21:59 / 26.01.2019
6170

Халқаро пресс клубда ёшлар сиёсатига янгича ёндашув ва мавжуд муаммолар муҳокама этилди

Бугун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Медиа марказида «Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати: ислоҳотларнинг янги давридаги муҳим вазифаларга замонавий ёндашув ва муаммолар таҳлили» мавзусида Халқаро пресс клубнинг жонли эфирдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда бир қатор вазирлик, идора ва ташкилот вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан ўтган йил мобайнида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва 2019 йилги иш режага киритилган вазифалар хусусида маълумот берди.

Тизимнинг жорий йилги фаолияти давомида ёшлар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди. Шунингдек, 2018 йилда ташкил этилган «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси ўтган 6 ой мобайнида 3 минг 141 та бизнес лойиҳага жами 403,2 миллиард сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, 19 минг 991 та янги иш ўринлари яратилганлигига алоҳида урғу берилди. Ишсиз ёшлар билан ишлаш, уларни манзилли аниқлаш ҳамда бандлигини таъминлаш мақсадида 1 минг 328 марта меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, 46 минг 62 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланганлиги айтиб ўтилди.

Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган лойиҳалар натижасида содир этган жиноий қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган 456 нафар ёш Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳудудий Кенгашларининг «Ёшлар кафиллиги» асосида суд залидан озод қилиниб, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жиноятчилик 29,9 фоизга, вояга етмаганлар жиноятчилиги эса 37,1 фоизга камайганлиги маълум қилинди.

Top