«2017 йил сентябрдан буён Ёшлар иттифоқи Косон туман Кенгашида ташкилий кадрлар, ахборот-таҳлил масалалари бўйича етакчи мутахассис лавозимида ишлаб келар эдим.

6 ойлик ҳомиладор бўлишимга қарамасдан туман Кенгашининг 2020 йил 29 августдаги фармойишига асосан мен билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 97 ва 100-моддаларига асосан, штат жадвали қисқаргани важи билан бекор қилинди», дейди Лазиза Аллаёрова Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

У бу тизимда 12 йилдан буён ишлаб келаётгани, жамоада ва туман ёшлари ўртасида обрў-эътиборга эгалиги, ишдан Меҳнат кодексига зид равишда бўшатилгани ва ишсиз қолиши ўзи, қолаверса, ҳомиласига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳамда руҳан эзилиб, моддий ва маънавий зарар кўраётгани сабабли 2020 йил 21 сентябр куни Фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро судига ишини тиклаш ва маънавий зарарни ундириш мақсадида даъво аризаси билан мурожаат қилганини айтди.

Маълум бўлишича, даъво ариза ФИБ Чироқчи туманлараро судида кўриб чиқилиб, 2020 йил 22 октябрдаги ҳал қилув қарорига кўра Лазиза Аллаёровани ишга тиклаш, мажбурий прогул даври учун 5,8 млн сўм ҳақ ва 1 млн сўм маънавий зарарни ундириш белгиланган.

  • Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 237-моддасига кўра ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Аммо, Косон туман Мажбурий ижро бюроси 4 ойдан буён суд қарори ижросини таъминлай олмаяпти. Kun.uz мухбири ўзини «Шуҳрат» деб таништирган МИБ ходими билан боғланганида, у бу ишни вилоят МИБ ҳал этиши мумкинлиги, Косон туман МИБ бу бўйича судга жавоб хати юбораётганини таъкидлади.

«Шу кунга қадар Косон туман Мажбурий ижро бюроси ходимлари бир неча марта ўзгарди. Шу боис мени ишга тиклашга оид ижро ҳаракатлари таъминланмади. МИБ туман бўлими мендан ижро варақасини ўз хоҳишим билан қайтариб олишимни сўради», дейди Л.Аллаёрова.

Масала юзасидан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят кенгаши раиси Дилшод Усмонов ҳам изоҳ берди.

«Ушбу ҳолатда суд ижросини таъминлай олмайман. Туманларда 1 нафар ходим учун штат ажратилган. Ёшлар иттифоқи ходимлари Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилгани сабабли қисқартирилган. Туман Кенгаши штатлар жадвали қисқаргани сабабли Меҳнат кодексининг 97-, 100-моддаларига асосан ишдан бўшатилган. Ташкилотимиз республика кенгаши томонидан молиялаштирилиши сабабли моддий зарарни тўлашга ҳам имкониятимиз йўқ. Ушбу ҳолат бўйича амалий ёрдам сўраб марказий кенгашга хат юборганмиз», дейди Дилшод Усмонов.