Жаҳон | 23:15 / 09.02.2024
11109
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла Гайана билан чегарада ҳарбий контингентни оширмоқда — ОАВ 

Аввалроқ, икки давлат раҳбарлари кўп йиллик ҳудудий баҳсни тинч йўл билан ҳал қилишга келишиб олган эди. 

Николас Мадуро / Фото: AFP

Венесуэла Гайана чегарасига енгил танклар, ракеталар билан жиҳозланган патрул катерлари ва зирҳли транспорт воситаларини жойлаштирмоқда, деб ёзди The Wall Street Journal Венесуэла ҳарбийлари ижтимоий тармоқларда жойлаштирган сунъий йўлдош суратлари ва видеоларига таяниб. 

2023 йил 9 декабрда Венесуэла президенти Николас Мадуро қўшни Гайананинг ғарбий қисми, Эссекибо вилоятини мамлакат таркибига қўшиш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Фармонга кўра, минтақа Гайана-Эссекибо деб номланди ва мамлакатнинг 24-штати бўлди. 

15 декабр куни Мадуро ва Гайана президенти Муҳаммад Ирфон Али Эссекибо минтақаси бўйича ҳудудий баҳсни ҳал қилиш ва қурол ишлатмаслик бўйича музокараларни давом эттиришга келишиб олди. 

24 декабр куни Буюк Британия дипломатик ва ҳарбий ёрдам кўрсатиш белгиси сифатида Гайана қирғоқларига патрул кемаси жўнатилганини эълон қилди. 29 декабр куни Венесуэла президенти бунга жавобан Атлантика океанида ҳарбий машғулотларни бошлашни буюрди. 

XIX аср бошида Венесуэла Испаниядан мустақиллигини эълон қилди ва Эссекибо унинг штатларидан бирига айланди. 1899 йилда Париждаги Халқаро арбитраж суди ҳудудни қўшни Британия мустамлакаси Гайанага ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Кейинчалик Гайана ҳам мустақилликка эришди. 2015 йилда ExxonMobil компанияси Эссекибода иккита йирик нефт конини топди. 2022 йилда Гайана иқтисодий ўсиш бўйича жаҳон етакчилари қаторига кирди — 62 фоиздан ортиқ.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид