11:18 / 30.01.2019
48883

Дарсда мудраган болалар – нега мактабларда янги техник имкониятлардан фойдаланмаяпмиз? 

Қўнғироқ чалинди. Эшикдан кириб келган ўқитувчи билан салом-аликдан сўнг болалар ўз ўриндиқларини эгаллашди. Биология дарси бошланди. Собир, одатдагидек, ўзи учун тушунарсиз бўлиб келаётган бир талай терминлардан иборат дарсни «тинглай» бошлади. Ногаҳон кўзи дераза ортига –  дарахт шохида ўтирган чумчуққа тушди. «Қани эди, шу чумчуқнинг ичига кириб, унда кечаётган жараёнларни кўриб бўлса», – ўйлади у ва ўқитувчининг равон нутқидан аллаланиб, ўз одатича, пинакка кетди. Биология дарси давом этарди...                                    

Таълимимиз гўё бир лотерея – омадингиз келса, болангиз яхши ўқитувчи қўлига тушади, келмаса –  бебаҳо даври куяди.

Ҳозир таълим қай кўринишда?

Лўнда қилиб айтадиган бўлсак – болалар синфларга тўпланади ва дарс тинглашга мажбурланади. Ўқитувчи ўз ишининг устаси – ҳақиқий педагог бўлса: болаларни фанга қизиқтириш истеъдодига эга бўлса, табиатан психолог бўлса, сўзи билан болаларнинг хаёлотини узоқларга олиб кетолса, бола тасаввурига «жон» ато этолса – бир манзара, бўлмаса – бошқа. Болангиз шундай устанинг қўлига тушса – омадингиз, бўлмаса... афсус.

Дарс жараёнида бола бир мавзуни яхши тушунолмай қолса – иш чатоқ – кейинги мавзуни ўзлаштиришга қийналади, ундан кейингисида – янада қийналади. Натижада боланинг бу фанга қизиқиши батамом сўнади. Энди у мазкур фан учун ўқувчи эмас, балки синфхонага шунчаки ташриф буюрувчи – «дарсга мажбурланган тингловчи».

Ўқувчиларнинг неча фоизи шундай ҳолатга дучор бўлиб келяпти, деб ўйлайсиз? Бу борада тадқиқот олиб борилмагани аниқ, аммо, бусиз ҳам ҳаммаси бизга аён – кўпчилигимиз ўз вақтида бундай ҳолатга дучор бўлганмиз. Яъни, ўзлаштирилмай қолган мавзу дастидан бирор фанни бориб-бориб ўрганолмай қолганмиз ва... ундан кўнглимиз совиган. Бу дард оммавий тус олган. Буни «қолиб кетган мавзу» эффекти деб атаса ҳам бўлади.    

Хулоса шуки, мамлакат бюджетининг салмоқли қисмини «ейдиган» таълимимиз кўпинча ота-оналар учун бир лотерея бўлиб, жамият учун эса ўз-ўзини овутиш воситаси бўлиб турибди. Мактабларимиз борми – бор, болаларимиз ўқияптими – ўқияпти. Аслида эса олий ўқув юртларига кириш учун болаларни асосан таълимнинг хусусий шакли – репетиторлар тайёрлаяпти. Яна денг, қисқа вақт ичида. Мактаб-чи?

Келинг, аввало «таълим нима?» деган саволга жавоб берайлик.

Таълим – нима у?

Ҳа, азиз ўқувчи, ҳамма томондан «таълим, таълим» деб турилган бир пайтда биз бу сўзнинг асл маъноси нима, деган саволни ўзимизга беришга мажбур бўлиб турибмиз. Зеро, биз таълимнинг асл мақсадини унутиб қўйган кўринамиз.

Модомики, «ўрта таълим» деганда «дунёни англаш»ни назарда тутсак, касб эгаллашни эса олий таълимга нисбат берсак, унда кўзимиз кўникиб қолган ўша – «ўрта таълим» деб атаб келаётганимиз ўз вазифасини бажаряптими – дунёни англатяптими? Биз ўзимиз учун бошқа бир нарсани яратиб олиб, унинг номини «таълим» деб олганимиз йўқми? Болаларимиз мактабларимиздан нимани олиб чиқишяпти? 

