Ўзбекистон | 18:24 / 14.02.2019
8771
4 дақиқада ўқилади

Жаҳон бўйлаб #BoburDay 

Халқимизнинг атоқли фарзанди, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллудига бағишлаб, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида #BoburDay хештеги остида сайил ташкил қилинди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлик ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” маркази Тошкент давлат иқтисодиёт университети кўмагида ўтказилган сайил кун давомида санъат ва маданият ихлосмандлари билан гавжум бўлди. 

Адабиётга, хусусан, Бобур ижодига бефарқ бўлмаган фаол ёшлар, эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари, таниқли кино ва театр актёрлари иштирокида шеърхонлик кечалари, жонли ижрода қўшиқлар гулдастаси, Ҳазрат Бобур сиймосини акс эттирган саҳна кўринишлари намойиш этилди.

–Бобур шоҳларнинг шоири ва шоирларнинг шоҳи. Бу таъриф унинг бутун умрлик сермаҳсул ижоди ва шоҳлик фаолиятидаги адолатпарварлигига берилган энг яхши ва энг муносиб нисбат. Бугунги тадбир эса ёшларни ҳеч бўлмаса, Бобурнинг битта рубоийси ёки ғазалини ёдга олишига туртки беради. Ёшлар, айниқса йигитлар Бобурнинг шижоатли юраги, ватанпарварлик фазилатларини ўзида шакллантира олиши лозим. Бунинг учун нима қилиш керак? “Бобурнома”ни ўқиш керак. Агар “Бобурнома”ни ўзбек ўғлонларининг ҳаммаси ўқиганида эди... Чунки бу асар ўғлонларимизни мард, жасур, довюрак, халқига нафи тегадиган ориятли бўлиб улғайишлари учун муҳим. Бизнинг Ўзбек миллий академик драма театримиз жамоаси ҳам февраль ойида улуғлар ҳаёти ва ижодини акс эттирган спектаклларни саҳнага олиб чиқяпти. Халқимиз, ёшларимиз уларни кўриши, хулоса қилиши керак, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов.

Тадбирда китоб ярмаркалари, нафис ёғоч ўймакорлик ишлари, мўйқалам усталарининг фотогалереяси, карвинг санъати эгаларининг ижодий ишланмаларини кузатган сайил иштирокчилари ҳақиқий санъат асарларидан баҳраманд бўлишди.

–Мен Бобур бобомизнинг жуда кўп портретларини, миниатюраларини чизганман. Композициялар яратганман. Композиция, аслида, маълум бир асардаги кулминацион нуқта, яъни энг ҳаяжонли, таъсирлантирадиган воқеа асосида яратилади. Бугунги сайлда Бобурнинг она юртга муҳаббатини акс эттирадиган “Юрт соғинчи” номли асарим билан қатнашяпман. Бу ерда асосий эътиборни Бобур ва қовунга қаратганман. Асосан, Бобурнинг суратларини чизишда иссиқ ранглардан фойдаланаман. Менинг назаримда, жигарранг, оловранг, қизил ранглар Бобурнинг характерини, ички дунёсини очиб бера олади, – дейди Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ходими Лобар Йўлдошева.

Шунингдек, #BoburDay сайли акциясида нафақат Ўзбекистондаги балки Россия Федерацияси, АҚШ, Буюк Британия, Туркия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Чехия, Латвия, Словения, Словакия, Украина каби кўплаб давлатларда ўқиш ёки меҳнат фаолияти билан машғул бўлган ёш ватандошларимиз ҳам фаол иштирок этиб, ўз иштироки ва муносабатини онлайн тизимда турли ижтимоий тармоқларда акс эттириб борди.

Акция давом этмоқда ва барча ёшларда унда иштирок этиш учун имконият бор.

Гўзалхон Охунова