21:30 / 01.02.2019
28005

Венесуэла инқирози: Воқеалар ривожи учун 4 вариант

Фото: Getty Images

Хуан Гуайдо «муваққат президент» сифатида қасамёд қилиши Венесуэлада яна бир марта беқарор вазиятни юзага келтирди. Аммо бу сафар вазиятга халқаро ҳамжамият аралашмоқда.

АҚШ томонидан янги санкциялар қўлланиши, хусусан Венесуэланинг асосий даромад манбаи бўлмиш нефть соҳасига қўлланган санкциялар Николас Мадуро маъмурияти учун жиддий босимдир.

Қолаверса, Гуайдо халқни янги намойишларга чорламоқда.

Кейинги бир неча ҳафта ичида барчаси ҳал бўлади. Би-би-сининг Лотин Америкаси хизмати (BBC Mundo) вазиятдан чиқишнинг 4 эҳтимолий вариантини келтирди.

1. Барчаси ўз ҳолида қолади

Фото: Getty Images

Эҳтимоли кам бўлса-да, Мадуро ўз ўрнида қолиши ҳам мумкин.

АҚШ Венесуэладаги нефть компанияси - PDVSA билан муносабатларда санкциялар жорий этди. Мамлакат учун ягона даромад манбаи билан бундай вазият юзага келиши ўйин қоидаларини ўзгартиради.

«Бу мамлакатдаги умидсизликни кучайтиради. PDVSA ўз нефти учун бошқа харидорлар топишига тўғри келади», деган Жон Ҳопкинс университети профессори Стив Ҳанке.

Айни вақтда Венесуэла нефти экспортининг 40 фоизи АҚШ ҳиссасига тўғри келади. 

Barclays банки таҳлилчилари Алехандро Арреаза ва Мануэль Коэн ҳам Ҳанке билан ҳамфикр.

«Венесуэланинг АҚШ бозорларига тобелиги бу мамлакат иқтисодини Дональд Трамп маъмурияти ташлайдиган қадамларига тобе қилади», дейилади ҳисоботда.

Ҳанкенинг ҳисоблашича, янги харидорлар Венесуэла нефти учун аввалги нархлардан пастроқ нархларда тўлашади, улар шунингдек, АҚШдан узоқроқдаги масофада бўлиши аниқ ва бу трансфпорт харажатларини кўпайтиради.

«Венесуэла энди сотаётган ҳар баррель нефти учун камроқ пул олади», деган у.

Нефть сотувидан келадиган пуллар камайиши мамлакатнинг импорт салоҳиятига (жумладан, озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотлари) ҳам жиддий таъсир кўрсатади.

Санкциялар қабул қилингунича ҳам Венесуэлада гиперинфляция юзага келган, бозорларда асосий маҳсулотлар тақчиллиги кузатилганди.

Аммо Куба, Эрон, Сурия ва Шимолий Корея билан рўй берган тажриба шуни кўрсатадики, санкциялар ҳамиша ҳам режим ўзгаришига олиб келмайди.

Мадуро 2013 йилдан буён ҳокимият тепасида ва шу вақтга қадар Россия, Хитой ҳамда Туркия каби иттифоқчилари кўмагида ҳокимиятни қўлда сақлаб келмоқда.

2. Мадуро янги сайловлар ҳақида эълон қилади

Фото: Getty Images

Европанинг етакчи мамлакатлари Гуайдони янги президент сифатида тан олишди ва Венесуэлада янги сайловлар ўтказиш ультиматумини қўйишди. Аммо агар Мадуро бу шартга кўнса, у 2018 йилнинг майидаги сайловлар натижалари сохта бўлганини тан олган бўлади.

Бу эса Мадуронинг иккинчи мандатини шубҳа остида қолдиради (у 2019 йилнинг 10 январидан иккинчи муддатга президентликка киришганди).

Мухолифатчилар охирги сайлов натижаларини бойкот қилишган, бунга асосий номзодлар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилгани сабаб бўлганди.

«Агар Мадуро янги сайловлар ўтказилишига рози бўлса, бу унинг ҳокимиятдан кетишини англатади. У ўз номзодини қўя олмайди, агар шундай қилса, сохталикни тан олган бўлиб чиқади», дейди Испаниядаги Наварра университети сиёсатшуноси Эмили Ж. Бласко.