Ўзи яшаётган дунё ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлиб, табиий фанларни аввало уларнинг нима учун кераклигини билиб, Ер сайёрасининг қайси нуқтасида, қайси вақтда, қандай ижтимоий воқелик ичида яшаётганини англаб, инсоният олдида турган вазифаларни тушуниб, мактабдан чиқаётган янги авлод манзарасини «таълим» деб аташни лозим деб билсак, таълимимизни ҳақиқий таълим деб атай оламизми? Бизнингча йўқ.  

Бу ҳолат воқеликка – янги техник имкониятлар пайдо бўлган даврга мосми?

Кўз кўрмаган имкониятлар  

XXI аср ўзи билан келтирган технологиялар ёрдамида таълим олиш сифати ва тезлигини бениҳоя ошириш имконияти пайдо бўлди.

Зеро, аввал маълум нарса ёки ҳодиса ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун кўплаб соат оғзаки дарсларни диққат билан тинглаш керак бўлган бўлса, янги имкониятлар билан бир неча дақиқа кўп ўлчамли қизиқарли, жонли тасвирни изоҳлари билан кўриш ва эшитиш кифоя. Тамом! Вақт иқтисод қилинадими? Қилинади! Шунча сарф, уринишлар бефойда кетишининг олди олинадими? Олинади!

Зеро, бунда ахборот оқими қийинчиликсиз, қизиқарли шаклда бола онгига жойлашади – самара бир неча баробар ошади, умр иқтисод қилинади.

Маълумки, сўзлар ёрдамида нарса ҳақида ўзгада тасаввур ҳосил қилиш қийин – истеъдодли педагог бўлмаса бундай уринишлар кўпинча бесамар кетади. Истеъдодли педагоглар эса кам. Ҳолат ачинарли эканини англаш учун оддий мактабларимизнинг оддий ўқувчисига табиий фанлардан бир-иккита савол беришнинг ва ўша – сўралаётган нарсаларнинг дунё учун  аҳамиятини айтиб беришни сўрашнинг ўзи етарли.

Янги имкониятлар билан эса таълим тезлиги ва сифати геометрик прогрессияда ўсиши мумкинлиги аён бўлиб боряпти.

Кўп ўлчамли ахборот

Айтайлик, дарсда инсон ички аъзолари ўрганиляпти. Аъзолар ҳақида, уларнинг қандай ишлаши ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун кўплаб соат оғзаки дарсларни тинглаш керак. Дарс давомида айтилган гапларнинг маъносини ўша – аъзоларни кўрмасдан туриб чақиш керак. Ахборот ўзлаштиришнинг бундай услубининг самараси кўплаб шарт-шароитларга боғлиқ. Хуллас – қийин бу – бундай ахборот «бир ўлчамли». Аксаримиз 10 йил ўрта мактабда ўқиб, танамиз ҳақида деярли ҳеч нарса билмаймиз.    

Янги имкониятлар билан эса самара бир неча баробар ортади – ахборот бола миясига осон жойлашади. Кўп ўлчамли тасвирлар бунда жуда қўл келади, масалан, мана бундай видео:

Бу биргина мисол эди. Мазкур видеода овозли изоҳлар йўқ. Аммо уни овозли изоҳлар билан бойитса ҳам бўлади, албатта. 

Энди бир тасаввур қилайлик – ҳар бир мактабда мана шу каби қўлланмалар ёрдамида болаларга атроф-дунёнинг барча томонлари ёритилса, болалар мактаблардан ўзлари яшаётган дунё ҳақида атрофлича тасаввурга эга бўлиб чиқишса.

Воқеликни ҳис этадиган авлод    

Ҳаётда дуч келинадиган муаммоларнинг аксари инсон воқеликни билмаслиги, ҳис этолмаслиги билан боғлиқ. Масалан, ўзининг танаси ҳақида ҳеч нарса билмайдиган, унинг қандай ишлаётгани ҳақида тасаввури йўқ одам соғлом турмуш ҳақидаги тавсияларни кўпинча бажармайди. Нега? Чунки танани соғлом тутиш ҳақида айтилаётган гаплар у учун мутлақо хаёлий нарсалар – аниқ предмет билан боғланмаган. Аниқ билим ва тасаввурга эга бўлмаган одам учун бундай гаплар – шунчаки бефойда ташвиқот.

Ана энди ўз танаси ҳақида, унинг қандай ишлаши ҳақида болалик чоғидаёқ – юқоридаги видео каби қўлланмалар ёрдамида аниқ тасаввурга эга бўлган одамни кўз олдимизга келтирамиз. У қанча таом зарарсиз ошқозонига сиғишини, қай ҳолатда ухласа, умуртқа поғонаси тўқималарида қон яхши айланишини ва шу каби муҳим нарсаларни билиб олади. Чунки, у ўз кўзи билан буларнинг сифатли ва ҳаракатли (жонли) тасвирини кўрган – билади.

Ўрта таълим бундай – ўз танаси ҳақида тасаввурга эга авлодни етиштириб чиқарса, соғлиқни сақлаш тизимига ҳамда дори-дармонга қилинаётган сарфлар камаяди – пулларни бошқа ишларга сарфласа бўлади. Касалликлар дастидан инсонлар ҳаётининг мазмуни салбий томонга ўзгаришини, чекиладиган азобларни айтиб ўтиришнинг эса ҳожати йўқ.

Бу биргина мисол эди, холос. Танани билишнинг фойдасини мухтасар келтирганимиз, қайта таъкидлаймиз, бир мисол эди.  

Мисолдан олинадиган масал     

Юқоридаги битта мисолдан тегишли хулоса қилиб, уни бошқа фанларга хаёлан «татбиқ» қиламиз ва ҳозирги манзарамиздан тубдан фарқ қилувчи манзарани – мактаблардан ўзини ва атрофини англайдиган авлод етишиб чиқиши манзарасини ҳосил қиламиз... Ўзгача бир манзара, шундай эмасми?

Шу билан бирга, нега ҳануз эски услубда – янги техник имкониятлардан фойдаланмаган ҳолда – зиёни фойдасидан кўп бўлиб турган хос оғзаки дарсларни тинглашга болаларни мажбурлаб ўтирибмиз, деган савол туғилади.  

«Бундай қўлланмаларни ишлаб чиқариш катта харажатни талаб қилади» – деган иддаога  жавобан «билимсиз авлодни етиштириб бераётган ҳозирги таълимга ҳар йили маблағ сарф қилинмаяптими?» – деган савол билан жавоб берамиз. Битта сифатли кўп ўлчамли видеоқўлланма барча мактабларга тарқатилади ва ҳар йили ишлатилади – миллионлаб болаларда ёритилган мавзу бўйича яққол тасаввур ҳосил бўлади. Юқорида келтирилгани каби қўлланмани синфхонада кўрган бола ички аъзолар ҳақида кўрганини умрбод эслаб қолади. Ўқитувчисининг қўшимча саволлари ёрдамида эса кўрганлари хотирасида янада мустаҳкамланади.

Ўқитувчига ёрдам

Кунига 5-6 соат 45 дақиқадан оғзаки дарс ўтиш оқибатида ўқитувчининг қаттиқ толиқиши – ҳақиқат. Толиққан ўқитувчи дарс сифатини юқори тутиши мушкул. Бу ҳам ҳақиқат. Дарс аввалида 10-15 дақиқалик сифатли видеоқўлланмани ўқувчиларга намойиш қилиш эса ўқитувчи толиқишини бирмунча камайтиради. Дарс эса қизиқарли, мароқли жараёнга айланиши учун омил пайдо бўлади. Намойиш пайтида ўқитувчи ўзининг устидан ишлаши, ўқувчиларга бериладиган саволларни тайёрлаши, қолаверса аввалги дарсдан кейин бироз дам олиши ҳам мумкин бўлади. Дам олган ўқитувчининг кайфияти яхши бўлади ва дарс сифатига ижобий таъсир қилади.

Таълим танқид қилинганда кўпинча «бир ўқитувчи шунча болага бирдек эътибор беролмайди-да!», ёхуд «ўқитувчи битта, ўқувчи фалонта!» – дейишади. Техник имкониятлар айнан шу каби муаммоларга ечим бўлади.

Керак бўлган нарсалар – видеоқўлланмалар ва ҳар бир синфхона ўқув доскаси олдида битта катта телевизор. Ва, ишончимиз комилки, ўрта таълим сифатида жиддий ижобий ўзгариш содир бўлади.  

(давоми бор)

Шокир Шарипов

Top