22:25 / 24.01.2019
13166

Япониянинг Осиё Кубогидаги мағлубиятсиз серияси яна узайди (фотогалерея)

Япония терма жамоаси Осиё Кубоги чорак финали доирасида Вьетнам билан баҳс олиб борди ва пенальтидан урилган ягона гол эвазига кейинги босқичга чиқди.

Шу тариқа, «самурайлар» қитъа биринчилиги финал босқичларидаги мағлубиятсиз сериясини 16та ўйинга етказишди. Япония сўнгги марта 2007 йилги Осиё Кубоги яримфиналида Саудия Арабистонига ютқазган эди (2:3). Ушбу терма жамоа шундан кейинги 16та ўйиндан 12тасини ғалаба билан якунлади, 4та дуранг қайд этди. Кучлар тенг келган баҳсларнинг учтаси плей-офф босқичига тўғри келади: японлар шунча маротаба пенальтилар сериясида қатнашган бўлиб, уларнинг фақат биттасида рақибдан кўра омадлироқ чиқишган.

Ушбу мағлубиятсиз серия 2007 йилги Осиё Кубогидаги учинчи ўрин учун баҳсда бошланган бўлиб, ўшанда японлар Жанубий Корея билан 0:0 ҳисобини қайд этишган, пенальтилар сериясида эса ютқазишганди. Жамоа 2011 йилда чемпионликка эришган, 2015 йил эса яна футбол лотереясидаги омадсизлик сабаб БААга имкониятни бой бериб, чорак финалдаёқ курашни тўхтатишганди.

Бу галги қитъа чемпионатида Япония гуруҳ босқичида Туркманистон, Уммон ва Ўзбекистон терма жамоаларини мағлуб этди, нимчорак ва чорак финалларда Саудия Арабистони ва Вьетнамдан 1:0 ҳисоби билан устун келди. Ҳадзиме Мориясу қўл остидаги жамоа ярим финалда Хитой–Эрон жуфтлиги ғолиби билан тўқнаш келади.

Top