият ўзгариши ўзбекистонликлар учун ҳам сезилган бўлиши мумкин.
Гап шундаки, кўз тўр пардамиз ёруғликка биринчи реакция қилади ва унинг миқдорини аниқлай олади. Тўр парда кўзнинг ички қатлами бўлиб, оптик нерв орқали мия билан боғланади.
Мияга борган хабардан сўнг гормонларда ўзгариш бўлади, уйқу ритми ва кайфият ўзгаришига таъсир қилувчи мелатонин гормони миқдори меъёрлашади ва кайфиятимизда яхши томонга ўзгариш сезамиз, қишки кунларга қараганда камроқ ухлашга мойил бўламиз.
Ҳаммасига ҳаво айбдорми?
Инсоният доимий равишда атроф-муҳит томонидан турли таъсирларни бошдан ўтказади. Жумладан, ҳаво ҳам биз учун аҳамиятли.
Инсоннинг ўзини яхши кайфиятда ҳис қилишига ёрдам берадиган гормонлар қуёш нури таъсирида кўпроқ ишлаб чиқарилади. Шунинг учун ҳам қуёшли кунлар кайфиятни кўтаради.
Лекин булутли кунларнинг кўп бўлиши мелатонин ажралишига таъсир қилади ва хафа кайфият юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Албатта, ёмғир, қорли ҳавонинг тинчлантирувчи хусусияти бор, лекин кетма-кет булутли ҳаво хафалик кайфиятини чақириши мумкин.
Лекин бу ҳаммаси эмас
Лекин об-ҳавоси совуқ, қуёши кам давлатларда одамларда хафалик юқори, қуёшли ўлкаларда эса одамлар стрессдан холи деган хулосага келиш учун об-ҳавонинг ўзи етарли эмас.
Сабаби дунёнинг топ бахтли давлатлари рўйхатида энг бошида Норвегия, Швеция, Канада, Дания ва Финландия каби давлатлар туради. Уларнинг кўпчилиги иқлими совуқ ўлкалар экани ҳисобга олинса, фаровонлик ва илиқ ҳаво ўртасида боғлиқлик борлигига тўла ишониш қийин.
Бир қараганда совуқ ва булутли об-ҳаво билан депрессия ўртасидаги боғлиқлик жуда аниқдай кўринади. Мавжуд қарашлардан бирига кўра, ҳаво булут бўлганда ёмон кайфиятга тушиб қолиш генетик факторга ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Масалан, канадалик ва исландияликларда мавсумий депрессияга чалиниш эҳтимоли пастроқ. Яна баъзилар витамин Дга тўйинган маҳсулотларни истеъмол қилиш ҳам мавсумий ёмон кайфиятдан асрайди, деган фикрда.









