01:02 / 17.01.2019
21130

Элдор Шомуродов Осиё Кубогида Максим Шацких бошлаб берган эстафетани давом эттирди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов Осиё Кубогидаги дебютини кетма-кет голлар билан бошлади. У дастлаб илк турда Уммонга қарши баҳсда захирадан майдонга тушиб, ғалаба голи муаллифи бўлди, бу билан асосий таркибга лойиқ эканини исботлагач, Туркманистон билан ўйинни илк дақиқалардан бошлаб майдонда бўлди ва биринчи бўлимда дубль қайд этди.

Tas-IX

YouTube

Ушбу голлари билан 23 ёшли ҳужумчи Ўзбекистон термасининг БАА-2019даги энг ёрқин юлдузларидан бирига айланиб бормоқда. «Ростов» аъзоси ҳозир 23 ёшда. У 1995 йил 29 июнда Сурхондарё вилоятида туғилган. «Машъал» академияси тарбияланувчиси, клуб асосий жамоасида 2011 йилдан тўп сура бошлаган. 2015 йилда «Бунёдкор» аъзосига айланди ва Осиё Чемпионлар лигасида дебют қилди.

Ўша йили Элдор Янги Зеландияда ўтган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган; бешта ўйиннинг барчасида қатнашиб, Ҳондурас ва Фижига қарши учрашувларда гол киритганди.

Шомуродов «қалдирғочлар» сафидаги икки ярим йиллик фаолияти мобайнида 83та учрашувда майдонга тушиб, 22та гол муаллифи бўлди. У 2017 йил ёзида «Ростов» билан 4 йиллик шартномага имзо чекди. Бу билан ҳужумчи «Бунёдкор»дан Россия чемпионатига ўтган илк футболчи бўлди. Элдор РПЛнинг жорий мавсумида 14та турда қатнашиб, 5 маротаба асосий таркибдан жой олди ва ҳозирча фақат битта гол билан чекланмоқда.

Шомуродовнинг миллий терма жамоадаги дебюти ҳам 2015 йилга тўғри келади. Ўшандан буён у 30та ўйинда 9та гол муаллифи бўлди.

Қайд этиш лозим, кетма-кет тўртта Осиё Кубогидан буён Ўзбекистон терма жамоасининг бир нафардан футболчиси дубль муаллифи бўлишга эришиб келмоқда. Максим Шацких (2007), Улуғбек Бақоев (2011) Сардор Рашидов (2015) шулар жумласидан. Аммо ҳозирга қадар ҳеч қайси футболчи Осиё Кубоги финал босқичида ҳет-трик қайд этганича йўқ. Шомуродовда куни кеча Туркманистонга қарши баҳсда бундай имконият бор эди.

Эҳтимол, айнан Элдор терма жамоада узоқ кутилган тўпурар ҳужумчига айлана олар?

Шомуродовда энг кўп ўткир пас, Шукуровда узатмалар аниқлиги ва энг кўп марта тўпни йўқотган футболчилар

Top