Спорт | 19:19 / 09.02.2019
24535
6 дақиқада ўқилади

Шайба, клюшка, драйв: хоккей Ўзбекистонга қайтди

Кўпчилик учун Ўзбекистон шароитида муз устида хоккей спорт тури билан шуғулланиш ноодатийдек туюлиши мумкиндир, бироқ юртимизнинг ўз хоккей тарихи бор ва уни севувчилар учун камбэк амалга оширилди.

Муз устида хоккей Ўзбекистон спортида қандай ўринга эга ва у аҳоли ўртасида футбол, бокс каби оммалаша оладими? Қуйида шу саволларга жавоб топишга ёрдам берувчи айрим маълумотларга тўхталиб ўтамиз.

Тарих

"Спартак" жамоаси

Ўзбекистонда хоккей ўтган асрнинг 70-йилларида шакллана бошлаган. Дастлаб 1971 йилда Тошкент шаҳрида ташкил этилган «Спартак» клуби юртимиз ҳудудида хоккей спорти шаклланиши учун замин бўлган. Икки йилдан сўнг «Бинокор» номини олган ушбу клуб ўйинчилари Ўзбекистоннинг ўша даврдаги терма жамоаси асосини ташкил этган.

Шароф Рашидов ўзбекистонлик хоккейчилар билан

Терма жамоа 1978 йилда қишки Спартакиадада дебют ўйинини ўтказган ва жами 3 марта шу мусобақада қатнашган. 70-йилларда «Бинокор» энг жанубий ҳудудда жойлашган хоккей жамоаси сифатида ҳатто Гиннесс рекордлар китобига киритилган.

Орадан ўн йил ўтиб эса «Бинокор» клуби фаолияти тўхтатилади. 20 йилдан кўпроқ давом этган танаффус 2013 йилда клубнинг қайта тикланиши билан ниҳоясига етади.

Ўзбекистонлик хоккей жонбозларининг ҳаракати билан 2018 йилнинг 28 мартида Ўзбекистон хоккей федерацияси ташкил этилди. Унинг бош котиби сифатида ўзбекистонлик илк профессионал хоккейчи, 1976-1988 йилларда «Бинокор» таркибида шайба сурган Шукрулло Каримов иш бошлади.

Бугун

2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев универсал спорт саройи – “Ҳумо” ва унинг ичида қишки спорт турларига мосланган янги муз аренаси қуришга топшириқ берди. Бу иссиқ ва қуруқ иқлимга эга Ўзбекистон ҳудудида ҳам муз устидаги хоккей билан йилнинг исталган вақтида шуғулланиш имконини беради.

 

2019 йилнинг 8 февралида эса хоккей бўйича илк бор Ўзбекистон чемпионати старт олди. Унда тўрт жамоа – «Бинокор», «Тошкент», «Ҳумо», «Семурғ» клублари 2019 йилнинг 17 мартига қадар ўзаро 24 ўйинда муз устига чиқадилар.

Илк тур ўйинлари эса қуйидаги натижалар билан якунланган:

«Тошкент» - «Бинокор» 5:1.

«Ҳумо» - «Семурғ» 4:5.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

 

Эртага

Ўзбекистонда хоккей спорт экипировкаси нархи қиммат (500$) ва мамлакат аҳолисининг катта қисми футбол ва бокс спорт турларининг мухлиси ҳисобланади.

Ўзбекистон хоккей федерацияси ёш хоккейчиларнинг халқаро мусобақаларда иштирокини таъминлаш учун зарур шароитни яратиб бераётгани, Ўзбекистонда хоккейнинг ҳам эътибор марказидаги спорт турларидан бирига айлантириш йўлида ташкилот томонидан қилинаётган ишларнинг барқарор кечиши ҳолатни ижобий томонга ўзгартириши мумкин.

«Ҳумо» аренасининг лойиҳаси

Шунингдек, Тошкент шаҳрида қурилаётган «Ҳумо» аренаси 12 минг томошабинга мўлжалланган универсал спорт мажмуаси бўлиши кутилмоқда. Келажакда бундай мажмуаларнинг Самарқанд, Қарши ва Андижонда ҳам қурилиши режалаштирилгани республика бўйлаб хоккейнинг ҳам босқичма-босқич ривожланишига замин яратади.

Россиялик журналист Олег Дмитрьев Ўзбекистонда хоккей спорт турининг истиқболи тўғрисида фикр билдирар экан, шундай дейди:

«Бинокор»нинг тикланишини кузатиш жуда қизиқ бўларди. Ўзбек жамоаси Астананинг «Барис»и каби Континентал Хоккей Лигасида ўйнаши мумкин. Албатта, легионерларсиз бу жуда мушкул. Масалан, Хитойда беларуслар, шведлар, финлар ва канадаликлар ўйнайди. Уларнинг Тошкентга келиши учун етарлича молиявий имконият мавжуд.

Ўзбекистонлик хоккей ишқибозлари мамлакатда хоккейнинг шиддат билан ривожланишига ишонмоқдалар. Улар бунда ўзбекистонлик ва хорижлик тадбиркорларнинг ушбу спорт турига сармоя киритишига умид қилишмоқда.

Овертайм

Хоккей спорт тури Ер шарининг шимолида жойлашган давлатлар – АҚШ, Канада, Россия, Финляндия, Дания, Норвегияда кенг тарқалган спорт турларидан саналади. Ўзбекистон учун узоқ танаффусдан сўнг хоккейчиларнинг мутлақо янги авлоди билан жаҳон даражасидаги терма жамоани, клубларни шакллантирса бўлади.

Ўзбекистонда илк хоккей чемпионатининг бошланиши нафақат хоккей, балки муз устидаги бошқа спорт турларига ҳам эътибор қаратилиши, уларнинг ривожланишидан далолат беради.

Ўзбекистон брендининг шаклланишида спортнинг ўрни ҳам жуда муҳим. Тўғри, сиёсат ва спортни мутлақо айро тушунчалар дея ҳисобловчилар топилади. Бироқ...

Масалан, АҚШ ва Европа давлатлари аҳолисининг тасаввурига Россия Федерациясининг салбий имижи ўрнашиб бўлганди.

Россиялик хоккейчиларнинг халқаро мусобақалар, турли нуфузли хоккей лигалари – жумладан, Шимолий Америка Миллий хоккей лигасидаги иштироки турли давлатлар фуқароларининг мамлакатга бошқа ракурсдан қарашига сабаб бўлди.

Бундан ташқари, муз устида хоккей билан шуғулланувчи машҳур спортчилар, легионерлар топадиган даромад ҳам анчагина. Миллий хоккей лигасининг (NHL) энг сердаромад ўнлиги ўтган мавсумда умумий ҳисобда 144 млн. доллар ишлаб топган.

Рўйхатнинг биринчи ўрнида турган Коннор Макдэвид ўтган мавсумда 19,5 млн. доллар, россиялик Александр Овечкин эса 14,5 млн. доллар даромад қилган.

Ўзбекистон хоккейи ҳали тоза муз остонасида турибди. Унинг ривожланиши ҳақиқатан иқтидорли ва интилувчан ёшларнинг клубларга адолатли тарзда жалб этилишини талаб қилади.

Шунингдек, чемпионат ва унда иштирок этадиган клублар инфратузилмаси, брендинги тўғри ташкил этилиши ҳам Ўзбекистон муз устида хоккей бўйича яқин келажакда жаҳон даражасига чиқишида муҳим аҳамият касб этади.

Мирзаёр Эркинов

Мавзуга оид