Уругвайнинг собиқ президенти, Жанубий Америка минтақасида катта обрўга эга бўлган Хосе Мухика БМТ Хавфсизлик кенгаши кузатуви остида янги сайлов жараёни ўтказишни таклиф қилди.

Аммо бу узоқ вақт олади ва қимматга тушади.

«Унга кўра, сайловчиларнинг янги рўйхатини тузиб чиқиш ва сайлов комиссияси таркибини алмаштириш керак бўлади. Унинг ўрнига ҳар бир овозни шаффофлик билан қўлда ҳисоблаб чиқиш керак», деган у.

3. Компромисс

Андрес Обрадор
Фото: Getty Images

23 январь куни Хуан Гуайдо ўзини президент вазифасини бажарувчи сифатида эълон қилганди.

Уни жаҳон ҳамжамияти қўллаб-қувватлади, хусусан, минтақадаги қўшни давлатлар, масалан, Бразилия ва Колумбия.

Мексика эса бундан мустасно. Бу мамлакат президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадор вазиятдан чиқиш учун дипломатик ечим таклиф қилди, у Мадуро ҳукумати ва мухолифат ўртасидаги музокаралар учун воситачи бўлишга тайёр.

«Агар улар диалог ўрнатишни ва тинчлик билан келишишни исташса, биз воситачилик қилишимиз мумкин», деганди Обрадор ўтган ҳафтада мексикалик журналистларга.

Каракаснинг асосий иттифоқчиси Россия ҳам шундай ёрдамини таклиф қилган.

Шу ҳафта давомида Мадуро ҳам мулоқот учун очиқлигини билдирганди.

Аммо мухолифатдагилар қўллари устун келаётганини ҳис қилишмоқда ва музокараларга қайтмоқчи эмаслар. Улар ўтмиш хатоларидан аччиқ сабоқ олишган.

Бир томондан эса АҚШ босим ўтказиб турибди. Америка минтақаси давлатлари ташкилотининг охирги йиғилишида АҚШ Давлат котиби Майк Помпео «дебатлар вақти тугагани» ҳақида гапирди.

4. Ҳарбий аралашув

Фото: Getty Images

«Барча вариантлар кўриб чиқилмоқда», деганди яқиндагина АҚШ президенти Дональд Трамп ундан Мадуро ўз ихтиёри билан ҳокимиятни топширмаса, АҚШ Венесуэлага ҳарбий қўшин киритиши эҳтимоли қанчалик эканини сўрашганида.

Кейин эса ОАВ Трампнинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтоннинг қўлидаги блокнотга туширилган ёзувларни муҳокама қила бошлади.

Журналистлар блокнотдаги «Колумбияга 5000 аскар» ёзувини пайқаб қолишганди. Колумбия эса Венесуэла билан 2 минг километрлик умумий чегарага эга ҳисобланади.

Болтон шунингдек, Каракас билан муносабатлар муҳокама қилинган йиғилишда иштирок этган.

Колумбия Вашингтоннинг минтақадаги энг яқин иттифоқчиси саналади, шунингдек, бу давлат биринчилардан бўлиб Гуайдони президент сифатида тан олган.

Колумбия Ташқи ишлар вазири Карлос Холмс Трухильо эса Болтоннинг қўлидаги блокнотдаги ёзувлар нимани англатишидан бехабарлигини билдирган.

Иван Дуке
Фото: Getty Images

Колумбиянинг амалдаги президенти Иван Дуке Мадуро режимига тоқатсизлиги туфайли, америкалик ҳарбийларни ўз мамлакати ҳудуди орқали Венесуэлага киришига қаршилик қилмайди.

Трамп маъмурияти вакили Луис Висенте Леоннинг ҳисоблашича эса, Мадуро режими қулаши вақт масаласи, ҳарбий аралашувсиз ҳам унинг кетишдан бошқа иложи қолмайди. Унинг айтишича, бунда венесуэлалик ҳарбийлар муҳим роль ўйнашади.

«Иқтисодий инқироз улкан бўлади, аммо бу ерда ҳарбийларнинг таъсири кучлироқ. Айнан улар вазиятда бурилиш ясай олишади», деган у.

