11:31 / 16.01.2019
20003

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи президент томонидан лавозимга тайинланиши белгиланди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти “Иқтисодий жиноятларга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни “Халқ сўзи”да эълон қилинган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган “Прокуратура тўғрисида”ги 746–ХII-сонли Қонунига қуйидаги ўзгартишлар киритилди:

18-модда қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“18-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг жойлардаги бўлинмалари

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тузилади. Департаментга мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт хизматлари кўрсатилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарига тенглаштирилган, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Департамент бошлиғи раҳбарлик қилади.

Департамент бошлиғининг ўринбосарлари Департамент бошлиғининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Департаментнинг марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва ҳудудий бошқармалари бошлиқлари Департамент бошлиғининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Департаментни ва унинг жойлардаги бўлинмаларини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолияти тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади”.

Top