Ўзбекистон | 09:54 / 18.05.2024
3375
5 дақиқада ўқилади

«Жамоат хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва асосий принциплар белгилаб берилмоқда.

Фото: Kun.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “Жамоат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Лойиҳани қабул қилиш зарурати қуйидаги омиллар билан асосланади:

  • биринчидан, жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг ягона тизими мавжуд эмаслиги ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг ушбу соҳадаги ҳамкорлиги етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги жамоат хавфсизлигини таъминлашни бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи субъектлар ҳамда уларнинг ушбу соҳадаги ваколатларини аниқ белгилаб бериш заруратини юзага келтирди;
  • иккинчидан, “жамоат хавфсизлиги”, “жамоат хавфсизлигига таҳдидлар”, “жамоат хавфсизлигига тажовузлар”, “жамиятнинг ҳаётий муҳим манфаатлари”, “жамоат хавфсизлигини таъминлаш субъектлари” каби тушунчаларига изоҳ берилмаганлиги сабабли, уларни амалда қўллашда турли тушунмовчилик ва талқинлар юзага келаётганлиги боис, ушбу тушунчаларга аниқлик киритиш, уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаб қўйиш эҳтиёжи пайдо бўлди;
  • учинчидан, аҳоли гавжум бўладиган жойларининг тури, ҳуқуқий шакли ва уларга аҳолининг ташриф буюриш даражаси турличалиги ҳамда ушбу жойларда жамоат хавфсизлигини таъминлашда бир нечта давлат органлари ва ташкилотлари иштирок этиши боис, улар фаолиятини мувофиқлаштириш ва раҳбарлик ролини белгилаш зарурати вужудга келмоқда;
  • тўртинчидан, жамоат хавфсизлигини таъминлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда юридик ва жисмоний шахслар фаол қатнашиб келаётган бўлса-да, уларнинг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмаганлиги сабабли, ушбу масалаларни қонунчилик ҳужжати даражасида мустаҳкамлаш лозим.

Лойиҳада жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида юзага келадиган муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш мақсадида улар ягона қонун сифатида тизимлаштирилмоқда.

Қонун лойиҳаси 6 та боб ва 43 та моддадан иборат бўлиб, унда:

  • жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва асосий принциплар белгилаб берилмоқда;
  • “жамоат хавфсизлиги”, “жамоат хавфсизлигига таҳдидлар”, “жамоат хавфсизлигига тажовузлар”, “жамиятнинг ҳаётий муҳим манфаатлари”, “жамоат хавфсизлигини таъминлаш субъектлари”, “жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида раҳбарликни амалга оширувчи субъектлар”, “жамоат хавфсизлигини таъминлашга бевосита масъул бўлган субъектлар”, “жамоат хавфсизлигини таъминлашда иштирок этувчи субъектлар” ҳамда “қўриқланиши шарт бўлган маданият, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги объектлар” тушунчаларига таъриф берилмоқда;
  • жамоат хавфсизлигини бевосита таъминловчи субъектлар рўйхати, уларнинг ушбу соҳадаги ваколатлари ҳамда биргаликдаги фаолияти жараёнида ҳамкорлик механизмлари белгилаб берилмоқда;
  • жамоат хавфсизлигини таъминлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг иштироки ёритилмоқда;
  • жамоат хавфсизлигини таъминлашда жисмоний ва юридик шахсларнинг иштироки, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фуқароларни жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб қилиш бўйича чекловлар ўрнатилмоқда;
  • кучайтирилган қўриқловга олиниши лозим бўлган аҳоли гавжум бўладиган объектларнинг рўйхати махсус комиссия томонидан шакллантирилиши ва бундай объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича талаблар ва уларда хизмат ўташ тартиби президент томонидан тасдиқланиши белгиланмоқда;
  • жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этиладиган куч ва воситаларга раҳбарлик қилиш, уларни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш масалаларига аниқлик киритилмоқда;
  • жамоат хавфсизлигини таъминлашда иштирок этувчи фуқаролар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари белгилаб берилмоқда.

Қонун лойиҳаси қабул қилиниши натижасида:

  • биринчидан, жамоат хавфсизлиги соҳасидаги тушунчаларнинг аниқ ва бир хилда қўлланилиши таъминланади;
  • иккинчидан, давлат томонидан жамоат хавфсизлиги соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган сиёсатнинг асосий йўналишлари ҳамда соҳадаги асосий принциплар белгилаб берилади;
  • учинчидан, жамоат хавфсизлигини бевосита таъминловчи ва унда иштирок этувчи субъектларнинг ҳуқуқий мақоми ҳамда ваколат доиралари аниқ белгиланиши натижасида бу борада самарали ҳамкорлик йўлга қўйилади;
  • тўртинчидан, жамоат хавфсизлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг фаол иштироки таъминланади, улар рағбатлантирилади ва бу борада жамоатчилик назорати кучаяди;
  • бешинчидан, кучайтирилган қўриқловга олиниши лозим бўлган аҳоли гавжум бўладиган объектларда хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, фавқулодда ҳолатларнинг олди олинишига хизмат қилади.

Мавзуга оид