Жамият | 15:15 / 18.01.2019
23449
5 дақиқада ўқилади

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати суриштирувчиси ҳақми?

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, Генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ЎзА'га берган интервьюсида «Биз Интернет тармоқларини мунтазам равишда кузатиб бориб, ички ишлар ходимларига нисбатан билдирилган ҳар бир фикрнинг асослилигини текшириб, синчковлик билан ўрганиб боряпмиз. Сафимизни нопок ходимлардан тозалашга қаратилган тадбирлар келгусида ҳам қатъият билан давом эттирилади» дея таъкидлаган эди.

Ушбу суҳбат эълон қилинган айни шу кунларда таҳририятга келиб тушган мурожаатлардан бири эътиборимизни тортди. Унда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати суриштирувчисининг қонунларга нисбатан беписандлик билан муносабатда бўлаётганлиги ҳақида баён этилади. 

Мурожаатга кўра, 2018 йил 22 ноябр куни соат тахминан 21:00 ларда Юнусобод туманининг Амир Темур кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган “Lacetti” русумли, оқ рангли давлат рақам белгиси 40 545 FBA бўлган автотранспорт воситаси ҳаракатини ўзгартириб, рулни ўнг томонга кескин буриши натижасида параллел ҳаракатланиб кетаётган “Spark” русумли автотранспорт воситасининг ён томонига урилган, ташқи куч таъсирида бошқарувни йўқотган “Spark” автомашинаси ўзининг ўнг томонида ҳаракатда бўлган “Nexia 1” русумли машинага урилган.

Йўл транспорт ҳодисаси натижасида ҳар уччала автомашина ҳам техник шикастланган. Ҳодисадан сўнг 40 545 FBA бўлган автотранспорт воситаси ҳайдовчиси барча айбни тўлиқ ўз бўйнига олиб, етказилган зарарни қоплаб бериш эвазига ЙҲХХга хабар бермасликни илтимос қилган. Бунга ишонган “Spark” ва “Nexia 1” автомашиналарининг ҳайдовчилари унинг ортидан устахона сари ҳаракатланишган. Бироқ шу вақтда “Lacetti” ҳайдовчиси қочиб кетиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Жабрланган ҳайдовчилар берган хабар бўйича, ҳодиса шу кунинг ўзида ички ишлар органлари ходимлари томонидан жойида ўрганилиб, чизмалар чизилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. “Spark” ва “Nexia 1” автомашиналари ҳайдовчиларининг ҳайдовчилик гувоҳномалари олиб қўйилган ва иш ҳужжатларига қўшилган.

Тўпланган ҳужжатлар Тошкент шаҳр ИИББ Йўл ҳаракати доирасидаги ҳуқуқбузарликлар билан курашиш бўлими суриштирувчиси Салахиев Равшан Тохиржоновичнинг иш юритувига қабул қилиб олинган ва бугунги кунга қадар суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.

Эътибор берган бўлсангиз, ҳодиса содир бўлганига қарийб 2 ойга яқин вақт ўтган бўлишига қарамай суриштирув ишлари бугунги кунга қадар давом этмоқда, шикоятнинг асосий сабаби ҳам шунда.

Ваҳоланки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 305-моддасига кўра маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш мазкур ишни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишга оид бошқа материаллар олинган кундан бошлаб ўн беш кунлик муддат ичида кўриб чиқилади.

Бундан ташқари мазкур қоида Адлия вазирлигида 2011 йил 5 июлда 2240-сон билан рўйхатга олинган “Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 27-бандида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Мурожаатда баён этилишича, суриштирувнинг дастлабки бир ойида ҳодиса жабрланувчилари бир неча бор суриштирув жараёнларига жалб этилган бўлишига қарамай, ҳуқуқбузарни топишнинг амалий чоралари кўрилмаган. Жабрланувчиларнинг суриштирув жараёнларидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Тошкент шаҳар ИИББга йўллаган шикоятлари ҳам самара бермаган.

Энг қизиғи, дастлаб суриштирувчи 40 545 FBA давлат рақам белгиси регистрациядан ечилгани ва бошқа бирорта автотранспорт воситасига қайта расмийлаштирилмагани ҳақида маълумот берган.

Бироқ, “Spark” русумли автотранспорт воситаси ҳайдовчисининг мустақил изланишлари самара бериб, 40 545 FBA давлат рақами берилган автомашинанинг дараги чиқди. Маълум бўлишича, ушбу давлат рақам белгиси “QO’QON KARVON YO’LI” масъулияти чекланган жамиятига қарашли бўлган, айнан оқ рангли “Lacetti” русумли автомашинага рамийлаштирилганлиги аниқланган.

Жамият раҳбари билан телефон орқали боғланиб, ҳайдовчи ҳақида батафсил маълумотлар олинган. Жабрланувчи томонидан ҳуқуқбузарга оид тўпланган барча маълумотлар суриштирувчи Р.Салахиевга тақдим этилган.

Шунга қарамай, суриштирув органи томонидан ҳуқуқбузарни топиш ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарор қабул қилиш чоралар кўрилмаган.

Шу ўринда, қатор саволлар туғилади, ҳақиқатдан ҳам маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш МЖтКда белгилангани каби 15 кун ичида кўриб чиқилиши керакми, балки суриштирувчида истисно ҳолатларда суриштирув муддатини бир ярим ёки икки ойгача узайтириш ҳуқуқи бордир, ҳикоямизда қаламга олинган вазиятда ҳам суриштирув шунча муддатга чўзилиши асослимикин?

Балки, суриштирувчи аллақачон тегишли қарорни қабул қилиб ҳам бўлган, фақат жабрланувчилар бундан бехабар қолиб кетгандир. Яна ким билсин...

Дилшод Абдуқодиров, ҳуқуқшунос

Мавзуга оид