Қайд этиш керакки, Венесуэлада кейинги 25 йил ичида 3 марта ҳарбий тўнтаришга уриниш содир бўлган. 

Владимир Падрино Лопес
Фото: AFP

Мамлакатнинг амалдаги Мудофаа вазири Владимир Падрино Лопес Хуан Гуайдонинг ҳаракатларини қоралаган ва армия Мадуро томонида бўлишига ваъда берган. Бу амалдор 2002 йилги исён вақтида ўша вақтдаги диктатор Уго Чавесга садоқатини кўрсатгач, амал пиллапояларидан кўтарила бошлаган. Кейинроқ у бош штаб бошлиғи, кейинроқ Венесуэла Қуролли кучлари бош қўмондони бўлди. 2014 йилда у Мадуро ҳукумати таркибига Мудофаа вазири сифатида киради.

Айни вақтда Мадуро ҳукумати аъзоларининг қарийб ярми ҳарбийлар ёки собиқ ҳарбийлардир. Ҳукумат тақдири ҳарбийларнинг қай даражада садоқатлилигига боғлиқ.

Армияни нима ўз позициясини ўзгартириб, муқобил президентни қўллаб-қувватлашга мажбурлаши мумкин?

1999 йили Уго Чавес бошқаруви вақтида қабул қилинган Конституцияга кўра, армияга кенг ваколатлар берилган ва армиянинг сиёсий роли мустаҳкамланган. Мадуро даврида ҳарбийларнинг ваколатлари янада кенгайди, нефть саноати бутунлай ҳарбий амалдорлар қўлига ўтди.

Мамлакат бугун оғир инқирозга тушиб қолган ва ҳарбийларнинг катта қисми ҳам маҳсулотлар тақчиллигини ҳис қилишмоқда.

Кливер Алкалья
Фото: AFP

«Қуролли кучлар ҳар қачонгидан кўра кўпроқ мамлакатнинг кундалик ҳаётида фаолроқ иштирок этишмоқда», дейди собиқ ҳарбий зобит Кливер Алкалья.

Алкалья ўз вақтида Чавесга садоқат билан хизмат қилган, аммо у Мадуро юритаётган сиёсатга қарши. У мамлакат иқтисодиёти бошқарувига ҳарбийларни аралаштириб бўлмайди, деб ҳисоблайди.

«Мадуронинг ҳокимияти қуролли кучларга ва уларнинг қўмондонига ҳаддан ташқари кучли боғланган. У сиёсатчилар ва фуқаролик жамияти ишончини йўқотгач, ҳарбийларга юзланди. Армия у ўз ўрнини сақлаб қолиши учун жуда муҳим», деган Алкалья.

Келишмовчиликлар ўчоғи

Фото: Getty Images

Юқори ҳарбий доиралар Мадурога яқин бўлсада, қуйи доиралардаги кайфият буткул бошқача бўлиши мумкин.

Қуйи табақадаги ҳарбийлар оддий венесуэлаликлар каби кейинги йилларда иқтисодий таназзул оғирликларини ўз таналарида ҳис қилиб яшамоқдалар.

Юқори мартабали ҳарбий амалдорлардан фарқли равишда оддий аскарлар озиқ-овқат, ёқилғи ва бошқа зарур маҳсулотлар танқислиги ҳамда гиперинфляциядан азият чекишмоқда.

Ўтган ҳафтадаги митинглар вақтида айрим ҳудудларда ҳарбийлар намойишчиларга қўшилгани бежизга эмас. Кейинги ойлар давомида юзлаб ҳарбийлар хиёнатда айбланиб қамоққа ташланган.

Алкальянинг сўзларига кўра, қуролли кучлар ичида норозилик кайфияти кундан-кунга кучайиб бормоқда.

Мавзу
Венесуэлада сиёсий инқироз
Венесуэла президент Николас Мадурога қарши оммавий норозилик намойишлари гирдобида қолди. 23 январь куни, ушбу намойишлар авжига чиққан вақтда Венесуэла парламенти раҳбари Хуан Гуайдо ўзини мамлакатнинг муваққат президенти деб эълон қилди
Барчаси
Top