17:18 / 13.01.2019
4405

Абдулазиз Комилов ва Рашид Мередов учрашувида ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди

Фото: ТИВ матбуот хизмати

2019 йилнинг 12 январь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов «Ҳиндистон—Марказий Осиё» мулоқотининг биринчи вазирлар учрашувида иштирок этиш учун келган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан учрашди.

Учрашувда Туркманистон президентининг 2018 йилнинг 23—24 апрель кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.

Вазирлар икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш истиқболлари тўғрисида сўз юритар экан, товар айланмасининг жадал ўсиб бораётганини таъкидлади. Савдо айланмаси ҳажми ўтган йилнинг январь—ноябрь ойларида 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 53 фоизга ошди.

Учрашувда икки давлат бозорларида товар ишлаб чиқарувчилар учун ўзаро қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштириш, минтақада транзит ва транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, туризмни ривожлантириш, Ўзбекистон ва Туркманистонда қўшма тадбирларни ташкил этиш орқали маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни чуқурлаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бўлажак маслаҳатлашув учрашувини муваффақиятли ўтказишдан манфаатдор эканлиги таъкидланди.

Учрашувда Туркманистон элчиси Язгулй Маммедов иштирок этди.

Top