Ўзбекистон | 16:00 / 19.04.2021
25940
2 дақиқада ўқилади

Ёшлар иттифоқи раҳбариятида лавозим ўзгаришлари амалга оширилди

Шавкат Зайниддинов Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимида иш бошлади.

16 апрел куни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг коллегиал йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилиб, Шавкат Зайниддинов Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланган.

Шавкат Зайниддинов

Шавкат Зайниддинов 1983 йил 21 августда Тошкент вилоятида туғилган, 2006-2010 йилларда Тошкент автомобил ва йўллар институти талабаси бўлган.

У турли йилларда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати тизимларида ва ташкилот тугатилгач, Ёшлар иттифоқининг Сирдарё вилоят бошқармаси раиси сифатида фаолият кўрсатган.

Йиғилишда марказий кенгаш раисининг кадрлар сиёсати бўйича ўринбосари ҳам сайланган. Унга кўра, шу пайтга қадар Ёшлар ишлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаган Шерзод Олимов бу лавозимни эгаллаган.

Шерзод Олимов

Шерзод Олимов 1988 йил 20 июнда Сурхондарё вилоятида туғилган.

Аввалроқ, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Акмал Жумабоев Сергели тумани ҳокимининг биринчи ўринбосарлигига тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

Жумабоевдан кейин ушбу лавозим вакантлигича қолмоқда. Ташкилот матбуот хизматининг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, навбатдаги коллегиал йиғилишда ташкилотга раис сайлаш масаласи ҳам кўрилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид